Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 99 дан: 08.12.2017

Таниқли шоир ва журналист Тошпўлат Ҳамид таваллудининг 90 йиллигига

* Унутмас мени боғим

Ҳаёт ғувури

Ўзимга ҳеч қилмайман шафқат,

Тинчитмайди дунё ишлари.

Эзгуликни ўйлайман, фақат,

Хаёлимда эл юмушлари.

Атрофимга қарасам, шу гап,

Дўстларим ҳам ўзим қатори.

Иш билан банд, турмайди мудраб,

Яшнатай, дер жаннат — диёрин.

Замонага ҳукмрон шиддат,

Учиб юрар космосда инсон.

Тезлашмоқда кундан-кун суръат,

Ўйнатар гоҳ дилни ҳаяжон!

Суръатларда яшин тезлиги,

Юракларда инсоний шуур.

Ҳаёт завқи — меҳнат севгиси,

Иш ғувури, Сизга ташаккур!!!

Бедазорда

Нурларини тўкар тўлин Ой,

Теракларнинг боши шивирлар.

Шовуллайди бир томонда сой,

Ойдин кеча мени сеҳрлар.

Бедазорда пидпилдиқ отиб,

Тиним билмай сайрар бедана.

Ойдин кеча...

Далада ётиб,

Юлдузларни санайман яна.

Чақнаб турар кўкда бир юлдуз,

Марвариддай танҳо, ажралиб.

Узоқ боқсам қамашади кўз,

Беш қиррага нурин сачратиб.

Минг мақомга тўла бедазор,

Чигирткалар тинмай чириллар,

Қулоғимга тун сирларини

Шаббодалар аста

пичирлар...

* * *

Тонг нозланар, чиқаман боққа,

Ташқарида баҳор, субҳидам.

Бодом гули маржон бутоққа,

Баргларида титрайди шабнам.

Эсга солар бодом — оқ бадан,

Оқ кийинган ёримни шу дам.

Гўё ёрим мени соғинган,

— Шудринглар-чи?

— Мижжасида нам!

Қуёш

Қуёш — рассом,

Зарҳалга бўяб,

Сўнг томоша қилар боғларни.

Булоқларга аста қўйиб лаб,

Нурга чулғар баланд тоғларни.

Қуёш — рассом,

Қишлоқ йўлида,

Кимхоб тўшаб, ёйди пойандоз.

Бўёқ олиб сўнгра қўлига,

Чаманларга берди у пардоз!

Икки умр

У шоир сифатида бахтли юлдуз остида туғилган. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида атоқли адиб Абдулла Қаҳҳорнинг назарига тушиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раҳбарлигига тавсия этилган эди. Даст¬лабки шеърий тўплами — "Қуёш шаънига" (1960 йил) нашр қилингандан кейин кўп ўтмай ҳақгўй адабиётшунос Озод Шарафиддинов "Замон. Қалб. Поэзия" номли китобида уни истеъдодли ижодкор сифатида эътироф этган, шеърларини таҳлил қилиб, илиқ фикрлар айтган эди. Ўзбекистон халқ шоири Уй¬ғун эса уни "Зарафшон булбули" деб атаган, таниқли олим Маҳмудали Юнусов унга "ҳаётда ҳам, шеъриятда ҳам серзавқ, жўшқин шоир" дея баҳо берган эди.

Бу ўринда истеъдодли лирик шоир ва достоннавис Тошпўлат Ҳамид (1927-1984) ҳақида гап бор¬япти. Қизилтепа тумани Бўстон қишлоғидаги маърифатли хонадонда таваллуд топган шоир ҳаётининг асосий қисми илм-зиё маскани бўлмиш Бухорои шариф билан чамбарчас боғлиқ. Бу муқаддас шаҳарда у ўзбек тили ва адабиёти бўйича олий маълумот олди, Шофиркон туманида муаллимлик билан ўз меҳнат фаолиятини бошлади. 1955 йилдан умрининг охиригача Бухоро шаҳрида яшаб, меҳнат ва ижод қилди. Иш фаолиятининг каттагина даври "Бухоронома" (ўша вақтларда "Бухоро ҳақиқати" деб аталган) газетаси билан боғлиқ. Бу жамоада у бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир лавозимларида ишлади.

Илк шеърий тўпламидан сўнг бирин-кетин унинг "Менинг асрим", "Асрорқулнинг қўчқори", "Бинафша уфқлар", "Тилла дарвоза", "Қора кийик", "Қуёш зарралари" каби китоблари дунё юзини кўрди. Асарлари нуфузли газета-журналлар, жамоа тўпламлари саҳифаларидан ўрин олди.

Шоирлар бўладики, тириклигида ёзган асарлари ўқилади. Кейин эса унутилади. Бошқа тоифа қаламкашларнинг асарлари эса ҳаётлигида ҳам ҳеч кимнинг эътиборини тортмайди. Китоблари дўкон пештахталарида қолиб кетади. Тошпўлат Ҳамид ижоди бошқача тақдирга эга. Шоир адабий мероси намуналарининг аксариятини ҳозир ҳам завқ билан мутолаа этиш, улардаги гўзаллик туйғусидан баҳра олиш мумкин. Фикримизни далиллашга ҳаракат қиламиз:

Офтоб нури шалола,

Қирларда ёнар лола.

Кел. Қучоғинг тўлдирай

Лолақизғалдоқларга.

Тоғларга боқ, тоғларга.

Шу шеърий парчанинг ўзидаёқ бир эмас, учта бадиий санъат — ташбеҳ, истиора, мурожаат кабилар маҳорат билан қўлланган. Айниқса, Қуёш шуълаларининг тепадан пастга шиддат билан оқиб тушадиган шалолага қиёсланиши шеър¬хон дилини беқиёс ¬завққа тўлдиради. "Ёниш" аслида лолага хос эмас. Аммо чўғдек ярқираб турган лолақизғалдоқлар лирик қаҳрамонга гулханнинг ловуллаб алангаланишини эслатади. Бундай кўчимнинг ўз ўрнида истифода қилиниши шеърга ўзгача тароват бахш этган.

Шоир лирик меросида шундай мисра ва байтлар борки, у китобхон хотирасида бир умр муҳрланиб қолади: "Инсон ақли Галактика йўлида чироқ" ("Менинг асрим"), "Чироқни ёқтирмас бир кўршапалак, Парвона нур дея бўлади ҳалок" ("Чироқлар"), "Уст-бошига чанг қўнса чертган Олифтадан жирканади Ер" ("Тупроқ ўйини"), "Зулмат қоплаб ётган элларга Ҳаёт, ёғду бўлиб кираман" ("Қуёш зарраси")...

Шоир лиро-эпик соҳада ҳам баракали ижод қилган. Унинг "Минг йиллик хаёл ва заркокил", "Соҳибжамол ҳақида" балладалари, "Тилла дарвоза", "Табаррук тупроқ", "Қора кийик" достонлари ўз даврида шеърият мухлислари томонидан ўқилган ва яхши баҳоланган. "Тилла дарвоза" достони¬даги мана бу мисралар она-Ватан — Ўз¬бекистонга бўлган асл меҳр-муҳаббатнинг бадиий ифодасидир:

Расул оға, Қайсин оғалар

Тоғларини мақтасин, майли.

Ой кўринар Қизилқум менга

Олов юраклиги туфайли.

Агар тақдир отса йироққа,

Кесилса-да ҳатто оёғим.

Топар эдим уни сўроқлаб,

Меҳри бўлиб қўлтиқтаёғим.

Тошпўлат Ҳамид фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати борки, у шоирлигидан ҳам ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас. У ижодий ҳаётининг ҳамма бос¬қичларида ёш қаламкашларга катта эътибор билан қараган, уларнинг катта адабиёт йўлида киришларига раҳнамолик қилган. Замонавий Бухоро адабий муҳитининг янгидан шаклланиши ва тараққий топишида устоз шоирнинг катта хизмати бор. Неъмат Аминов, Жамол Камол, Максим Каримов, Омон Мухтор, Ғулом Шомурод, Исроил Субҳоний каби ижодкорлар ўтган асрнинг эллигинчи йиллари ўрталарида шоир томонидан ташкил этилган "Нулуфар" адабий-бадиий тўгарагининг фаол аъзолари бўлишган ва ижод сабоқларини ўзлаштиришган. Ушбу мақола муаллифи ҳам ўша, етмишинчи-саксонинчи йилларда мазкур тўгарак аъзоси бўлган ва дастлабки шеър ва мақолалари "Бухоро ҳақиқати" газетаси саҳифаларида босилган.

Истеъдодли шоир таваллудининг тўқсон йиллиги айёми биз — қалам аҳлини фидойи ижодкор хизматларини яна бир бор эслаш ва унинг эзгу ишларини давом эттиришга даъват этмоқда ҳамда унинг иккинчи умри барқарорлигидан дарак бериб турибди.

Ғайрат МУРОДОВ, филология фанлари номзоди, доцент

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.