Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 4 дан: 14.01.2018

* Депутат мурожаат қилади

Азиз масканларни обод этайлик

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг юртимиз тарихида биринчи маротаба Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида кўплаб масалалар қатори мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш борасидаги имкониятлардан етарлича фойдаланилмай ¬келинаётгани танқидий руҳда таҳлил этилди. Туризм миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири сифатида эътироф этилар экан, юртимиз бой тарихий мероси, бетакрор табиати, гўзал дам олиш масканлари билан бу соҳада юксак имкониятларга эга эканлиги алоҳида қайд қилинди. Кўҳна ва навқирон шаҳарлар қаторида Бухорода ҳам муқаддас қадамжолар ва ёд¬горликларни зиёрат қилишдан иборат бўлган "кичик ҳаж" дастурини ривожлантириш ва жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Туризм тармоғини ривожлантириш бўйича Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳамда 2017 йил 15 майдаги "2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан нафақат Бухоро шаҳрида, балки вилоятимиз ҳудудида жойлашган тарихий меъморий обидалар, азиз авлиёларимиз мангу қўним топган зиёратгоҳлар, масжид--мадрасалардан иборат осори-атиқаларимизни қайта қуриш ва реконструкция қилишга жадал киришилди.

Хорижлик меҳмонлар, маҳаллий сайёҳлар, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш, қўшимча меҳмонхоналар қуриш, зиёратгоҳлар атрофини янада ободонлаштириш йўналишидаги хайрли ишлар бошлаб юборилди.

26-Челонғу сайлов округи ҳудудида жойлашган, бутун ислом оламида мўътабар Хожа Али Ромитаний (Хожа Азизон) ва Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий зиёратгоҳлари ҳудудида ҳам қурилиш ва бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари бошланиб, ўтган йилнинг сўнгги уч ойи давомида Хожа Али Ромитаний зиё¬ратгоҳи олдидаги йўллар салкам икки миллиард сўмлик маблағ эвазига таъмирланди.

Бироқ мазкур ҳудудда ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд. Маълумки, Хожа Али Ромитаний зиёратгоҳи рўпарасида салкам 4 асрлик тарихни ўзида яширган қадимий Ромитан шаҳри қолдиқларидан иборат "Қўрғони Ромитан" тепалиги ястаниб ётибди. Ҳудуд аҳолиси бу қадимий топилмани ободонлаштириш ва асл ҳолига қайтариш, сайёҳларни ўзига жалб этадиган меъморий обидага айлантириш, тепаликда жойлашган кўҳна масжидни таъмирлаш ва шу ҳудудда ихчамроқ музей ёки кутубхона ташкил этишни кўп йиллардан буён орзу қилади.

Бунга эса тепаликда фаолият олиб бораётган қорамол бозори ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси ташкил этиладиган қўлбола расталар халал бериб келмоқда.

Аҳолининг туман ва вилоят ҳокимига мурожаати натижасида ўтган муддат давомида мол бозорини барпо этиш учун 50 сотих бўш ер ажратилди, бу ерда тупроқ ишлари олиб борилди. Бироқ маблағ йўқлиги сабабли бошланган ишлар ниҳоясига етказилмай қолди.

2018 йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинганлиги янги имкониятлар даракчиси сифатида нафақат маҳаллий тадбиркорлар, балки бутун халқимиз қалбига чексиз қувонч солди. Ўз навбатида, бу даъват барчамизнинг олдимизга улкан вазифаларни ҳам қўймоқда.

Шунга кўра, халқимиз вакиллари (сайловчиларимиз) мурожаатлари инобатга олиниб, Ромитан қўрғони тепалигида жойлашган бозорни кўчириш учун тепалик атрофидан ажратилган жойда қурилиш ишлари тезлаштирилса, тепаликка ёндош майдонда зиёратчи ва сайёҳларга хизмат кўрсатадиган маданий савдо мажмуаси бунёд қилинса, буюк тарихимиз ва аждодларимизга чексиз эҳтиром кўрсатилган бўлар эди.

Шуҳрат ИСМАТОВ, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.