Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 9 дан: 31.01.2018

Александр ГРИН

Яшил чироқ

I

1920 йил... Қиш... Лондон... Ўрта ёшлардаги икки башанг ки¬йинган эркак Пикаделли бурчагидаги тор кўча бошида тўхтади. Бу жаноблар шу яқин орадаги қиммат ресторанларнинг бирида тушлик қилиб, яхши винодан тотиниб, кўнгилларини хушнуд қилиб чиқишаётганди.

Одамлар атрофини ўраб олган, 25 ёшлардаги, усти-боши бир аҳвол, ерда ётган йигит уларнинг диққатини тортди.

— Буни қара, Стильтон! — ерда ётган кишига жирканиб қараркан бўйдор шеригига гап қотди хўппа-семиз жаноб. — Рости, бундай нотавон ўлимтиклар эътибор қилиб вақт сарфлашга арзимайди. У ичкиликдан қаттиқ сархуш, ёки ўлиб қолган.

— Мен тирикман... ва ўлгудай очман, — дея ўрнидан қўзғалиб, унга тикилганча нималарнидир ўйлаётган Стильтонга қарата пичирлади бечора кимса. — Очлик тинка-мадоримни қуритиб, ҳушдан кетдим...

— Реймер! — шеригига юзланди Стильтон. — Кўнгилхушлик учун ажойиб вазият-ку, бу ахир. Миямга жуда қизиқ бир фикр келди. Рос¬тини айтсам, одатий кўнгил ёзишлардан зерикдим, — дея хаёлига келган фикрдан завқланиб шеригига сўзлай кетди у. — Фақат одамларни қўғирчоқдай ўйнатибгина чинакамига роҳатланиш мумкин.

Стильтон паст овозда гапиргани ва атрофини одамлар ўраб олгани боис, ерда ётган йигит бу сўзларни эшитмади.

Реймерга буларнинг заррача қизиғи йўқ эди. У елкасини нафрат аралаш қисганча оғайниси билан хайрлашди ва тунни ўтказиш учун ўз клубига йўл олди. Стильтон эса одамлар ҳамда полиция кўмаги билан қаровсиз қолган йигитни от-аравага ўтқазди.

Фойтун Гайстритдаги кичикроқ ресторанларнинг бири томон равона бўлди. Маълум бўлишича, бу бечоранинг исми Жон Ив бўлиб, у Лондонга Ирландиядан иш излаб келган муҳожирлардан эди. Эрта етим қолган Ив ёшлик чоғида бир ўрмончи оиласида тарбияланган. Бошланғич мактабдан бошқа таълим кўрмаган йигитча ўн бешга чиққанда, уни василикка олган киши вафот этади. Ўрмончининг катта фарзандлари янги ҳаёт излаб Америкага, Жанубий Уэлс ва Европага кетишади. Йигитча бироз муддат бир фермер қўлида ишлайди. Ке¬йинроқ у кончилик, матрослик машаққатларини-да тотиб кўради. Кичик бир ресторанга хизматчи бўлиб ҳам ёлланади. 22 ёшида ўпкаси билан боғлиқ касалликка чалиниб, бир муддат касалхонада даволаниб чиққач, омадини Лондондан излаб кўришга қарор қилади. Бироқ бу ердаги ишсизлик ва рақобат унга бу иш ҳам осон кечмаслигини исботлади. Ив паркларда, портларда тунаб юрди. Очликдан озиб-тўзиб қолди. Ва гувоҳи бўлганимиз шаҳардаги қатор-қатор савдо дўконлари ва омборларнинг эгаси жаноб Стильтонга дуч келди.

Стильтон — турмушнинг бу каби ташвишларидан йироқ, пул эвазига қўлга киритиш мумкин бўлган барча нарсага эга, қирқлардан ошган сўққабош эркак. У 20 миллион фунт қийматдаги мол-мулк соҳиби эди. Унга бечора Ив билан боғлиқ режасини амалга ошириш хамирдан қил суғургандай осон юмуш. Ўзини айёрона режалар тузишга уста деб ҳисобловчи бу кимса ғариб йигит билан боғлиқ ўйинни ўйлаб топганидан бениҳоя хурсанд эди.

Содда йигит бироз ичкилик ичиб, қорнини тўйдириб олгач, Стильтонга ўз тарихини сўзлаб берди. Шунда бойвачча жаноб деди:

— Сизга эшитганда қувончдан кўзларингиз ёришиб кетадиган, рад қилиб бўлмайдиган бир таклифим бор. Мени диққат билан тингланг: сизга ўн фунтдан пул бериб тураман. Фақат бир шарт билан, эртагаёқ шаҳарнинг марказий кўчасидаги уйлардан бирининг иккинчи қаватидан хона ижарага оласиз. Ҳар куни соат бешдан ярим тунга қадар кўчага қараган дераза токчасида яшил қопламали чироқ ёқа¬сиз. Белгиланган вақт¬да уйдан ¬чиқмайсиз, ҳеч кимни қабул қилмайсиз ва ҳеч кимса билан гаплашмайсиз. Кўриб турганингиздай, бу ишнинг ҳеч бир қийинчилиги йўқ. Агар рози бўлсангиз, ҳар ой келишилган пулни ўз вақтида етказиб тураман. Сизга менинг кимлигим сирлигича қолади.

— Агар ҳазиллашмаётган бўл¬сангиз, — бироз таҳлика ва ҳайрат билан жавоб қилди Ив, — бундай саховатдан кейин ўзимнинг кимлигимни-да унутишга розиман. Бироқ марҳамат қилиб айтинг-чи, менинг бу тахлит фаровон ҳаётим қачонгача давом этади?

— Буниси энди қоронғу. Балки бир йил, балки бутун умр.

— Янаям яхши. Аммо сўрашга ижозат этинг, нима учун зарур бу чироқларнинг нур сочиб туриши?

— Сир! — кескин ва қатъий жавоб қилди Стильтон. — Чироқ сиз ҳеч қачон билмайдиган ишлар ва кишилар учун сигнал вазифасини ўтайди.

— Тушунарли. Аниқроғи, мутлақо тушунмадим. Бироқ розиман. Пулни чиқаринг ва билиб қўйингки, Жон Ив ўзига юклатилган бу вазифани эртаданоқ адо этишга киришади. Эртадан бошлаб деразадан яшил чироқ нурлари тарала бошлайди!

Миллионер ва дайди орасидаги келишув шу тариқа амалга ошди. Ҳар иккаласи ҳам битимдан кўнгли тўлиб, ўз йўлига равона бўлди.

Стильтон хайрлашаётиб деди:

— Зарурат туғилса, "3-33-6"га мурожаат қилинг. Ва шуни ёдда тутингки, бир ойдан кейин, балки бир йилдан кейин сизни мутлақо бадавлат инсонга айлантириб юбориши мумкин бўлган одамлар олдингизга келишади. Бу қачон, қай тарзда ва нима сабабдан содир бўлишини сизга тушунтиришга ҳаққим йўқ. Лекин унутмангки, бир куни албатта шундай бўлади.

— Жин урсин! — шивирларди Ив извошга ўтириб жўнаб кетаётган Стильтоннинг ортидан ўйчан қараб тураркан. — Ё бу одам ақлдан озган, ёки мен жудаям омадлиман, — қўлидаги 10 фунтга назар солганча хаёлидан ўтказарди йигит. — Кунига атиги ярим литр керосин сарфлаб, чироқ ёққаним эвазига шунча пул.

Эртаси куни оқшомда Ривер-стритдаги 52-F уйнинг иккинчи қаватидаги зим-зиё хоналардан бирининг деразасидан яшил нур тарала бошлади.

Рўпарадаги уй олдидаги пиёдалар йўлагидан ўтаётган икки йўловчи бироз муддат деразадан тушаётган нурга термулиб туришди. Кейин Стильтон шеригига қарата сўз қотди:

— Хуллас, азизим Реймер, қачонки бирор нимадан зерикиб қолсангиз, бемалол шу ерга келиб, мана бу деразага қараб, кайфиятингизни чоғ қилишингиз мумкин. Анави дераза ортида бир лақма ўтирибди. Ўша аҳмоқ арзон баҳога узоқ муддатга сотилган. У кун келиб зерикишдан ақлдан озади. Бироқ нимани кутаётганини ўзи ҳам билмай, интиқ бўлиб яшайверади.

Чиндан ҳам, деразадан тушиб турган чироқ нури ортидан кўчага илҳақ бўлиб термулиб турган одам шарпасини пайқаш мумкин эди.

— Шуниси борки, ахмоқликда сиз ҳам бу лақмадан қолишмайсиз, шекилли, қадрдоним, — дея Стильтоннинг елкасига қўлини ташлаганча гапни илиб кетди Реймер. — Нимаси қизиқ бу тахлит ҳазилнинг, ҳайронман?

— Қўғирчоқ, дўстим. Қўғирчоқ! — юзида айёрона муғомбирлик зоҳир бўлди Стильтоннинг. — Тирик одамни қўғирчоқ мисол измингга солиш завқи!

II

1928 йил... Лондон четидаги камбағаллар ва бечоралар учун мўл¬жалланган шифохона... Чор тараф оғриқдан қийналаётган кимсалар фарёдига тўла... Оёғи синиб оғриқдан дод солаётган, кўриниши аянчли бир ҳолдаги одамни олиб келишди. Тунги қиморхонанинг қоронғу зинасидан йиқилиб, оёғини синдириб олганди, бу эркак.

Жабрдийдани жарроҳлик бўлимига олиб киришди. Вазият анча¬йин жиддий, суякнинг қалтис синиши натижасида томирлар ва тери тўқималари узилган эди.

Бечорани кўрикдан ўтказган жарроҳ зудлик билан зарарланган тўқималарни олиб ташлаш керак, деган хулосага келди. Анчайин кучдан қолган бемор жарроҳлик ама¬лиё¬тидан кейин, тезда ухлаб қолди. Уйғонганида, олдида унинг ўнг оёғини кесиб ташлаган жарроҳ турарди.

— Шундай қилиб, фалакнинг гардиши билан яна учрашдик! — деди баланд бўйли, жиддий қиёфали доктор хомуш овозда. — Мени танидингизми, жаноб Стильтон? Мен Жон Ивман. Ўша, ҳар куни яшил чироқ ёқишим эвазига сиз пул тўлаб турган бечора йигит. Сизни бир кўришдаёқ танидим.

— Минг лаънат! — мажолсизгина шивирлади Стильтон. — Нима бўлди? Бу қандай юз берди? Шундай бўлиши мумкинми, ахир?

— Ҳа. Бари гувоҳ бўлиб турганингиздай. Яхшиси, сиз ҳаёт тарзингиз қандай қилиб бу даражада кескин ўзгариб кетганини айтиб беринг.

— Мен хонавайрон бўлдим. Биржадаги жиддий йўқотишлар... Омадсизлик... Уч йил олдин касодга учрадим ва кўриб турганингиздек, ҳозир ҳеч кимман. Сиз-чи? Сиз қандай қилиб?...

— Мен бир неча ой чироқ ёқиб юрдим, — кулиб ҳикоя қила бошлади Ив. — Аввалига, зерикишдан қочиш мақсадида китоб ўқий бошладим. Кейинчалик, бу иш севимли машғулотимга айланди. Ва қўлимга нима тушса, ўқиб-ўргана бошладим. Бир кун ўзим яшаган хона бурчагидаги жавон токчасидан эски анатомия китобини топиб олдим. Шунда, ўзим учун янги олам кашф этгандай бўлдим. Худди сеҳрлангандай туни билан ¬китобни ўқиб чиқиб, тонг отиши билан кутубхонага йўл олдим. Бу ерга келиб "Шифокор бўлиш учун нималарни ўрганиш керак?" деб сўрадим. Шунда, кулгу аралаш: "Математика, геометрия, фармакология, биология, ботаника, зоология, морфология, лотин тили ва ҳоказоларни", дейишди. Бироқ қайсарликни қўймай, барчасини эслаб қолдим.

Бу пайтга келиб, чироқ ёқаётганимга икки йил бўлиб қолганди. Бир куни кечга томон уйга қайтсам (ўша кезлар худди дастлабки кунлардагидай етти соат уйдан чиқмай ўтиришим шарт, деб ҳисоб¬ламасдим), шляпа кийган бир эркак деразамдан тушаётган нурга разилона тикилиб турарди. "Ив — ўз даврининг тенгсиз лақмаси! — тўнғилларди ўша киши мени пайқамай. — У ҳалиям ваъда қилинган мўъжизани кутиб яшаяпти... Ҳа, унда ҳар ҳолда келажакка озгина бўлса-да, умид бор... мен бўлсам... деярли ҳамма нарсани бой бердим!" Бу сиз эдингиз. Яна қўшиб қўйдингизки: "Ахмоқона ҳазил. ¬Пулни беҳудага совуриш керакмас".

Ўқиб-ўрганишим учун анчагина китоб сотиб олиб қўйганим боис, бу гапларга эътибор қилмасдан, ўз ишимда давом этишга аҳд қилдим. Аммо ўшанда сизга мушт тушириб қолишимга бир баҳя қолган. Фақатгина сизнинг шу ҳақоратомуз сахийлигингиз боис ўқимишли инсонга айланганлигим туфайли, ўзимни босдим.

— Кейин-чи? — секингина қизиқсиниб сўради Стильтон.

— Кейинми? Янада қизиқ. Агар хоҳиш кучли бўлса, унинг рўёби узоқ куттирмас экан. Камина билан бирга турган талаба менга ёрдам берди. Бир ярим йиллик машғулотлардан сўнг, тиббиёт билим юртига имтиҳон топширдим. Кўриб турганингиздек, бугун шифокорман.

Орага сукунат чўкди.

— Анчадан бери деразангиз олдига бормадим, — Стильтоннинг қалтироқ овози жимликни бузди. — Лекин биласизми, менга ҳалиям ўша қоронғу деразадан яшил чироқ нур сочиб тургандек туюлади. Мени кечиринг.

Ив соатини чиқарди.

— Соат ҳам ўн бўлай дебди. Сиз ётиб дам олишингиз керак, — шифокорларга хос меҳрибонлик билан сўзлай кетди у. — Уч ҳафталардан ке¬йин шифохонани тарк этсангиз бўлади. Тузалиб чиққач, менга қўнғироқ қилиб боғлансангиз, сизга амбулаториямиздан иш топиб бераман. Келган беморларни қайд қилиб борасиз... Ҳа, яна бир гап: бундан буён эҳтиёткорроқ бўлинг, қоронғу йўлакларда ҳеч бўлмаса гугурт ёқинг...

Рус тилидан Саидбек ШАМСИЕВ таржимаси

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.