Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 103 дан: 23.12.2017

* Маданий ҳаёт

Шароф Рашидов — мамлакатимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилган, миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли адиб, халқимизнинг оташқалб фарзанди. Унинг ҳаёт ва ижод йўли, қолдирган улкан адабий мероси бугунги навқирон авлод вакилларини ватанпарварлик ғоялари асосида тарбия¬лаш, юрт тараққиёти, тинчлиги ва фаровонлигига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга хизмат қилади.

Бухоро давлат университетида адиб таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб ташкил этилган "Халқимизнинг оташ¬қалб фарзанди" мавзуидаги давра суҳбатида ана шулар ҳақида сўз борди. Айниқса, ёзувчининг бадиий ижод соҳасидаги самарали меҳнати изсиз кетмаганлиги алоҳида таъкидланиб, бугунги ва эртанги авлод камолотидаги аҳамияти хусусида тўхталиб ўтилди.

Анжуман талабалар томонидан Шароф Рашидов асарлари асосида тайёрланган адабий-композицион чиқишлар тақдимоти билан давом этди.

***

Самарқанд вилояти қўғирчоқ театри жамоаси вилоятимизда бир неча кун давомида гастролда бўлди. Томошабинлар аудиториясини кенгайтириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида уюштирилган дастур давомида ижодий гуруҳ Бухоро шаҳри ва тумани, Жондор, Ромитан ва Вобкент туманларида ўз спектаклларини намойиш этди.

Театр жамоаси боғча ёшидаги болалар ва бошланғич синф ўқувчилари учун "Зумраша" ҳамда ўсмирлар учун "Илм — ақл чироғи" номли саҳна асарларини тақдимот қилди.

***

Мамлакат театрларининг ўзаро ҳамкорлиги доирасида ¬Бухорога ташриф буюрган Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри ижодий жамоаси эса ўз гастроль сафари давомида маърифатпарвар адиб Абдулла Авлонийнинг "Адвокатлик осонму?.." комедиясини томошабинлар эътиборига ҳавола қилди. Уч кун мобайнида вилоят театри саҳнасида намойиш этилган мазкур спектаклни воҳамизнинг турли меҳнат жамоа¬лари вакиллари ҳамда ёшлар томоша қилишди.

Режисёр А.Холмўминов саҳналаштирган, ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмаслик, илми, хат-саводи йўқлиги сабабли ноқулай вазиятда қолиш каби қусурлар кулги остига олинган спектакль томошабинларни қизғин мунозара ва мушоҳадага чорлади. Саҳна асари ёш авлодни ўз ҳуқуқий билимларини ошириш, амалий тажрибага эга ходимлар сифатида шаклланишга даъват этиши билан ҳам муҳим маърифий аҳамият касб этди.

***

Мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларнинг нафақат жисмоний, балки маънавий салоҳиятини юксалтириш борасида ҳам диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.

Бухоро шаҳридаги Н-ҳарбий қисмда "Китоб — маънавият кўзгуси" шиори остида ташкил этилган китоб ярмаркаси ва фаол китобхонлар мусобақаси ҳам айни шу жиҳати билан аҳамиятли бўлди.

"Бухоро-Шарқ" хусусий корхонасига қарашли китоблар мажмуаси жамоаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Тадбир доирасида китобга бўлган муносабатни ошириш, унинг турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимояланиш воситаси сифатидаги аҳамиятини кучайтириш борасидаги давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.

Ўз мухбирларимиз

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.