Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 7 дан: 20.01.2018

Игнаю ипдан мўъжиза яратиб

Нақшларни бир-бирига зич кўринишда тикиш сўзаначиликнинг Сурхондарё мактаби учун энг муҳим жиҳатлардан бири саналади. Нурота мактаби вакиллари фаолиятида эса бунинг аксини учратамиз. Вилоятимиз, хусусан, Шофиркон ҳунармандлари бўлса, сўзанада нақш ва тасвирларни нисбатан ўртача оралиқда акс эттиришади. Эътиборлиси, бухоролик -Ситора Акрамова бири бошқасига сира ўхшамайдиган айни шу уч хил услубга хос сўзана тайёрлаш техноло¬гияларини ўзлаштириб, ўз ижод намуналарида улардан фойдаланяпти. Бунда эса унга Шуҳрат Пўлатов, Фарҳод ¬Бобожонов сингари устозларидан олган назарий билимлар қўл келмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ипак ва бўз матолар қатида ҳа¬қиқий санъат асари яратаётган истеъдод соҳибасининг ишларини кузата туриб, улуғ аждодларимиздан бизга шундай бебаҳо маънавий мерос қолганига яна бир бор амин бўласан, киши. Дарҳақиқат, сўзаначиликдек қадимий ва бетакрор санъатимиз қалб¬ларда ҳайрат уйғотиб, эзгуликка, гўзалликка, меҳр-муҳаббатга ошуфта қилади.

Республика "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бўлими аъзоси, Бухоро сўзаначилик мактаби вакиласи Ситора ¬Акрамова ҳам шу ҳақиқатни теран англагани шубҳасиз. Ҳозирги кунда воҳамиз марказидаги Улуғбек мадрасаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган сўзаначилик устахонасида 40 нафардан зиёд йигит-қизга ҳунар сирларидан сабоқ бераётган тажрибали мутахассис ўз ижодида гул¬кўрпа тайёрлашнинг, асосан, XIX асрга хос усулларини ҳамда юқорида айтиб ўтганимиздек, турли йўналишларга мансуб услубларни қўллайди. Анор, пиёз ва бошқа мева-сабзавотларнинг пўстидан тайёрланган табиий бўёқлардан тез-тез фойдаланади. Ҳар бир асарига айрича йўсинда ёндашади. Моҳир ҳунарманд¬нинг шарқона латофат, донишмандлик ҳамда мусулмон фалсафаси акс этган, рамзийликка йўғрилган, гиламдан сира қолишмайдиган санъат асарлари сирлилиги, кўрку таровати билан ажралиб туради. Улар орасида сўзананинг "Нурота", "Бухоро", "Медальон" сингари кенг тарқалган турлари ҳам бор. Тайёрланиши анча-мунча мураккаб жараённи қамраб оладиган бундай ижод намуналаридан замонавий уйларда, ресторан ва меҳмонхоналарда фойдаланиш мумкин. Таъкидлаш ўринлики, оддийгина игна ва бигиз ёрдамида дунё¬га келган шундай ажиб санъат асарини томоша қилиб, инсон қўли қандай мўъжизаларга қодир эканига имон келтирасиз.

Айни шу жиҳатлар боис Ситора Акрамованинг ижодий ишлари Франция, Испания, Россия каби мамлакатлардаги коллекционерларнинг ҳам эътиборига тушган. Бундан ташқари, моҳир ҳунарманд диёримизда ҳамда ¬хорижий давлатларда ўтказиладиган турли халқаро кўргазмаларда, фестивалларда тез-тез иштирок этмоқда.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.