Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 103 дан: 23.12.2017

* Давр ва ҳудудлар: Қоровулбозор тумани

Истиклол берган улкан имкониятлар

Республика мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ мамлакат иқтисодини ривожлантириш, халқ турмуш фаровонлигини ошириш, собиқ шўролар тузуми инқирози оқибатида аросатда қолган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тезкорлик билан кўрилган чора-тадбирлар йиллар ўтиб, ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Жумладан, узоқ йиллар Когон тумани таркибида бўлиб келган Қоровулбозор қўрғони негизида шу номдаги туман ташкил этишдан кўзда тутилган мақсад ҳам ана шундай эзгу эди.

Ўшанда бу ҳудудда тўртта давлат хўжалиги, бир нечта қишлоқ ва асосан нефтчи ҳамда газчилар истиқомат қиладиган қўрғон мавжуд эди, холос. Бу жойларда мавжуд инфратузилма жуда ночор аҳволда эди. Кўплаб ҳаётий масалаларни ҳал этиш учун олисдаги туман ёки вилоят марказларига бориш зарур эди. 1993 йилда Қоровулбозор тумани ташкил этилгани ҳақидаги хушхабар шу ҳудудда яшаётган барчани чексиз қувонтирди. Чунки Қоровулбозорда аҳоли оз бўлса ҳам, муаммо оз эмасди. Энди эса ушбу муаммолар шу ернинг ўзида ечимини топади. Кишилар арзимасдай туюлган кичик бир масала билан 50-60 чақирим йўл босиб, олисларга қатнамайдилар. Маданий-маиший хизматлар шу ернинг ўзида кўрсатилади. Мана шу унутилмас воқеага ҳам 25 йил тўлмоқда.

Бундан чорак аср муқаддам бу ерда бўлган киши бугун унинг кўча ва майдонларини, гулзорларини кезиб чиқиб, Қоровулбозорда юрганига ишонмаса керак. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг қурилиши муносабати билан 1993 йилдан буён Қоровулбозор улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш майдонига айланди. Ўшанга қадар шаҳарчада нефть ва газ ишлаб чиқариш корхоналарига тегишли атиги бир неча маданий-маиший бинолардан бошқа кўзга ташланадиган иморат йўқ эди.

Буюк ипак йўли тармоқларидан бирининг устида жойлашган бу манзил-макондан кимлар ўтмаган, дейсиз. Лекин уларнинг бирортаси замонлар ўтиб беаёв, кимсасиз саҳро қўйнидаги, табиат бир қатра сувини қизғанган дашт бағридаги ҳаёт гуллаб-яшнашини, қум ва шағал, оҳактошли тупроғида эл дастурхонини безайдиган нозу неъматлар етиштириш мумкинлигини, бу ернинг қаърида нефть, газ каби хазина борлигини хаёлига ҳам келтирмагани турган гап.

Халқимизнинг тошда ҳам гул ундира олишдек қудрати бор. Бундан 50-60 йил муқаддам бу ерга одамлар кела бошладилар. Дастлабки нефт¬чилар, газчилар шарофати билан аввал соҳа корхоналари, кейинчалик қурилиш, қишлоқ хўжалиги, сув ташкилотлари пайдо бўла бошлади. Бироқ булар ҳали Қоровулбозорда ҳаёт жўшқинлиги учун етарли эмас эди. Хусусан, ўтган асрнинг 80-йиллари охирларига келиб, ҳаёт мароми анча секинлашиб, бора-бора, бу манзил яна саҳрога айланиши ҳеч гап эмас эди.

Мустақиллик Қоровулбозорга иккинчи ҳаётни бахш этди. Туманда қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт тармоқлари кенгайди. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар туфайли фермерлик ҳаракати ривожланиб, ер ўзининг ҳақиқий эгасини топа бошлади. Савдо, маиший хизмат, тиббиёт соҳалари жонланди.

Бошқарувнинг ҳокимлик тизими ташкил топгач, одамларга хизмат кўрсатадиган тармоқлар фаолияти йўлга қўйилди. Завод қурилиши бошланиши билан Қоровулбозор шаҳрига ёнма-ён яна бир замонавий шаҳарча — Нефтчилар қўрғони қад ростлади. Қоровулбозорнинг ўзида эса мослаштирилган биноларда фаолият кўрсатиб келаётган идора ва ташкилотларнинг замонавий меъморчилик лойиҳалари асосидаги кўркам маъмурий бинолари қад ростлади. Корхона ва ташкилотлар ходимларига берилган унча қулай бўлмаган уйларда яшаб келган аҳолининг моддий аҳволи яхшилангани сари кўпчилик янги, замонавий типдаги уй-жойларни қура бошлади. Натижада шаҳар анча кенгайиб, янги кўчалар барпо бўлди.

Бу кўчалардан ўтар экансиз, мана шу шафқатсиз саҳро бағрида муқим яшашга аҳд қилган, сўлим, обод туманлардан келиб, саҳрони ўзларига ватан қилган инсонлар қалбида эртанги кунга нақадар катта умид ва ишонч борлигидан ҳаяжонланиб кетасиз. Улар ўзларидан кейинги авлодлари ҳам шу ернинг фарзанди бўлиб қолишига астойдил ишонганлари учун бу заминга бор меҳрлари, қалб қўрларини бағишламоқдалар.

Бундан 25 йил муқаддам бу ерда савдо дўконлари, ошхоналарни бармоқ билан санаш мумкин эди, бугун эса уларнинг санаб адоғига етолмайсиз. Нозик дид билан барпо этилган бундай хизмат кўрсатиш масканлари эрталабдан кечгача мижозлар билан гавжум.

Қоровулбозорнинг асосий ва ички йўлларига бугун энг ривожланган туманлар аҳолиси ҳам ҳавас қилади. Бу йўллар ёқасидаги ободончилик, саришта-саранжомлик, гулзорлар, оқшомдан тонггача порлаб турадиган электр ёритгичлар кўзни яшнатади, дилни қувонтиради.

Кунчиқар томондан шаҳарга яқинлашар экансиз, қадимий сардоба рўпарасида намунавий лойиҳа асосида қурилган ва қурилаётган уй-жойлар туман кўркига-кўрк қўшаётганига гувоҳ бўласиз. Касб-ҳунар коллежининг муҳташам биноси, бошқа маиший, маъмурий иморатлар ўз кўрки ва услуби билан катта шаҳарлардаги бинолардан асло қолишмаслигига амин бўласиз.

Нефтчилар шаҳарчасига йўлингиз тушса — янада гўзал бир манзилга дуч келасиз. Завод ишчи-хизматчилари учун қурилган бир ва икки қаватли уйлар, икки бети гулзор, кўкаламзор равон кўчалар, шаҳарчага уланиб кетган муҳташам маданият саройи ва унинг теварагидаги мактаб, лицей, спорт-соғломлаштириш мажмуаси, меҳмонхона сингари хилма-хил биноларни, майдонлардаги фаввораларни кўриб, кўнглингиз яйрайди.

Бугун туманда 100 га яқин хўжалик юритувчи корхоналар, 180 та фермер хўжаликлари, 290 та кичик бизнес субъектлари, 7 та маҳалла фуқаролар йиғинлари, 8 та мактаб, 9 та МТМ, академик лицей, саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли поликлиника, касалхона, ҚВПлар, маданият саройлари, кутубхоналар, спорт-соғломлаштириш мажмуалари, янги бинога эга бўлган мусиқа ва санъат мактаби, 2 та савдо мажмуаси, 2 та деҳқон бозори ва бошқа муассасалар фаолият кўрсатмоқда.

Мустақиллик берган имконият туфайли кўпмиллатли қоровулбозорликлар туманнинг иқтисодий гуллаб-яшнаши, маданий жиҳатдан юксалиши йўлида бир тан, бир жон бўлиб хизмат қилмоқдалар. Бу саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, улар турмушининг фаровонлигини таъминламоқда.

Туманда жорий йилнинг ўн ойида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 121,0 фоизга ўсди. Бу 1 триллион 480 миллиард 468 мил¬лион 800 минг сўмни ташкил этди. Шу давр мобайнида 311 миллиард 923 миллион 800 минг сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилди. Туман корхоналари томонидан кўрсатилган экспорт хизматлари жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 692100 АҚШ долларига тенг бўлди. Шундан 34400 АҚШ долларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этди.

Жорий йилда 6235 гектар майдонда шартномада белгиланган 14705 тонна ўрнига 15354 тонна ғалла етиштирилди. Пахтачилик соҳасида ҳам бу йил қоровулбозорлик деҳқонлар вилоятда биринчи бўлиб шартномавий ¬режаларини ошириб уддаладилар. Даст¬лабки ҳисоб-китобларга кўра, давлатга пахта сотишдан 22 миллиард сўм¬дан ортиқ даромад қилиниши кутилмоқда. Полиз, сабзавот, мева етиштиришда ҳам кўрсаткичлар салмоқли. Чорвачилик, паррандачилиик, балиқчилик соҳаларини янада ривожлантириш бўйича изланишлар давом этмоқда.

"Бухоро вилоятини 2017-2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури" асосида жорий йилда туманда умумий қиймати 21,4 миллиард сўмлик, шу жумладан 10,6 миллиард сўмлик банк кредити маблағи эвазига 86 та лойиҳа амалга оширилиши ҳамда 579 та янги ишчи ўрни яратилиши кўзда тутилган. Ўтган бир йилга яқин муддат давомида лойиҳа қиймати 8,1 миллиард сўмлик, шу жумладан 2,6 миллиард сўмлик банк кредити маблағи эвазига 49 та лойиҳа амалга оширилиб, 107 та янги ишчи ўрни яратилди.

Юқорида қайд этилган кўрсаткичларни бундан 15-20 йил олдинги эмас, ҳатто 2016 йил кўрсаткичлари билан солиштирганда ҳам, ижобий ўсишлар ғоят катта экани яққол кўзга ташланади.

Бугун Қоровулбозорда қайси хонадонга, қайси корхона ёки ташкилотга борманг, ким билан суҳбатлашманг, одамлар чеҳрасида ҳаётдан, қилаётган меҳнатидан мамнунлик, тинч шароитда яшаётганидан қалблари шукроналик туйғусига тўлиб-тошганлигига амин бўласиз. Ўзбе¬кистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Президентимиз Фармонига кўра "Шуҳрат" медали билан тақдирланган, тумандаги "Умар Шариф" фермер хўжалиги раҳбари Савриддин Умаров тимсолида нишондорлари сафи янада кенгайган қоровулбозорликлар туманнинг 25 йиллик тўйига ана шундай кўтаринки кайфият ва меҳнатдаги ютуқлар билан пешвоз чиқмоқдалар.

Баҳром СОЛИЕВ, "Қоровулбозор тонги" газетаси муҳаррири

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.