Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 8 дан: 24.01.2018

"Бундай саховатли юрт яна қайда бор?"

Олижаноблик, меҳр-саховат — халқимизга хос фазилатлардир. Улар зориққан кўнгилларга нур, ўксик дилларга малҳам бўлади, куч бағишлайди.

Зулайхо Муҳамедова Шофиркон туманидаги Қағатан қишлоғида ширингина ҳаёт кечирарди. Лекин тўрт йилча олдин кутилмаганда оила бошига кулфат тушди. Турмуш ўртоғи дардга чалиниб, вафот этди. Ўттиз ёшдан эндигина ошган аёл бева, икки фарзанди ярим етим қолди.

Ўзи ҳам ярим етим ўсган ¬Зулайхога бу ҳам етмаганидек, пешонасида яна бир кўргулик бор экан. Шу пайтгача қайнбувисининг уйида яшаб келган аёл мулкий муносабат сабабларига кўра бошпанасиз ҳам қолди. Бировларнинг айвонида яшашга мажбур бўлди.

Хайрият, бу аҳвол қишгача давом этмади. Туман ҳокимлиги Зулайхонинг танг вазиятга тушганлигини инобатга олиб, унга уй-жой қуриш учун ер участ¬каси ажратди. Қишлоқдошлар, маҳалла ёрдам қўлини чўзди. Кимдир ёғоч, кимдир ғишт келтирди... Кўп-кўплашиб, ҳашар йўли билан коридорли икки хонали уйни қуришди.

Бироқ қишда томидан чакка ўтадиган, полсиз уйда яшаш осон эмасди. Қозонини аранг қайнатиб, беш ва ўн икки ёшли фарзандларини вояга етказаётган аёлнинг яқин йилларда иморат каму кўстини бутлашга кўзи етмасди.

Лекин ўтган йил декабри бошларида Зулайхонинг кўнгли ёришди. Туман ҳокимлиги, вилоят ва туман касаба уюшмалари ташкилотлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари хонадон эшигини тақиллатиб келишди.

— Уйингизни таъмирлаб берамиз. Сиз ташвишланманг, ҳаммаси давлат ҳисобидан бўлади, — дейишди.

Қурилиш материаллари келтирилиб, хоналар пол қилинди, шифтлари қопланди. Томларига металл тўшамалар ётқизилди.

Бинокорлар ҳам олижаноб экан. Улар сметада кўзда тутилган ўзларига тегишли иш ҳақини олмай, шунинг ҳисобига мавжуд истиқоматгоҳ ёнида чиройлигина хона ҳам тиклаб беришди.

— Синглим, Президентимиз шундай ғамхўрлик қилиб турганда, биз четда турармидик, — деди "Шофиркон Моҳи тобон" масъулияти чекланган ¬жамияти раҳбари Фарҳод ¬Истамов. — Биз қурган бу хона уйин¬гизда камол топаётган йигитчаларга совғамиз бўлади. Бу ерда тўйлар қилиб, бизни ҳам таклиф этинг.

Шусиз ҳам ўпкаси тўлиб турган аёл ўзини тутолмади:

— Меҳрибон Юртбошимизга, ҳаммаларингизга раҳмат,— дея олди, холос...

Бундай миннатдорлик сўз¬ларини вилоятнинг бошқа гўшаларида эшитиш мумкин.

Анвар Раззоқов Бухоро тумани Сафкарда қишлоғида истиқомат қилади. Ўзи каби хотини ҳам ногирон. Фарзандлари мактабда ўқи¬шади.

— Таъмирталаб бўлган уйимизни тузатиш учун қўлимиз калталик қилар эди, — дейди у. — Мана, қисқа вақт ичида ҳаммаси ўзгарди. Қурувчилар хоналарга пол ётқизиб, шифтларни созлаб беришди. Том қисми черепицали бўлди. Энди, ҳар икки йилда андава босиш ташвишидан қутилдик. Бундай ғамхўрликдан бошимиз осмонга етди. Сиз шундай деб ёзинг: "Бундай саховатли юрт яна қайда бор? Фақат Ўзбекистон бор!"

Бу эзгу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрда қабул қилинган "Аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди.

Давлат раҳбари имзолаган мазкур ҳужжат асосида вилоят тегишли ишчи гуруҳи муҳтожларга мададнинг аниқ манзилларини ўрганди. Шунга кўра, 130 та камтаъминотли оилаларнинг уй-жойи таъмирланди. Ана шу мақсадга давлат томонидан 1 милллиард 300 миллион сўм, ҳомий ташкилотларнинг эса 400 миллион сўм маблағи сарфланди.

Умуман, Президент қарори доирасида амалга оширилган ишлар кўлами кенг.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашидан маълум қилинишича, камтаъминотли, ижтимоий мададга муҳтож кишиларнинг 1443 нафарига уй-рўзғор маиший техникаси олиб берилди. 63 нафар бемор дори-дармон билан таъминланди. Яна 15 нафарининг эса даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун сарфланадиган пуллари қопланди.

Шунингдек, кам таъминотли 191 нафар фуқарога иссиқхона ташкил этиш, томорқа хўжалигини ривожлантириш, чорвачиликни йўлга қўйиш мақсадида, жами 1 миллиард 711 миллион сўм миқдорида йиллик 4 фоизли банк кредитлари ажратилди. Бу оила фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари, бозор тўкинлиги демакдир.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.