Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 101 дан: 13.12.2017

"Ҳосил байрами" тантаналари шукуҳи

Якшанба тонгидан Бухоро шаҳридаги қадимий Арк майдони ўзгача қиёфа касб этди. Бу ерда мамлакат Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни тантаналари ва "Ҳосил байрами" шодиёналари бўлиб ўтди.

Байрамона безатилган майдон вилоятнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган соҳа пешқадамлари, кўп сонли меҳмонлар билан гавжум бўлди.

Тантанали маросимда вилоят ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Таъкидландики, мамлакат фаровонлиги, эл дастурхонининг тўкин-сочинлиги йўлида фидокорлик кўрсатаётган пахтакорлару ғаллакорлар, соҳибкорлару чорвадорлар, умуман, фаолияти соҳа билан бевосита боғлиқ барча тармоқлар жамоаларининг меҳнати таҳсин ва шарафга лойиқ. Мамлакатимиз Президенти томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, илк бор соҳа ходимлари касб байрами нишонланиши улар меҳнатининг муносиб эътирофи бўлди.

Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини янада ривож¬лантиришда ўз самарасини бераётир. Пахта ва ғалла майдонларининг бир қисмига бош¬қа экинлар жойлаштирилишига қарамай, улар ҳосилдорлигини ошириш эвазига салмоқли натижаларга эришилмоқда. Жорий йилда бухоролик пахтакорлар 300 минг тоннадан зиёд "оқ олтин" етиштирдилар.

Мамлакатимиз Президентининг арафада Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида Бухоро ва Вобкент туманлари пахтакорлари республикадаги пешқадамлар сафида тилга олинди.

Қайд этиш лозим, вилоятнинг пахтачиликдан жами 116 миллиард 423 миллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда. Вилоятимиз деҳқонлари жорий йилда 376 минг 214 тонна ғалла етиштирдилар. Ана шу ҳосилнинг ярмидан зиёдроғи фермер хўжаликлари ихтиё¬рида қолдирилди. Бу улар меҳнат пировард натижасидан манфаатдорлигини янада яхшилашга хизмат қилади.

Бугунги кунда вилоятда 7589 та фермер хўжалиги бўлиб, жумладан, 5249 таси кўптармоқли ҳисобланади. Жорий йилда улар томонидан балиқчилик йўналишида 132 та, асаларичилик тармоғида 93 та, чорвачиликда 263 та лойиҳа амалга оширилди.

Вилоятда бу йил ғалладан бўшаган майдонларнинг 51701 гектарига такрорий экин экилиб, 82 миллиард сўмлик ёки 95145 тонна маҳсулот етиштирилди. Унинг 24808 тоннаси экспорт қилинди.

Албатта, юртимизда шарафли ва фидокорона меҳнат қадр топади. Республикамиз Президентининг Фармонига асосан, Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан тақдирланган миришкорлар сафида "Дўстлик" орденига сазовор бўлган, Ромитан туманидаги "Файз-2000" фермер хўжалиги раҳбари Яҳё Файзиев ҳам бор.

— Юксак мукофот хўжалигимиз аъзоларини қувонтириб юборди, — дейди ордендор суҳбатдошимиз. — Улар — чўл шароитида юқори натижага эришишда катта тажрибага эга фидойи кишилар. Жорий йилда 117 гектар ерда 405 тонна пахта етиштириб, шартномавий режани ошириб бажардик. Ғалла майдонлари ҳосилдорлиги 60 центнерга етказилди. Етиштирилган буғдойимизнинг давлатга сотганимиздан ошиқчаси, яъни 350 тоннаси омборимизда қолди. Ундан барча аъзоларимиз баҳраманд. Эришган ютуқларимизда унумдорлиги паст чўл ерларида деҳ¬қончилик тадбирларини амалга оширишда давлат бюджети ҳисобидан 85 миллион сўм молиявий ёрдам — дотация ажратилгани ҳам муҳим омил бўлмоқда. Айтиш керак, фермер хўжалигимиз кўптармоқли. Қорамолчилик, қоракўлчилик, сабзавотчилик соҳаларимиз ривож топмоқда. Балиқчиликни ҳам йўлга қўйдик.

Маросимда вилоят қишлоқ хўжалиги равнақига катта ҳисса қўшган бир гуруҳ миришкорлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, вилоят ҳокими туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари — қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиқларига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган "Равон" хизмат енгил автомашиналарининг калитларини тантанали суратда топширди.

Шу билан бирга, тантана давомида миришкор деҳқонларимиз тўйига тўёна ҳозирлаган, кураш бўйича Туркияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати совриндорлари Шаҳрам Аҳадов ҳамда Гавҳар Худойқуловалар ҳам вилоят ҳокими томонидан муносиб тақдирланди.

"Ҳосил байрами" муносабати билан деҳқону чорвадор ва боғбонлар етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг кўргазма ва ярмаркаси ташкил этилди.

— Ноз-неъматлар харид қи¬лиш олдидан, фермеру деҳқонларни касб байрами билан табрикладим, — дейди харидорлардан бири Феруза Азизова. — Қўллари дард кўрмасин. Дастурхонимиз улар меҳнати туфайли тўкин. Ярмаркага мўл ҳосил олиб келишибди, нархи ҳам бозордагидан арзон. Саховатли деҳқонларимиз бор бўлишсин!

Тадбир доирасида ҳунарманд¬чилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Тантана қатнашчилари учун дастурхон ёзилиб, ош тортилди.

Таниқли санъаткорлар, фольк¬лор жамоалари, дорбозларнинг чиқишлари сайилга файзу тароват бағишлади.

* * *

Шофиркон туманидаги "Соҳиб" фермер хўжалиги раҳбари Мирзо Ботиров пахтачиликда ўзига хос мактаб яратган деҳ-қонлардан бири. Бутун умри далада ўтаётган тажрибали пахтакор бошлиқ хўжалик бир неча йиллардан бери 40 центнерлик маррадан тушмай келмоқда. Хўжалик, шунингдек, ғалла, мева-сабзавот ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ҳам илғорлар сафида.

Мамлакатимизда биринчи марта ўтказилаётган Қишлоқ хў¬жалиги ходимлари куни муносабати билан М.Ботиров кўп йиллик фаолияти ва хўжаликнинг жорий йилдаги меҳнат самараси инобатга олиниб, туман ҳо¬кимлиги томонидан "Дамас" автомашинаси билан тақдирланди.

М.Ботиров сингари қишлоқ хў¬жалиги илғорлари, тумандаги барча фермер ва деҳқон хўжалиги раҳбарлари, соҳага дахлдор корхона-ташкилот вакиллари туман марказидаги "Илҳом" маросимлар мажмуасига йиғилдилар. Ушбу сана ва "Ҳосил байрами" муносабати билан улар шарафига тўкин дастурхон ёзилиб, бобо¬деҳқон ва чорвадорлар шарафланди.

— Президентимизга минг раҳ¬мат, деҳқон меҳнатини қадрлаб, унинг мамлакатимиз тинчлиги, хал¬қимизнинг фаровонлиги ва иқтисодиётимизнинг ривожидаги ўрнини инобатга олиб, алоҳида байрам кунини белгилаб бердилар. Бу — бизнинг меҳнатимизга бўлган юксак эътибор ва рағбат намунасидир, — дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совға билан тақдирланган "Отабек-Д" фермер хўжалиги раҳбари Отабек Облоқулов қувончини яширолмай.

Тадбир туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази ходимлари томонидан тайёрланган мусиқали байрам дастури ва театр-лаштирилган томошалар билан давом этди.

* * *

Нафақат "Лоло" МФЙ, балки Жондор тумани пешқадамлари сафидаги "Шавкат-2000" фермер хўжалиги учун якунланаётган йил жуда баракали келди. Ҳар қарич ердан оқилона фойдаланган миришкорлар 32 гектар ғалла майдонидан 100 тонна ўрнига 186 тонна сара дон, мавжуд 39 гектар пахта майдонидан давлат шартнома режасида белгиланган 119 тонна ўрнига 128 тонналик "оқ олтин" хирмонини бунёд этишди. Буғдойдан қўлга киритилган даромад 100 миллион сўмдан, пахтадан эришилган фойда эса 267 миллион сўмдан кам эмас. Жорий мавсумда яна ғалладан бўшаган майдоннинг 9 гектарида мош, 2 гектарида сабзавот маҳсулотлари етиштирилиб, якунда 40 миллион сўмдан ошириб даромад қилинди.

— 2014 йилдан 4 гектарда интенсив усулда шафтолизор ва ўрикзор ташкил қилганмиз, шу йил ниҳолларимиз ҳосилга кирди, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Бахшулло Қўлдошев. — Қолаверса, қорамолчилик билан жиддий шуғулланиб, ҳозирда улар сонини 87 бошга етказдик. Жорий йил ўтган даври мобайнида вилоят ҳамда пойтахтимизда ташкил этилган ярмаркаларда қатнашиб, арзон нархда 2600 килограмм гўшт сотдик. Айни кунда 19 киши муқим иш ўрнига эга хўжалигимизда сунъий балиқчилик ҳавзаси ҳам мавжуд.

Хуллас, эришаётган салмоқли ютуқлари ўлароқ, "Шавкат-2000" фермер хўжалиги раҳбари байрам муносабати билан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совға билан тақдирланди.

Мазкур санани жондорлик деҳ¬қон-фермерлар ҳам зўр шодиёна билан қарши олдилар. "Хумин" МФЙдаги "Жаҳонгиршоҳ" тантаналар мажмуасига йиғилган 700 нафарга яқин қишлоқ мулкдорининг энг муносиблари тақдирланди. Меҳнати эътироф қозонганлар орасида нафақат фермерлар, ирригатор ҳамда мелиораторлар, комбайнчи, механизаторлар, йиғим-теримни уюшқоқлик билан ташкил этишда яқиндан кўмаклашган МФЙлар раислари, жамоат ташкилотлари вакилларининг борлиги тадбирга ўзгача шукуҳ бахш этди.

Шу куни файзли дастурхон атрофида йиғилган миришкорлар Феруза Жуманиёзова, Ма¬лика Эгамбердиева сингари таниқли эстрада хонандалари қў¬шиқ¬ларидан баҳраманд бўлдилар.

* * *

Қоракўлда ҳам Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносиб нишонланди. Туман марказидаги "Чароғон" номли кўркам ресторанда шу муносабат билан байрам тадбири ўтказилди. Унда фермерлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари, пахта-йиғим теримида фаол қатнашган ҳашарчилар тўкин дастурхон атрофида жам бўлишди.

Тадбирда туман ҳокими Ҳ. Ғо¬йиров ва ҳудуддаги қатор илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари, соҳа мутахассислари сўзга чиқишди.

"Ҳосил байрами" тарзида ўтказилган тадбирда жабҳа ривожига муносиб улуш қўшиб келаётган 500 нафардан зиёд фермер, тадбиркор, мутахассислар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

— Бободеҳқон учун ўз меҳнати самарасини кўришдан, шу орқали эътибор топишдан каттароқ бахт йўқ, — дейди тумандаги "Бўронбобо" фермер хўжалиги раҳбари Илёс Бўронов. — Давлатимиз томонидан биз, қишлоқ хўжалиги ходимларига кўр-сатилаётган ғамхўрлик, юксак эътибор замирида ҳам айни ҳақиқат ётибди. Бугунги тадбир давомида мен бу нарсага яна бир бор амин бўлдим.

Тадбир миришкор-деҳқонларимиз меҳнатини шарафловчи куй-қўшиқларга уланиб кетди.

Шу куни бу каби тантаналар ва "Ҳосил байрам"лари вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида кўтаринки руҳда ташкил этилди.

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

"Бухоронома" мухбирлари Эреин Ёдгоров, Алишер Обидов, Учкун Тожиев ва Рустам Ибрагимовлар тайёрлашди.

Сергей ПОЛЕТАЕВ ва Тоҳир ИСТАТОВ олган суратлар

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.