Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 9 дан: 31.01.2018

* Дарсхона

Темирчи бобонинг ўгитлари

Пешкў тумани "Камолот" маҳалласидаги Ҳўпкалак қишлоғида бўлиб, Шароф бобо Мирзаевни сўрасангиз, кўпчилик жавоб беролмай қийналади. "Темирчи бобо" деб сўрасангиз, ҳатто жажжи кичкинтойлар ҳам сизни қишлоққа кираверишда жойлашган темирчилик устахонаси томон етаклашади.

Эски усулда қурилган мўъ¬жазгина устахонага бориб, темирчи бобони қизғин иш устида учратдик.

— Келинглар, келинглар, меҳмонлар, — дея отахон ўзи ясаётган кетмонни бир четга қўйиб, бизни чеккадаги чорпояга ўтиришга таклиф қилди. "Маҳалла фуқаролар йиғинида бизга ¬Шароф бобо 90 ёшда деб айтишган, наҳотки, вужудидан ғайрат-шижоат ёғилиб турган шу отахон 90 ёшда бўлса", деган фикр кечди хаёлимдан.

— 1928 йил 9 августда таваллуд топганман, — дея сўз бошлади Шароф бобо ўйларимни ўқигандек. — 8 фарзандим, 67 нафар невара, эвараларим бор. Раҳматли янгангиз билан 59 йил бирга яшаш бахти насиб этган бўлса-да, бирор марта сан-манга бормаганмиз. Фарзанд, набираларимга ҳам шундай насиҳат қиламан: Аҳил бўлинглар, иноқ яшанглар, бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака қочади. Қолаверса, асабларингиз ишдан чиқади, бош оғриғи, юрак сиқилишига гирифтор бўласизлар, деб такрор-такрор айтаман. Аслини олганда, юртимиздаги тўкин-сочинлик, қут-бараканинг бош омили ҳам тинч-лик-омонликдир.

Шароф бобонинг эътироф этишича, узоқ умр кўриш сир-синоатларидан бири дои¬мо ҳаракатда бўлишдир. Шу боисдан 12 ёшида отаси Мирзо бобонинг темирчилик устахонасида бошлаган фаолиятини ҳали-ҳануз давом эттириб келяпти. Бобоси, бобокалонлари ҳам шу касб орқасидан тирикчилик қилган эканлар. Сулолани Шароф бобо ва унинг икки укаси давом эттириб, бугунги кунда бобонинг ўғли Мўмин, икки набираси алоҳида устахонада халққа хизмат кўрсатиб келмоқдалар. Аслида Шароф бобо шу ёшда оёғини узатиб, тинчгина дам олса ҳам бўларди. Аммо касбига бўлган меҳр вужуд-вужудига синггани, қолаверса, ҳамон ғайрат-шижоати сўнмагани боис фаолиятини тўхтатгиси йўқ.

— Кетмон, белкурак, ўроқ, пичоқ, қишлоқ хўжалиги машиналари учун эҳтиёт қисмлар ясайман, — дейди отахон ғурур билан. — Ҳатто узоқ Зандани, Варахша, Янгибозор қишлоқларидан ҳам мени сўраб келувчиларнинг кети узилмайди. Бир пиёла чой устида гурунг¬лашиб, юракнинг чигилини ёзамиз. Дийдорлашмоққа нима етсин. Куни-кеча олис қишлоқда яшовчи қадр¬дон дўстим пичоқларини тезлатгани олиб келибди. Ўша ёқда чархчи топилмадими, деб сўрасам, шу баҳона сени кўрай, "теша тегмаган" сўзларингни эшитай, деб келдим-да, дейди.

Дарҳақиқат, отахоннинг 65-70 ёшларда кўринишининг сабабларидан бири ҳам шу — ажо¬йиб суҳбатдошлиги. Бирпас ёнида ўтирсангиз, радиода эшитган дунё янгиликларидан тортиб, теварак-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларгача фикр чиғириғидан ўтказиб, муносабат билдиради. Суҳбат сўнгида ёшми-қарими, албатта: "Меҳнат қилинглар, агар меҳнат ўлдирса, аллақачон мен ўлган бўлардим, насиб этса 100 ёшимни ҳам босқон олдида кутиб оламан", дейишини қўй¬майди.

Отахоннинг ҳаётни севишига, шунинг баробарида соғ¬лигига эътибор беришига ҳаваси келади, кишининг. Айтишича, республиканинг у бормаган санаторийси, дам олиш уйи йўқ ҳисоби. Болалари ташвишидан ортиб, авваллари йилига бир марта, ҳозир эса икки марта боришни канда қилмас экан. "Давлатимиз биз, кексалар учун имкониятлар яратиб қўйибдими, фой-даланмасак увол", дейди кулиб.

Отахоннинг ўтда тобланаётган темир ва болаликнинг қадр¬дон ҳиди уфуриб турган устахонасидан узоқлашар эканмиз, "Бу ер устахона эмас, дарсхона, ҳаёт, матонат дарсхонаси", дедик бир-биримизга. Кўнглимиз чексиз фараҳга тўлди.

Зуҳра ҚУРБОНОВА

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.