Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 4 дан: 14.01.2018

* Мулоҳаза

Қиёмат қарз

Ҳаёт ҳақиқати ҳақида мулоҳазага чўмган кезларим бобомнинг суҳбатларини эслайман.

— Болам, — дердилар у киши. — Ҳаёт — ўйинчоқ эмас. У — синов. Бу имтиҳондан кимдир ўтади, кимдир эса машаққатларига дош бера олмай синади. Инсон фақат ҳозирини ўйлаб яшаса, хато қилади. Кечанинг кўксидан ўтган бугун келажак устида собитдир. Не-не кунларни кўрмадик, уруш жанг¬гоҳларида. Урушдан яраланиб қайтгач, фронт ортида хизмат қилдим. Ўша йиллар заҳматлари ҳар бир ўзбек хонадонини қайта-қайта синовдан ўтказгани рост. Фронт орти қурбон беришда фронтдан қолишмас эди. Кимдир очликдан ўлса, кимдир совуқдан жон таслим қилади. Ўзлари зўрға юришса-да, фронт учун сўралса, сўнгги донларигача идорага келтириб топширган одамларни кўриб, қаноатли инсонлар бардошига лол қолардим. Заводда ишларканмиз, ўртоғимнинг ўзгача бир одатига разм солардим. У ҳар гал тақсимлаб берилган яримта буханкани олар экан, уни тўрт бўлаклаб қопига соларди. Орадан бир ой ўтди. У бу ишини ўша алфозда давом эттираверди. Бир куни бунинг боисини сўрадим. "Нега нонни тўрт бўлакка бўласан. Ўзинг есанг бўлмайдими?

— Э, бу отамнинг одатлари. У киши шундай қилар эдилар, мен ҳам давом эттир¬япман. Бир бўлаги — қарзимга, бир бўлагини қарзга бераман, бир бўлагини келажагим учун сарфлайман, бир бўлаги эса ўзим учун, — дерди. Унинг гапларига тушунмасдим. "Ярим бўлак нонни кимга қарзга берар экан", дея ўйланиб қолардим.

Яна бир куни сўрадим. У менга термулиб турди-да, тушунтира кетди:

— Уйда кекса ота-онам бор, улар мени боққанлар, бир бўлагини уларга қолдириб, шу қарзимни узаман, бир бўлагини фарзандимга қарзга бераман, бир бўлаги — жуфти ҳалолимга, қариганимда суянчиқ бўлади, бир бўлаги эса ўзимга, танимга мадор бўлиши учун ейман...

Ўртоғим жанггоҳлардан омон чиққанди. Неча бор ўлимга юзма-юз бўлса-да, аммо қандайдир мўъжизавий куч уни фалокатдан асрарди, гўё. Уни ўлимдан асраган ўша ибратли амали эди, назаримда.

Орадан йиллар ўтди. Ўртоғимнинг ибратли амали бир умр ёдимда қолди. Сизлар ҳам шунга амал қилинг, болаларим, кексаларни авайланг, эъзозланг, дуосини олинг, фарзандларингизни меҳрдан мосуво қилманг, эртангиз учун бугун қайғуринг, — дердилар қайта-қайта уқтириб.

Бугун бобом орамизда йўқ¬лар. Аммо у кишининг ўгитлари ҳаётимиз мазмунига айланди. Бу амалга риоя қилганлар жамиятда ўз ўрнини топгани, ҳурмат-эътибор қозонгани исботини кўп кўрганман. Бироқ насибасининг тўрт бўлагини ҳам ўзига атаб, якка ўзини ўйлаб яшаётганлар, нафс қутқусида бурчини унутаётганлар, афсуски, орамизда йўқ эмас.

Яқинда бир тадбирда иштирок этдим. Тадбир якунида ¬Қоракўлдаги эркаклар Мурувват уйи¬да истиқомат қилувчилар томонидан концерт тақдимот қилинди. Улар мумтоз қўшиқларни юракдан куйлашарди. Балки тақдир ёзуғидан куйинишаётгандир. Фарзандлари озоридан юраги тўлиб бўзлаётгандир. Шу лаҳзада бобомнинг ўгитларини эсладим. Нега қарзини унутаётганлар кўпайиб бормоқда?! Нафақат катталар, ҳатто жон-жигаридан бўлган дилбандлари олдидаги ота-оналик бурчини унутиб қўяётганлар қанча. Бойлик, мол-дунё илинжида фарзанд тарбиясини бошқ¬аларга топшириб, уларни ота-она меҳридан жудо этаётганлар кун келиб, ўзлари ҳам меҳрга зор бўлишларини нега ўйлаб кўришмаяпти?!

Инсонга Яратган томонидан онг ато этилган. Бу неъматни бойлик илинжида увол қилмасдан, эзгулик йўлида ишлатсак яхши эмасми?! Зеро, фарзанд¬лар учун ота-она эъзози қиёматга қолмайдиган қарздир.

Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбири

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.