Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 10 дан: 03.02.2018

Алданган қалб нидоси

("Қора туйнук" романини ўқиб)

Ўтган асрнинг 20-30-йилларида халқимиз бошига тушган мислсиз кулфат — аёвсиз қатағон сиёсати қурбонларининг фожиали қисмати ҳақида кўплаб асарлар ёзилган. Уларни ўқир эканмиз, халқимизнинг эрк ва озодлик учун курашиб, улуғ ниятлари йўлида ҳатто жонларини ҳам қурбон қилган, бугунги дориломон кунларимизга пойдевор қўйиб кетган ажойиб фарзандлари тақдири кўз ўнгимиздан кино лентасидай ўтади.

Жабр-зулм исканжасида қолган Туркистонни ёруғ кунларга олиб чиқмоқчи бўлган, ниятлари улуғ, орзулари беҳисоб ватандошларимиздан бири — Файзулла Хўжаев эди. Унинг ҳаёт йўли турли зиддиятлар ва қарама-қаршиликлар занжирига боғланган. У ўз халқининг ҳур яшашини орзу қилиб ўтди.

Вилоятимизнинг умидли ижодкорлари Олим Эшонов ва Юсуф Толибовларнинг "Бухоро вилоят босмахонаси" МЧЖ наш-риёти томонидан чоп қилинган "Қора туйнук" романи буюк давлат арбоби Файзулла Хўжаевнинг аянчли қисмати тасвирига бағишланган. Асарни ўқир экансиз, бош қаҳрамоннинг отувга ҳукм қилинганидан унинг ижроси оралиғидаги икки кунлик руҳий изтироблари, афсус-надоматлари, орзу-армонлари ифодаси билан боғлиқ лавҳалар, мустабид тузум кирдикорлари — кечаги кундан сабоқ чиқаришга, бугунги дориломон кунлар шукронаси билан яшашга даъват этишига гувоҳ бўласиз.

Ҳукм ўқилгандан сўнг маҳкум Файзулла Хўжаевни қамоқ камерасига ташлашади. Шу йўсинда асар қаҳрамонининг ички ҳолати бошидан кечирганларини бирма-бир ўйлашга, фикр¬лашга ундайди. Бу ерга келгунча унинг танаси, руҳияти, хаёллари озод эди. Романнинг дастлабки саҳифаларини ўқиркансиз, вужудингиз жумбушга келади:

"Умид билан саодат уруғларини сочмоқчи бўлдим. Сара уруғлик, деб менга тутқазишгани пучак экан. Ҳосилдан-ку, дарак бўлмади, лекин зиндонни нақд қилишди. Хоинлик тамғасини пешонамга босишди. Хоин! Кимга хоинлик қилдим? Қачон? Менга бундай номнинг берилиши кимга керак бўлди? Нега?"

Ана шундай ўй-хаёллар исканжасида алданган қалб яшаб ўтган ҳар бир сонияси, ҳар бир кунларидаги изтиробли дамларидан жавоб излайди: "Буларда оқибат борми? Инсоф, диёнат, виждон, адолат отлиғ туйғулардан бир қадам нарироқ юради булар. Сотқинликни номимга тупук билан ёпиштиришди. Мен учун бу айбловлар сохта, ёлғон. Улар учун-чи, улар учун рост..." хаёлидан ўтказади Файзулла.

Асар шу йўсинда, Файзулла Хўжаевнинг қоронғу зулматда ўзи билан ўзи танҳо¬ликдаги ўй-хаёллари орқали аянчли тақдирининг муҳим жиҳатларини очиб бериш баробарида, китобхонни бу буюк шахснинг мақсад ва интилишлари билан таништиради.

Мамлакатини озод кўришни истаган шахснинг саъй-ҳаракатлари уни озодлик сари эмас, тутқунлик сари етаклайди, қўлларига кишан солади. У ўз ажалига яқинлашиш учун курашганини қалбдан ҳис қилади.

Москва ва Германияда ўқиган Файзулла Хўжаев ёшлигидан сиёсат йўлига кириб, "Ёш бухороликлар" партиясининг йўлбошчисига айланади. Мазкур партия аҳолига маърифат тарқатиш, амирлик сиёсатини ислоҳ қилишни, шу йўл билан халқ турмуш тарзини яхшилашни кўзлаган эди. Партия фаоллари масалани тинч йўл билан ҳал қилишмоқчи эди. Бироқ ундай бўлмади. Амир сарбозлари "Ёш бухороликлар" партия¬си аъзоларини отишди, осишди, зиндонбанд қилишди. Ёш Файзулла Хўжаев эса большавойлардан беғараз кўмак олмоқчи бўлиб, Москвага борди.

Бироқ... "Улар мени бунга ишонтиришди. Умидбахш ёлғонларнинг эркатой асирига айланиб қолган эканман. Гарчи ўзим истамасам-да, ҳамма нарсанинг пул билан ўлчанишига ботинан ишончим комил экан. Акс ҳолда, адолатни сотиб олишга уринмасдим. Адолат эса четдан сотиб олинмас, балки ўша жойнинг ўзида ўрнатилар экан. Афсус, минг афсуски, буни кеч, жуда ҳам кеч тушундим..."

Бу руҳий қийноқ узоқ йиллар унинг авлодларини, сафдош ва издошларини ҳам исканжага олгани, уларнинг ¬нечоғлик азоб-уқубатларда яшашгани, узоқ ўлкаларга сургун қилингани тарихдан маълум. У билан ҳатто бир марта кўришган кишилар ҳам "Файзулла Хўжаевнинг думи" деб қамоққа олингани тарихдан маълум.

Асардаги талқинга кўра, қаҳрамон тубсиз жарликка қулаётганини билар, бироқ нимагадир илиниб қолиб, юқо¬рига чиқишдан бутунлай умидини узмаган эди. Лекин бу тубсиз жарлик — қора туйнук эканлигини билмасди. Қора туйнук гирдобига тушиб қолганини ҳали тўла англаб ҳам етмаганди. "Қизил империя"нинг ниқобланган бу ўпқонидан чиқиб кетиш имконияти бутунлай йўқлигидан у тамоман бехабар эди. "Эҳтимол, Сталиннинг кўнгли юмшаб, охирги дақиқаларда уни афв этар". Ана шу кўз илғамас миттигина ишонч Файзуллани тўла тарк этмаган эди.

Аҳолининг катта қатлами уруғини қуритган "доҳий" ундай қилмади. Уларга Шарқ халқларининг тақдири эмас, бойлиги, куч-қуввати кераклигини Файзулла Хўжаев қамоқхонада англаб етганида, афсуски, кеч бўлган эди. "На раҳматли отамга ўғиллик, на халқимга фарзанд¬лик қила олдим", дея надомат чекади у.

Алдовлар қурбони бўлган Файзулла Хўжаев халққа эрк, маърифат бермоқчи эди. Ёшларни хорижий илм даргоҳларида ўқитмоқчи эди. Аммо коммунистик тузум — қора туйнук Сатурн худосига ўхшаб ўз болаларини ейишда давом этди. "Хатони мен қилдим, жабр эса халқ елкасига тушди", — хаёлидан ўтказади асар қаҳрамони.

Романнинг сўнгги қисмида Файзулланинг ота-онаси билан видолашув онлари тасвири келтирилган. "Отажон, ме¬ни кечиринг. Ноқобил фарзанд кирдикорларини кечиринг, отажон! Сиз билиб-билмай қилган гуноҳларингизга Аллоҳдан махфират сўраш учун Маккаи Мукаррамага йўл олгандингиз. Мен-чи? Мен гумроҳ Москвага, бош жаллод ҳузурига келибман-а, отажон.

Онажон, Сизнинг олдингизда юз чандон айбдорман. Не-не орзулар билан дунёга келтиргандингиз. Кексайган чоғингизда суянчиғингиз бўлишимга ишонардингиз. Беадад афсуски, Сизга роҳат эмас, азоб орттирдим.

Онажон, Сиз мени кечиргансиз, биламан. Халқим ҳам Сиздай бағрикенг ва меҳрибон. Аллоҳ эса кечирувчи. Аммо Бухоронинг муқаддас тупроғи мени кечирармикан?.."

Файзулланинг умидлари зое кетмади. Курашлар тасмаси билан айланувчи кекса тарих зарварақ¬ларида халқига, Ватанига садоқат, меҳр-муҳаббат билан яшаган қатағон ¬қурбонларининг номлари тикланди, оқланди. Шу жумладан, Файзулла Хўжаевнинг ҳам. Мус¬тақиллигимиз шарофатидан таваллудининг 100 йиллиги ¬Ватанимизда, она юрти Бухорода кенг нишонланди. 110 ва 115 йиллиги муносабати билан илмий-амалий анжуманлар, хотира кечалари ташкил этилди. Уч томлик асарлари чоп этилди. Кўча ва хиёбонларга, ўқув юртларига унинг номи берилди.

Эл-юрт озодлиги йўлида қурбон бўлган Файзулла Хўжаевдек фарзанди бўлганидан халқимиз ҳамиша фахрланиб юради. "Қора туйнук" романи эса бу улуғ зотнинг асл мақсадлари ва орзу-истаклари нималарга қаратилганлигини англаб етишда бизга ёрдам беради.

Асарнинг муҳим жиҳати шундаки, анъанавий таржимаи ҳол бегона кузатувчи — муаллиф томонидан учинчи шахсга — китобхонга ўқилаётган маъруза тарзида қурилган. Қаҳрамон образини яратаётган муаллифлар унинг ҳаёти сўнгги дамларида нималар тўғрисида ўй сурганини, изтиробларини ҳаяжон билан тасвирлаб беришган. Шу боис қаҳрамон кўнглидан кечган туйғу ва ғалаёнларни китобхон ҳам ҳис қилади, унинг муваффақиятсизликларидан изтиробга тушади.

Асар айни шу жиҳати билан ўзига хос маърифий аҳамиятга эга.

Беҳбуд ЖУМАЕВ, Ўзбекистон Журналист¬лари ижодий уюшмаси аъзоси

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.