Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 99 дан: 08.12.2017

* Пайшанба — жиноятчиликнинг олдини олиш профилактика куни

Тадбирлар самарадорлиги — муҳим вазифа

Юртимизда фуқароларнинг тинч ҳаёт кечириши ва уларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ушбу органлар томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ишларнинг самарали ташкил этилишига боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида 2017 йил 15 ноя¬брь куни "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик, бу борада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар" мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳамда халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг 2017 йил 24 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдан таш¬қари сессиясида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларни, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни доирасидаги фаолиятни Когон тумани мисолида назардан ўтказдик.

— Туманда ҳуқуқбузарликлар олдини олиш ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси хавф¬сизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда кенг кўламли профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда, — дейди Когон туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари, катта лейтенант Фурқат Раҳматов. — Бугун қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ўқувчилар билан давра суҳбати ўтказилиб, тадбир давомида 16 ёшга тўлган 12 нафар ўқувчига Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди.

3 нафар фуқаронинг паспорт қоидаларини бузганлиги аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Шунингдек, муқаддам судланган, профилактик ҳисобда турувчи 14 нафар, доимий яшаш манзилидан узоқ муддатга чиқиб кетиб, ҳозирда қайтиб келган 18 нафар шахс билан профилактик суҳбатлар ташкил этилиб, уларнинг турмуш тарзи назоратга олинди. 4 нафар кам таъминланган оиладан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди. Янги ҳаёт маҳалласида нотинч оилалардаги келишмовчиликлар сабаби атрофлича ўрганилиб, муаммолар бартараф қилинди.

Туман ҳудудида тунги пайтда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган 25 та жамоатчилик назорат масканининг 5 тасида 5 нафар ИИБ ходимларидан, 10 нафар жамоатчилик вакилларидан иборат гуруҳлар ташкил қилиниб, тунги соат 20:00 дан, эрталаб 6:00 га қадар хизмат олиб боришлари йўлга қўйилди.

Бу борадаги фаолият бўйича "йўл харитаси"да белгилаб берилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда туман ҳудудида бугунги кунгача 92 нафар муқаддам судланган, 411 нафар ишсиз шахс, 138 та нотинч оила, 254 та кам даромадли оила, 169 нафар уюшмаган ёш, 99 нафар оғир турмуш тарзида яшаётган аёл, 29 нафар якка ёлғиз кекса фуқаро борлиги аниқланди. Аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, уюшмаган ёшлар ва ишсизларни иш билан таъминлаш, эътиборга муҳтож аёллар ва қаровсиз қолган кексалар ҳолидан хабар олиш, муқаддам судланганларга маънавий мадад бериб, жамиятда ўз ўрнини топиши учун кўмаклашиш мақсадида давра суҳбатлари, учрашувлар ва профилактик тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Туманда 21 та маҳалла фуқаролар йиғини, 21 та мактаб, 2 та коллеж бўлиб, уларда 14 та участка инспекторлари фаолият кўрсатишади. Улар белгиланган чора-тадбирлар асосида ўзларига бириктирилган ҳудуддаги таълим муассасаларида профилактик тадбирларни ташкил этмоқдалар.

Хўш, суҳбатдошимиз айтиб ўтган кенг кўламли тадбирлар энг чекка аҳоли пункт¬ларида ҳам ўтказиляптими? Буни билиш мақсадида Когон туманининг Баҳоуддин Нақшбанд маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли, маҳалладан анча олисда жойлашган Пўлотчи аҳоли пунктидаги 20-мактаб филиалига бордик. Ушбу филиалда фақат бошланғич синфлар ўқитилар экан. Ўқувчилар билан мулоқот қилиш мақсадида синф хоналарига кириб, улардан бугун қандай кунлиги ҳақида сўрадик. Болалар бир овозда "Пайшанба", — деб жавоб беришди. Шунда уларга ҳафтанинг пайшанба куни ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида профилактика куни деб эълон қилинганлигини тушунтирдик. Маълум бўлишича, бугунги кунга қадар ушбу мактаб филиалига на маҳалла, на участка нозирларидан ҳеч ким келмаган ва давра суҳбатлари ёки бошқа тадбирлар ўтказилмаган.

Масалага ойдинлик киритиш учун Чолоки аҳоли пунктидаги 20-мактабга борганимизда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни муносабати билан маҳалла билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказилаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Мактаб филиалидаги ҳолат тўғрисида мактаб директори Э. Нормуродовадан сўраганимизда,¬¬¬ ҳар ҳафтада давомат саноғи олиниб, ўқувчиларнинг кундалиги назоратдан ўтказиб турилишини айтди.

Баҳоуддин Нақшбанд маҳалла фуқаролар йиғини 1-мактаб биносида жойлашганлиги сабаб, ушбу билим масканидаги профилактик тадбирлар билан ҳам қизиқдик. Ўқувчилар билан суҳбатлашганимизда, улар ҳар ҳафта мактабда участка нозири, имом хатиб, маҳалла оқсоқоллари иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилаётганлигини айтишди.

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борадаги ишларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган ёш авлодга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамга муҳтож¬ларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, улар орасида қа¬ровсизлик ва назоратсизлик, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, бир сўз билан айтганда, соғлом авлодни камолга етказиш борасидаги ишлар тўғри йўлга қўйилса, профилактик тадбирлар албатта ўз самарасини беради. Бу борада нафақат биз қайд этган таълим муассасалари ва ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудудида, балки ҳар бир меҳнат жамоасида ўзига хос ибратли анъаналар қарор топади, деган умид¬дамиз.

Наргиза ҚУВОНЧЕВА, "Бухоронома" мухбири

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.