Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 102 дан: 16.12.2017

* Юз билан юзлашганлар

Қўллари доимо дуода

Ромитан тумани Хокимулломир қишлоғилик 102 ёшли онахон Робия биби Абдуллаева хонадонига кириб борганимизда, таъмирлаш ишлари устидан чиқдик. Маълум бўлишича, бувининг эвара келинини тушириш тараддуди кўрилаётган экан.

— Хонадоннинг катта келиниман, — дея ўзини таништирди бизни қарши олган хонадон соҳибаси Хадича Аҳадова, — ёшим 81 да. Умр йўлдошим Равшан Ражабов билан турмуш қурганимизга 60 йилдан ошди. Саккиз фарзандимнинг барини ойижоним катта қилганлар. Мен ва турмуш ўртоғим далада ишлаб, рўзғор юритганмиз.

Бир умр дори-дармонга муҳтожлик сезмай соғлом юрган Робия биби ўтган йил оёғи синиб, тўшакка михланиб қолган эканлар. Лекин ҳеч ким у кишини бемор деб ўйламайди. Чеҳралари очиқ, кайфиятлари кўтаринки, дилкаш суҳбатларини эшитиб тўймайсиз.

— Келин тушириш ҳаракатини қилаяпмиз-у, ўзим келин бўлиб келинлик даврини суролмаганим ёдимга тушади, — деди онахон ўксик товушда. — 17 ёшимда ҳамқишлоғим Ражаб Бобоевга узатишган. Аммо кўп ўтмай "бекнинг қизига уйлангансан" деган айб билан куёвни қамоққа олишди. Дарҳақиқат, отам Абдуллахон Бу¬хоронинг машҳур бекларидан бири бўлиб, амир саройида хизмат қиларди. Амир Олимхон чет элга қочиб кетгач, отам ҳам янги ҳукумат таъқиби сабабли, шу қишлоққа келиб қол¬ганлар. Барча мол-мулкимиз давлат ҳисобига мусодара қи¬лингани учун қашшоқликда кун кечирсак-да, бой таба¬қадан эканлигимиз ҳар қадамда панд берарди. Эрим қамоқдан чиқиб, икки болали бўлганимизда, уруш бошланиб қолди ва уни ишчи батальонига хизматга ча¬қиришди. Ўша йиллар кўрган қаҳат¬чилик, очарчилик азобларини душманга ҳам раво кўрмайман. Айниқса, 1943 йилнинг қиши ниҳоятда қаттиқ келди. Баҳор келмай ғамлаб қўйган егулигимиз тугади. Қўлимда бирор танга пул йўқ. Гўдакларим "нон" дея бўзлашади. Ҳеч чора топмагач, икки болани етаклаб, пою пиёда Бухоро шаҳрига — қа¬риндош-ларимизни излаб кетдим. Аммо қаҳратон қишда икки норасида гўдак билан кимнинг ҳам кулбасига сиғардим. Шу кўйи яна оч-наҳор йиғлай-йиғлай қишлоққа қайтиб, қўни-қўшнилардан мадад сўраганман.

Робия бибига ўша машъум йилларни эслаш нақадар оғирлигини ҳис қилиб, гапни бошқа томонга бурдик.

— Болалар, невара-чеваралар нечта?

Саволимизга жавоб берар экан, бибининг ёшдан нам кўзлари чарақлаб кетди:

— Яратган менга уч паҳлавон ўғил ва оқила келинларни тортиқ этган. Улардан 26 та невара, 73 та эвара, 40 та чеварам бор. Отаси дунёдан ўтганда, тўнғичим Равшан битта болали эди. Қолган икки ўғлимни далада ишлаб, мол-ҳол боқиб, пилла тутиб, ўзим уйли-жойли қилганман.

Келинларим ёши бир жойга бориб, пенсияга чиқишгач, ҳозир невара келиним Дилрабо хизматимни қиляпти. Тақдиримдан нолимайман, шундай дори¬л¬омон кунларга етиб келганим учун шукроналар айтиб яшаяпман.

Робия биби хонадонига ҳар ҳафта бўлмаса-да, ҳар ўн беш кун, бир ойда авлодларидан тўй хабари келиб туради. Ҳали у невараси, ҳали бу эвараси қиз чиқариб, ўғил уйлантиради. Суннат тўйи, туғилган кун, ҳовли тўйларини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Хонадоннинг қатъий бир удуми бор. Ким қандай иш бошламасин, албатта Робия бибидан дуо олиб, сўнг тараддудга тушади. Хонадон аҳлининг тинч-фаровон яшаётгани, меҳнатидан баҳра топаёт¬гани сабаби ҳам аслида мана шу!

Зуҳра ҚУРБОНОВА Суратда: Робия биби келини Хадича Аҳадова билан.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.