Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 11 дан: 07.02.2018

* Туризм ва маданий мерос

Обидалар саёҳатга чорлайди

Буюк ипак йўли чорраҳасидаги Бухорои шариф қадимий ва бетакрор меъморий обидалари билан дунё нигоҳини ¬ўзига қаратган. Тарихий ва архитектура ёдгорликлари зич жойлашган ҳудуди ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган бу шаҳарни томоша қилиш учун ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан минг-минглаб сайёҳлар диёримизга ташриф буюришмоқда. Шунинг учун ҳам республикамиз Президентининг 2017 йил 19 майдаги "Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида сайёҳларга, хусусан, чет эллик меҳмонларга халқимизнинг маданий мероси, асрлар ва насллар мулки бўлган меъморий обидаларини намойиш этиш, бу маънавий бойликларни асраб-авайлаш ҳамда келгуси авлодларга етказиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Бугунги кунда вилоятимизда 660 та моддий маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Уларнинг 231 таси археология объекти, 364 таси архитектура ёдгорлиги,19 таси монументал санъат асари, 22 таси меъморий ансамбль ҳамда 24 таси диққатга сазовор жой ҳисобланади. Ўтган йили вилоятимиздаги барча маданий мерос объектлари хатлов ва инвентаризациядан ўтказилганда 183 та обида таъмирталаб ҳолатда экани аниқланди.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев бултур март ойида вилоятимизга ташрифи чоғида бу ёдгорликларни, хусусан, сайёҳлик маршрутларидаги обидаларни таъмирлаш, шаҳарнинг қадимий ҳудудларини ободонлаштириш, уларни асл ҳолатида сақлаб қолиш, архитектура ёдгорликлари жойлашган манзилларда туристлар учун кўнгилочар тадбирлар, халқ сайиллари , фестиваль ва концертлар ўтказиш бўйича қатор топшириқлар берган эди. Шунга асосан, Бухоро шаҳридаги маданий мерос объектларини таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига республика "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳисобидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу мақсадларга бултур республика бюджетидан 2,6 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Арк қалъаси, Заргарон, Телпакфу¬рўшон ва Саррофон тоқлари, Калон масжиди, Мир Араб, Улуғбек мадрасалари, Чорминор ҳамда Ситораи Моҳи Хосса мажмуида амалга оширилган таъмирлаш, қатор кўчаларда бажарилган ободонлаштириш ишлари натижасида тарихий обидалар янада чирой очди, сайёҳлик маршрутлари ҳудудида туристларга янги қулайликлар яратилди.

Ўтган йилнинг 11 июлида республикамиз Президенти "Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақш¬банд таваллудининг 700 йилли¬гини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида" фармойиш қабул қилди. Мазкур ҳужжатда ушбу тариқат пирларининг зиёратгоҳларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Айни чоғда зиё¬рат туризми маршрутига киритилган Абдухолиқ Ғиждувоний ҳамда Баҳоуддин ¬Нақшбанд меъморий мажмуаларида таъмирлаш ва ободонлаштириш, ҳудудни кўкаламзорлаштириш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.

Вилоятимизга ташриф буюраётган чет эллик сайёҳлар маданий мерос объектларини томоша қилиш баробарида қадимги халқ амалий санъати усталари фао¬лия¬тидаги анъаналарни янада такомиллаштираётган, уларни замонавий унсурлар билан бойитаётган ҳунармандлар ижодига ҳам катта қизиқиш билдирмоқдалар. Шунинг учун ҳам меъморий мажмуалар ёхуд хонадонларидаги устахоналарда самарали меҳнат қилаётган ҳунармандлар томонидан тайёр¬ланаётган халқ амалий санъати асарлари ва сувенирлар хорижий туристлар кўплаб сотиб оладиган маҳсулот ҳисобланади.

Айни чоғда Бухоро шаҳрида сайёҳлик манзилларида бу соҳа ходимлари яшайдиган хонадон ҳамда уларнинг устахоналари ва савдо пештахталари жой оладиган, миллий меъморчилик усуллари асосида бунёд этилаётган икки қаватли уйлардан иборат ҳунармандлар маҳаллалари қурилмоқда. Бу усталар иш ва турмуш шароитларини янада яхшилаш, янги иш ўринлари ташкил этиш баробарида ту¬рист¬ларнинг халқ амалий санъати билан яқиндан танишиш ва ўзларига маъқул бўладиган сувенир маҳсулотларини харид қилиш учун янги имкониятлар яратади.

Хуллас, давлатимиз томонидан Бухородаги маданий мерос объектларини муҳофаза этишга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётгани, меъморий обидаларни таъмирлаш ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш ишлари кўлами тобора кенгайтирилаётгани, воҳа миллий ҳунармандчилиги равнақ топаётгани ҳамда сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиб бораётгани вилоятимизга келаётган маҳаллий ва хорижий туристлар оқимини янада кўпайтириш ҳамда соҳани жадал ривожлантиришга хизмат қилади.

Ботир ШАҲРИЁРОВ, вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.