Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 11 дан: 07.02.2018

* Халқ амалий санъати усталари

Асрий ҳунар давомчиси

Малика опа ҳар куни азонлаб уйғонади. Тезгина ювиниб, болаларга нонушта тайёрлайди, уй юмушларини саранжомлаб, устахонага чопади. Кеча чала қолган ишларни бажариб қўйишга улгурса, ҳали замон укалари келиб, гул босишни давом эттиришарди. Ҳали болаларни мактабга жўнатиши, ўзи ишга бориши керак. Ярим тунда уйқуга кетиб, саҳармардонлаб уй¬ғониш осон эмас. Лекин аёл боши билан рўзғорнинг оғир юки зиммасида қолгани уни иродали бўлишга ундайди. Бир неча йил аввал турмуш ўртоғи оғир хасталикдан вафот этди. Малика опа анча муддат ўзига келолмай юрди. Охири, тақдирга тан берди. Ҳаётини фарзандлари тарбиясига бағишлади.

Уларни ўқитиш, уйли-жойли қилиш керак. Университетда дарс бериб топаётган маоши рўзғорга етади-ю, ортмайди. Шу сабабли опа ишдан бўш вақтида бирор бир ҳунарни ўрганишни мақсад қилди.

— 1996 йили Самарқанд шаҳрида "Читгарлик санъатини қайта тиклаш ва ривожлантириш" мавзусида бўлиб ўтган конференцияда мутахассислар қаторида иштирок этиб қайтдим, — дейди Малика Ҳабибова суҳбат давомида. — Конференцияда ҳунармандчиликнинг бу турини қайта тиклаш лозимлиги қайд этилиб, бир қанча кўрсатмалар берилди. Университетда бадиий графика йўналишида дарс берганим сабабли бу санъатнинг касбимга яқинлигини ҳис қилдим, уни қайта тиклаш учун астойдил бел боғладим.

Читгарлик — амалий безак санъатининг қадимий турларидан бири. Бўз матога ўйма ёғоч қолип ёрдамида гул босиш санъати. Малика опа ота-боболар томонидан ниҳоятда қадрланган бу ҳунарни қайта тиклаш устида изланиш олиб борди.

Читгарлик бир неча босқичда бажариладиган жараён бўлганлиги сабабли машаққатли меҳнат ва сабр-қаноат талаб этади. Мато дастлаб қозонда қайнатиб олинади, унга махсус тезоб билан ишлов берилиб, сўнг қуритилади. Матога ёғоч қолип ёрдамида гул туширилади. Кейин у яна маълум вақт давомида рангли сувда қайнатилиб, чайиб олинади.

— Аввалига ишимиз ҳеч ўхшамади, босган гулларимиз кўпинча чапланиб кетар, ранглар уйғунлашмас, беўхшов дизайн ҳосил бўларди, — дейди опа ўзи ташкил этган читгарликни ривожлантириш лабораториясининг илк фаолияти ҳақида сўзлар экан. — Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар, деганларидек ҳар бир ҳунарнинг ўз сири, қоидалари бўлар экан. Наманганлик уста Солижон Аҳмадалиевдан читгарликнинг меъёрий қоидаларини ўргангач, ишларимиз олға силжиди.

Малика опа ўз маҳсулотлари билан турли тадбирлар, фестивалларда қатнаша бошлади. Москва, Краснодар шаҳарларида бўлиб ўтган кўргазмаларнинг фаол иштирокчисига айланди. Пойтахтимизда ўтказилган мода ҳафталикла¬рида кўплаб дизайнерлар у яратган ¬матолардан ўзига хос коллекцияларни тақдимот қилишди. "Асрий ҳунарлар давомчилари" китобида унинг ҳам номи алоҳида тилга олинди. "Йўқотилган жаннатни излаб..." номли кўргазма лойиҳасида Малика Ҳабибова бу санъатнинг Бухородаги давомчиси сифатида эътироф этилди.

— Малика опа, ҳалол меҳнат инсонни улуғлайди, деган фикрга қандай таъриф берасиз? — сўраймиз ундан.

Опа жилмаяди. Маъсум табассумида бугунидан масрурлик, эртанги кунга ишонч акс этади.

— 34 йил университетда дарс бердим, воҳамизда читгарлик ҳунарининг йўқолиб кетмаслиги учун имкониятим доирасида ҳаракат қилдим ва маълум натижаларга эришдим, фарзандларимни ҳеч кимдан кам қилмай ўстириб, элга қўшдим. Тўрт неварам бор. Ўғлим Дамиржон ҳунарим давомчисига айланди. Мен онаман, бувиман, ўқитувчиман, устозман, ҳунармандман. Буларнинг бари асл орзуларимнинг рўёби, умр бўйи қилаётган ҳалол меҳнатларим самараси, чеккан заҳматларим учун тақдирнинг улуғ инъомидир.

Дилдора ИБРОҲИМОВА, "Бухоронома" мухбири

Тарихни гиламларга муҳрлаб...

Кўп асрлик шонли ўтмишимизни, ота-боболаримизнинг ҳаётини муфассал ўрганишда ёзма манбалар, битиклар, осори-атиқалар, турли безак буюмлари қатори гиламлар ҳам муайян аҳамиятга эга. Шу боис қадимий гилам турларини тиклаш, оммалаштириш, уларни илмий-назарий жиҳатдан ўрганиш миллий ҳунармандчиликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим масалалардан бири саналади. Республика "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бўлими аъзоси, моҳир гиламдўз Хурсанд Шаридинова айни шу йўналишда фаолият олиб боряпти.

Таъкидлаш жоизки, қўли гул устанинг машаққатли меҳнати, изланишлари орқасида кўрк таратиб турган чинакам санъат асарларига разм сол¬ган киши ўзини олис мозийга тушиб қолгандек сезиши аниқ. Улар темурийлар даври манзаралари бўладими, шайбонийлар салтанати лавҳалари акс этган миниатюралар ва ёки ов тасвири бўладими, баридан ўтмиш нафаси уфуриб туради.

Хурсанд опа Шаридинованинг айтишича, у ёшлигиданоқ айнан тарих илмига меҳр қўйган. Эҳтимол, бунинг боиси истеъдод соҳибаси кўҳна Бухорода ҳунарманд оиласида туғилиб, қадим обидалар бағрида ўсиб-улғайганидадир. Гилам тўқиш сирларини ўрганишни ўн икки ёшидан бошлаган иқтидор эгасининг ижодий ишларида айнан тарихий руҳ устунлик қилишини шу билан изоҳлаш мумкин.

Ҳамкасблари унинг ютуқлари замирида чуқур билим ва малака ётганини таъкидлашади. Табиийки, бунга ўз-ўзидан эришилган эмас. Бир неча йиллик изланишлар давомида у диёримизда турли даврларда урф бўлган турфа хил гилам турларини ўрганди. Уларни ўзаро чоғиштириб, ўхшаш ва фарқли томонларини, ўзига хос жиҳатларини топди. Шу йўсин воҳамиздаги гиламдўзлик мактабларига хос қатор услубларни, ХIХ асрда ва ХХ аср бошларида қўлланилган кўпгина ноёб гилам турларини ҳам тиклади. Хорижлик сайёҳлар, соҳа мутахассислари, миллий санъатимиз ихлосмандлари ўша кўҳна йўналишларни ўзлаштириш асносида тўқилган бир-биридан кўркам, жозибадор гиламларни томоша қилиб, омилкор ҳунарманднинг маҳоратига таҳсин ўқиётгани ҳам бежиз эмас.

Дарвоқе, Хурсанд Шаридинова устози Алишер ¬Нав¬рўзовдан ўзлаштирган сабоқлар асосида "Ёмут", "Сариқ", "Теке", "Туркманча", "Эрсари", "Салар" сингари қадимий услубларни замонавий йўналишлар билан уйғун ҳолда оммалаштиряпти.

— Диёримиздаги барча гиламдўзлик мактаблари кўҳна маданиятимизнинг муносиб ворисларидир, — дейди қаҳрамонимиз биз билан суҳбатда. — Ҳар бирининг ўз ўрни, услуби, айрича жозибаси бор. Масалан, андижонча гиламлар асосан жун ва ипакдан тўқилади. Кўк, зангори, оқ тусдаги турли нақшлар ҳам шу услубнинг асосий белгиларидандир. Бухорода эса, яхши биласизки, гилам тўқишда кўпроқ қизил рангдан фойдаланилади. Умуман, ижодий ишларимизда турли ҳудудларга хос усулларни қўллашга ҳаракат қиламиз.

Хурсанд Шаридинованинг ижодий фаолияти чет эллик мутахассисларнинг ҳам эътиборига тушган. Ҳунарманднинг 2012 ва 2014 йилларда Ҳиндистоннинг Нью Деҳли шаҳрида, 2016 йилда эса Польша пойтахтида ўтказилган нуфузли кўргазма ҳамда ярмаркаларда фаол иштирок этгани фикримиз далилидир.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.