Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 10 дан: 03.02.2018

Қабристонлар ободлиги йўлида

Ўтганлар хотирасига эҳтиром бажо этиш, уларнинг сўнгги манзилини обод қилиш — халқимизга хос эзгу фазилатлардан биридир. Бу борада вилоятимизда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жамоатчилик ташаббуси, мутасадди ташкилотларнинг қўллаб-қувватлаши натижасида қабристонлар ободлигига баҳоли қудрат эришиб келинмоқда. Шунга қарамай, бу борада ечимини кутаётган муаммолар талайгина, кўпчиликнинг эътиборидан четда қолган манзиллар ҳам йўқ эмас. Бухоро шаҳри мутасаддилари билан галдаги мулоқотимиз шу хусусда бўлди.

— Шаҳар ҳудудида 40 та қабристон бўлиб, улар эгаллаган майдон 113,97 гектарга тенг, — дейди суҳбатдошимиз, Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармаси масъул ходими Улуғбек Тоиров. — Айни чоғда бошқарма ходимлари томонидан сўнгги манзиллар обод¬лиги йўлида анчагина ишлар бажарилмоқда. Баҳор яқинлашиб келаётган айни кунларда бу масканларни ободонлаштириш учун сафарбарлик эълон қилганмиз. Айни чоғда 180 нафар ишчи ўзларига биркитилган жойларда тозалик, саранжом-саришталик билан боғлиқ юмушларни бажаришмоқда. Ҳозир асосий эътиборни қабристонлар атрофини девор билан ўраш, кириш жойларига дарвозалар ўрнатиш, кўкаламзорлаштириш, ҳудудларга ўриндиқлар ўрнатиш каби ишларга қаратяпмиз. Албатта, бунда аҳоли ва ҳомийларнинг кўрсатаётган ёрдами муҳим аҳамиятга эга.

Янги руслар, мусулмонлар ва яҳудийлар қабристонида ҳам ободончилик ишлари авжида. Яҳудийлар мозори ташкил этилганига бир асрдан ошган, унинг майдони 6,9 гектарга тенг. Мазкур манзил байналмилал қабристон бўлгани боис бу ерга ҳар йили хорижий давлатлардан зиёратчилар келиб туришади. Улар марҳумларнинг қабрлари атрофини тозалаб, ёдгорлик тоши ўрнатиб, фарзандлик бурч¬ларини адо этишади. Шу боис бу манзилнинг ободлиги доимо диққат-эътиборимизда. Хорижликлар зиёрат сўнгида мозорнинг орасталиги ва қабрлар ўз ҳолига ташлаб қўйилмаганлигини кўриб, масъулларга раҳмат айтишади.

"Оқмозор", "Оқ масжид" қабристонла¬рида ҳам ободонлаштириш ишлари якунланди. "Асбгардон" зиёратгоҳига дарвоза қурилди. Лекин ҳали бажарилиши керак бўлган ишлар кўлами жуда катта.

Аҳвол билан танишиш жараёнида бунга ишонч ҳосил қилдик. Масалан, Хўжа Исмат қабристони 1,52 гектар майдонни ташкил этади. Назоратчи Салим Маҳмудов раҳбарлигидаги 10 нафар ишчи мазкур манзил тозалиги, ободлигини таъминлашни ўз зиммаларига олган.

— Ҳудудимиз анча обод, — дейди С.Маҳмудов. — Унинг гир айланаси яқинда девор билан тўсилди. Бу ерни ободонлаштириш ишлари учун давлат бюджетидан 80 миллион сўм маблағ ажратилди. Янги дарвоза қурилди. Шўрхок ерда дов-дарахт кўкартириш мушкул бўлса-да, манзарали дарахтлар экишга ҳаракат қиляпмиз.

— Маҳалламиз ҳудудида Хўжа Аловиддин Ғиждувоний қабристони мавжуд, — дейди биз билан суҳбатда Маҳмуд Торобий МФЙ раиси Гуландом Айназарова. — Мазкур қабристон атрофи ўраб олинмаган бўлса-да, тадбиркорларимиз томонидан зарур шарт-шароитлар яратилган. Йўллар таъмирланди. Маросимларни ўт¬казиш учун ёпиқ айвон ва ўриндиқлар қурилди. Суҳроб Қурбонов, Комил ва Ҳомид Фозилов каби тадбиркорлар бу ишларга бош-қош бўлиб ҳомийлик ёрдамини кўрсатишди.

Бухоро шаҳридаги Учқун кўчасида ¬"Ғарибон" қабристони жойлашган. У ёпиқ мозор ҳисобланади. Аммо унинг атрофи ўраб олинмаган, мозорнинг ён-атрофлари обод эмас, хас-хашаклардан тозаланмаган. Ариқ қазиб, дарахт экиш ҳақида эса режа ҳам йўққа ўхшайди. Баҳор яқинлашаётганига қарамай, бу ерда тозалик ва ободончиликка қўл урилмаётгани ачинарлидир.

Бу ҳолатга изоҳ талаб қилганимизда, масъул ходим Улуғбек Тоиров шундай жавоб берди.

— Бу тепаликда жойлашган қабристон ёпиқ мозор ҳисобланади. Уни ё бошқа ҳудудга кўчириш керак, ё атрофини ўраб олиб аҳоли масканидан ажратиш лозим. Бу ҳақда тегишли идораларга мурожаат қиляпмиз.

— Шу ўринда таъкидлаш керакки, — мулоҳазаларини давом эттирди у,— қабристонларда кузатилаётган айрим нохуш ҳолатлар ташвишлидир. Хусусан, кимўзарга қурилаётган ўта ҳашаматли сағаналар, қимматбаҳо нефрит ёки қора мармардан тайёрланиб, одам бўйи келадиган қабр тошлар қўйиш каби ҳолатлар рўй бермоқда. Баъзилар эса яқинларини дафн этиб бўлгач, қабр ёнидан ҳали тирик бўла туриб, ўз сулоласи учун ўзбошимчалик билан сағана қуриш ишларини бошлаб юборадилар. Огоҳлантиришларимизга қарамай, барча эл-авлоди учун ер сотиб олиш тадоригида бўладилар. Аммо бу мумкин эмас. Ер — давлат мулки. Ҳар бир қаричи — қонун ҳимоясида. Уни ўзбошимчалик билан эгаллашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Яна бир гап, зиёратга келганлар қабрлар устига гуллар қўйиб кетадилар, аммо шу билан анча пайт¬гача қораларини кўрсатишмайди. Ваҳоланки, офтобда қовжираган гуллар эртасига бир уюм ахлатга айланиб , қабр устида нохуш манзара касб этиб туради.Марҳумнинг яқинлари тез-тез келиб, қабр атрофини тозалаб туришса, зиёрат давомида ўтиб кетганлар руҳига бағишлаб дуо ўқишса, энг яхши амал шу назаримда.

Ҳадисда: "Эй имон келтирган бандалар! Дуо қилинглар, зиёратга чоғланинглар. Дуо — зиёратнинг мағзи, мўминнинг қўрғони", дейилади. Бинобарин яқинларимиз мангу қўним топган сўнгги манзиллар ободлиги йўлида саъй-ҳаракат кўрсатиб, улардан ҳосил бўладиган савобни марҳумлар ҳақига бағишлаш дунёда энг чиройли амаллардандир.

Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбири

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.