Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 1 дан: 01.01.2018

Жўра ФОЗИЛ

Согинч туни

(Ҳикоя)

Кун бўйи ҳавонинг қовоғи солиқ эди. Лекин кечга томон булутлар тарқаб, ботаётган Қуёш нурлари шафақни қирмиз рангга бўяди ва Самад Янги йил кечасида ёғажак қор умидидан ажралди. "Начора, — хўрсинди у сигарет тутунини устма-уст тортиб, — бу Янги йил ҳам қорсиз ўтадиган бўлди. Ўзи, табиат ҳам одамлардан баттар айниган, қиш чилласида на совуқ бўлади-ю ва на қор ёғади..."

Самад ҳали жуда ёшли¬гиданоқ ҳар Янги йилда қор ёғишини орзиқиб кутар, ҳам¬ма ёқ оппоқ сеҳр-жодуга бурканган, байрам кечаларида у ўзини ғоят бахтиёр ҳис этар, осмондан тушиб турган сон-саноқсиз митти, совуқ юлдузчаларни томоша қилиб, тонг оттирган пайтлари кўп бўларди.

У ёлғиз, суюкли ўғил эди. Онаси, отаси еру кўкка ишонмас, қишлоқ ўқитувчисининг камтарингина маоши етганча унинг айтганини муҳайё этишга ҳаракат қилишарди. Самад ҳам айрим ёлғиз фарзандлар сингари тантиқ эмас, эсли-ҳушли, камсуқумгина бола эди. Сирасини айтганда эса урушдан кейинги ўша йилларда болаларни талтайтирадиган неъматларнинг ўзи жуда кам, Самадни арши-аълода ушлаб юрган нарса ота-онасининг чексиз, адоқсиз, жуда улкан меҳри эди. Меҳр, у агар жуда чексиз бўлса, шунчалар мўл жавоб туйғусини вужудга келтирар экан. Самад мактабга қатнай бошлагач эса дарс тугашини кутишга тоқат қилолмас, катта танаффус пайтларида уйга келиб, онасини бир кўриб кетарди.

...Ўшанда Янги йил кечалари жуда ғаройиб бўлар эди. Онаси сандални ғўзапоя оловидан боззиллатиб, бирор тансиқ таом пиширар, отаси сомонга кўмилган қовун, чилвирга боғлаб қўйилган узумларни олиб келар, учовлон алла¬маҳалгача чақчақлашишар, сўнгра Самад енгилгина ки¬йимда кўчага чиқиб, ўртоқлари билан ярим кечгача қорбўрон ўйнарди.

Ўша йиллари қишлар жуда қаҳратон, қор мўл, ариқлар ярим қулоч қалинликда музлаб ётар, болалар ҳам унча-мун¬чада шамоллайвермас эдилар.

Онаси бир қўлида Самаднинг телпаги, бир қўлида чопонини ушлаб, дарвоза ёнида соатлаб турган пайтлари бў¬ларди.

Кейин... Кейин Самад учун қора кунлар келди. Ўшанда у 17 га тўлганди. Қор аралаш ёмғир ёғар, оёқ таги лой, мўъжазгина ҳовлига тумонат одам тўпланган, отаси ва Самад чопон кийиб, ҳасса тутишган, овоз солиб йиғлашар, амма-холалар, қариндош-уруғлар кўзларида ёш билан уни юпатмоқчи бўлишарди. Ке¬йинчалик Самад амма-холаларнинг бу шашқатор кўз ёшлари, айтиб-айтиб йиғлашлари нақадар мунофиқона эканини англаб етди. Лекин у ўшанда ҳеч нимани эшитмас, сезмас, карахт эди. Эсида ¬қолгани, онасини кўмиб келишгач, қўшни келинчакнинг айтган гаплари бўлди: "Бечора янгам, қаранг, ҳатто осмон ҳам йиғлаяпти. Қандай пок одам эдилар-а, худо раҳмат қилгур..."

Қор аралаш ёмғир ҳамон тинмас, таъзияга келувчиларнинг кети узилмас, Самаднинг қулоғида келинчакнинг ўша сўзлари такрор-такрор жарангларди.

Онасининг вафотидан сўнг отаси узоқ яшамади. Самад энди ҳаёт тажрибаси ошгач, ўйлаб қараса, узоқ йил бирга, иноқ умр кечирган эр-хотинлар бир-бировларисиз кўп яшаёлмас эканлар.

Шу тариқа Самад ёлғиз қолди. У аввал ёруғ хонада ўтириб, сўнгра қоронғуликка тушиб қолган кишига ўхшар, не қиларини билмасди. Лекин вақт секин-аста унинг дард¬ларини даволай борди. Ҳарбий хизмат, институт таҳсили йиллари чексиз меҳрдан ажралгач, ҳувиллаб қолган кўнгли секин-аста таскин топгандай бўлди.

Ўзига ўхшаш қишлоқлик бир қизни қаттиқ яхши кўриб қолди, унга уйланди, шаҳарда ҳовли-жой қилди, бирин-кетин ўғил-қизлар туғилдилар, ўсиб-улғайдилар.

Ширин турмуш бир маромда давом этар, Самад ишидан, оиласидан хурсанд, то¬пиш-тутиши жойида. Лекин шундай пайтлар бўлардики, у ўзини қўярга жой тополмас, севимли машғулотлари — китоб мутолааси ҳам, энг яхши қўшиқ тинглаш ҳам кўнгил чигалини ёзолмай қолар, қандайдир чексиз, чегарасиз бир дард вужудини қамраб олар, қор ёққан оқшомлар, узун қиш кечалари ёдига тушарди. Шунча одам орасида ўзини жуда ёлғиз, ғариб ҳис эта бошларди.

* * *

Янги йил кечасига у асосан қариндош-уруғ, икки-уч ёр-дўстини оилалари билан таклиф этган, хотини елиб-югуриб, йўқни қўйдириб бор ҳу¬нарини ишга солиб, тўкин дастурхон тузаганди.

Ширин-шакар давра бўл¬ди. Лекин меҳмонлар кўп ўтиришмади, Янги йилни ҳар ким ўз уйида кутгани маъқул, дея, тез тарқалишди.

Ўғли — дўстлари, қизи — дугоналари даврасида Янги йил кутгани жўнаб қолишди.

— Кутиб, хавотир олиб ўтирманг, дада. Тонгда қайтаман, — деди ўғли.

Дастурхон бошида Самад билан хотини қолишди. Соат миллари 12 га яқинлашди. Телевизордан Янги йил табриги эшиттирила бошлади.

Эр-хотин узун қадаҳларга шампан виноси тўлдириб, уриштирдилар-да, жимгина, бир-бирларига сўз демай, секин шимириб ичдилар.

— Бўлди энди, ухлайман, кўзларим юмилиб кетяпти, — хомуза тортди хотини.

— Энди Янги йил кирди-ку! Ўтир бирпас. Наҳот, шундай пайт¬да ухлай олсанг?!

— Бинойидек ухлайман, кун бў¬йи тик оёқда юриб, тинкам қуриди.

Хотини шундай дея ётоққа кириб кетди. Самад қадаҳига яна шампан қуйди, бир кўтаришда бўшатди ва телевизор овозини баландлатди. Экранда маш¬ҳур қўшиқчи бир қўлида тор, бир қўлини баланд кўтарганича берилиб куйларди.

Самаднинг кайфияти бузила бошлаган, кўнгли ҳувиллаб борар, вужудини яна ўша беадад ёлғизлик ҳисси чулғаб олмоқда эди. "Бу қанақа гап, ахир, шунча одам, ёр-дўст, хотин, бола-чақа билан кун, соат, дақиқа сайин учрашиб, му¬лоқот қилиб, ёлғиз бўлиш, ўзини ғариб, нотавон ҳис этиш мумкинми? Қанақасига ёлғизсан, ахир, сал қаттиқ йўталсанг, атрофингда парвона бўлсалар, яна нима керак сенга? Хўп, хотининг чарчаб ухласа, қизинг дўстлари даврасига кетса, шунга шунчами? Нима, улар қош-қабоғингга қараб ўтиришсинми? Қараб ўтиришса, олдингда ортиқча ўралашишса ҳам жиғибийрон бўласан-ку! Ҳаммаси равшан, сен, оғайни, ўзингни алдама. Сен қишлоқдаги ўша байрам оқшомларини, ўша тенгсиз ва адоқсиз, улкан меҳрни қўмсаяпсан! Лекин энди сенга у меҳр бошқа насиб этмайди, чунки тегишингни олиб бўлгансан. Ҳи¬соб-китобли дунё бу. Энди меҳр кўрсатиш навбати сенга етди. Фақат, дўстим, бу кички¬нагина юрак билан улкан меҳр кўрсатишга, фидо бўлишга қо-дирмикансан? Ҳамма гап ана шунда!"

Телефон жиринглади. Самад чўчиб тушди, телевизор овозини пасайтириб, телефон дастагига қўл узатди. Гўшакдан қизининг шодон товуши эшитилди:

— Янги йилингиз қутлуғ бўл¬син, дадажон! Яна ярим соатга ушлансам, майлими?

— Ўзингга ҳам қутлуғ бўлсин, қизим. Майли, лекин кўп ҳаяллама.

— Хўп, дадажон!

Телефон дастагини қўйгач, пушаймондан юраги зирқиради. "Бекорга рози бўлдим. Қиз бола тунда уйда ўтириши керак". У ҳали фикрларини йиғиб улгурмай, телефон яна устма-уст жиринглади. Самад дастакни олган ҳамон Абдужабборнинг овозини таниди.

— Ассалому алайкум, эҳ сен ¬номард — Абдусамад! Кўряпсанми, менинг саломим ҳам қофия¬ланган. Ёлғиз, ғариб дўстингни йўқламаганингдан кейин бир табриклаб қўяй, деб телефон қиляпман. Ҳормагин энди, дўстим, яна бир ёшга қаридик.

— Узр, оғайни, қўнғироқ қи¬лолмадим. Янги йил бахт келтирсин сенга. Ҳа, яна бир йил умр ўтди-кетди.

— Аслида, Самад, менимча, Янги йилда бунчалик ҳам хурсандчилик қилиш керак эмасдиров. Ахир, бир йил умримиз камайганига, у энди сира қайтмаслигига хурсанд бўлиш керак эканми?

Абдужаббор Самаднинг ёшликдан бирга ўсган қадрдон дўсти, ҳозир икки кўча нарида ёлғиз ўзи яшарди. Унинг уйида бир стол, бир неча стул, каравотдан бўлак жиҳоз йўқ, хонанинг қолган қисмини китоб, газета ва журналлар эгаллаб ётарди.

— Абдужаббор, телефон қилганинг яхши бўлди, ўзи, зерикиб ўтирувдим, уйга кел, бир отамлашайлик, дўстим.

— Бўлмаса, шундай ғоя бор: ўзинг кел. Ярим кечада бола-чақангни ташвишга қўймайлик. Менинг уйимда эса ҳеч кимга халақит бермаймиз.

Самад бироз иккилангач, рози бўлди. У-бу егуликдан қоғозга ўраб, бир шиша шампанни қўлтиғига қистирди-да, Абдужабборникига йўл олди.

Қиш — қишга ўхшамас, тун илиқ, кўчада деярли одам йўқ эди.

Абдужаббор кўча эшиги ёнида Самадни кутиб турарди. Учинчи қаватга кўтарилдилар. Эшик олдида Абдужаббор шундай деди:

— Ичкарида ҳайронликдан шайтонлаб қолмагин, деб ҳозир огоҳлантириб қўяй: дунёдан тоқ ўтиш ҳақидаги қасамимни буздим, уйланяпман. Ҳозир келининг билан танишасан.

— Зўрсан-да, дўстим. Йигит қирқ ёшида қирчиллама бўлади, деганлари рост экан-да.

— Э, сал қолса, умр ўтиб кетганини ҳам билмай қоларкансан. Шу аёл кўзимни мошдай очиб қўйди, оғайни.

Хона ўртасида стол ясатилган, атрофига учта стул қўйилганди.

— Саодат, танишинглар: дўс¬тим Самаджон! Бу ёруғ дунёда мана шу йигитдан бўлак ҳеч кимим йўқ. Отам-онамни ҳам, қариндош-уруғимни ҳам, дўстимни ҳам — биргина унинг тимсолида мужассам қилганман...

Саодат дуркун, кўҳликкина жувон экан. Ибо билан салом берди. Дастурхон атрофига ўтирдилар.

Самад пақиллатиб шампанни очди, кўпиртириб қадаҳларга қуйди ва шундай деди:

— Саодатхон! Ҳақиқатан ҳам, бу йигитнинг шу кунгача мендан бўлак ҳеч кими йўқ эди. Энди икки киши бўлдик. Айтиб қўяй, Абдужаббор айиқдай бесўнақай бўлса-да, кўнгли жуда нозик одам. Шунинг учун унинг қадрига етинг, асранг. Янги йил кечасида ягона истагим шу: бахтларингизни берсин!

Қадаҳлар жаранги хонани, шу билан бирга, Самаднинг бундан ярим соат бурун ҳувиллаб бораётган кўнглини ҳам тўлдирди.

— Дўстлар, шу оқшом қор ёғмаганига бироз ўкинган эдим. Лекин қор ёғмаган шу Янги йил кечасида дўстимга бир умрлик ёр ато этганидан беҳад шодман.

Саодат ширин жилмайди:

— О-о, "қор" — "ёр"... Дўстингиз ҳам ўзингиздай шоиртаъб эканлар, Абдужаббор ака!

— Албатта-да. "Ўхшатмасдан — учратмас" деганлар-ку, ахир.

— Йўқ, азизларим, — деди Самад, — гап қорда ҳам, ёрда ҳам, шоирона таъбда ҳам эмас. Гап ёлғизлик ҳақида. Чўлда, саҳрода, самода, денгизда, ўрмонда, борингки, ваҳший ҳайвонлар орасида одам ўзини ёлғиз, иложсиз сезса — буни тушунаман. Лекин одамлар орасида, ёнингда бола-чақа, қариндош-уруғ, дўстлар турганда, ўзингни ёлғиз, бенаво сезсанг, дардингни кимга айтасан? Буни мен тушунолмайман!

— Қадаҳни қўлга ол, дўстим! Саодат, сен ҳам. Ҳа, баракалла! Олинглар, бизни шу тахлит ёл¬ғизликдан Худонинг ўзи асрасин!

Самад қадрдонлари билан хайрлашиб уйга қайтганида, тонг оқара бошлаганди. У тўшакка чўзилди-ю, донг қотиб ухлаб қолди ва оқ, оппоқ бўшлиқ қаърига сингиб кетди. Тинимсиз, шиддат билан қор ёғар, оқ қуюн аро кимдир Самадни чақирарди. Самад кўзлари хонасидан чиққудек бў¬либ тикилар, лекин чақираётган кишини таниёлмасди.

Ниҳоят, қор қўйнидаги кишининг чеҳраси ойдинлашди ва ¬Самад бақириб юборди: "Она! Онажон!"

Онаси Самад томонга талпиниб, зорланарди: "Чопонингни ки¬йиб ол, ўғлим, шамоллаб қоласан..."

Қор ҳамон шиддат билан ёғарди...

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.