Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 99 дан: 08.12.2017

11 декабрда таржимашунос олим ва педагог Ғайбулла Саломов таваллудига 85 йил тўлади

Иброҳим ҒАФУРОВ Дарё ҳаловат билгайми?

Ҳар кимнинг дарду дунёси ўзига етарли бу кўҳна ҳаётнинг коргоҳида. Лекин бу дард бошқа одамларга қараганда Ғайбулла Саломовда етарлидан ҳам ортиқроқ эди. Ҳар ҳолда у билан учрашган кезларимда менга шундай туюларди.

У "Миллий тикланиш" газетасининг камсуқум хонасига сувдай оҳиста кириб келар, самимий табассум қилиб, чеҳраси очилиб ҳол-аҳвол сўрашар, дардини айтар, сизнинг ҳам дардингизни узоқ ўтириб шоён диққат, маҳрамона кайфият билан тинглар, ҳассасига икки қўли билан таяниб, ҳазин бошини маъюс қимирлатиб ўтирарди.

Саксонинчи йиллар "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида ишлаган кезларим ҳам у бизни унутмай доим ҳар-баҳол йўқлаб, хабардор бўлиб турарди. У пайтлар ҳасса тутмас, лекин қўлида мудом катта "профессор" папкаси, унинг ичи тўла ўзининг ва шогирдларининг қўлёзмалари бўларди. Ҳар сафар қуруқ келмас, совға билан келарди: муҳаррир столига назокат билан янги асарининг қўлёзмасини қўярди.

Ғайбулла Саломовнинг жуда кўп мақолалари, рисолаларини қўлёзмада ўқиганман. Ҳеч ким шундай эмас. У қўлёзмаларини ноёб бир ҳуснихат билан ёзарди. Турли рангдор қалам фломастерлар билан уларга ишлов берар, сарлавҳалар, бош ҳарфларни алоҳида қунт ва ихлос билан безатарди. Унинг қўлёзмаларини санъат асари каби томоша қилиб, варақлаб ўтиришни яхши кўрардим. Уни олимдан кўра кўпроқ каллиграфга ўхшатардим. Бу ноёб санъат унга қаердан, табиатнинг қай мўъжизакор еридан тортиқ этилганлиги устида ўйлардим. Ота-боболарида бўлмаса, фарзанд қўлида нодир чизиқлар қаердан туғилсин?

У чоғлар ҳаммамиз уни Ғайбулла Саломов деб танирдик. Кейинроқ, анча кейинроқ, тилимиз давлат тили мақомига кўтарилгачгина "Ғайбуллоҳ ас-Салом" дунёга келди. Дарвоқе, унинг эндиги ёзганлари ҳам, айниқса, Президент академияси даргоҳида ишлай бошлагач, ўзгача мавқе ва миқёс касб этди. Лекин биз уни ҳамон оддийгина қилиб Ғайбулла ака деб чақиришга ўрганиб, тилимиз қотиб қолган эди.

Ҳа, Ғайбулла аканинг нодир қўлёзмаларини томоша қилиб ўтирар ва бу ёзув эгасининг қалби ҳам шундай гўзал, қўли ҳам шундай сулув ҳам покиза бўлса керак, деб ўйлардим. Ҳуснихат гўзаллиги қалб гўзаллигидан биринчи дарак беради деб графологияда ўқиган эдим.

Анвар Исроилов деган бизга синфдош, тенгдош, университетдош шоир дўстимиз бўларди. У ҳам бениҳоя чиройли ёзарди. Ўзи ҳам баркамол, кўркам йигит эди. Одамнинг хаёлини шеъридан кўра ҳам кўпроқ ҳуснихати ишғол қиларди. Қалби беҳад тоза, самимий, дилдор, молихулиёга берилган суюкли инсон эди. Бевақт ўтиб кетди...

Яна шундай гўзал хат эгаларидан бирини биламан... У... княз Мишкин... Достоевский даҳоси яратган Европа мажнуни... яхшилик билан вафодор дўст тутинган девона...

Яна... мавлоно Муқимийнинг ҳам хати навраста қизларнинг қирқ ўрим сочларидай гўзал ва сеҳрсоз бўлган дейишади...

Менга қолса, Ғайбулла аканинг қўлёзмаларини машинкалатмай, шундоқ ўзини саҳифага чиқарсам дердим. Қандай тансиқ саҳифа бўлиши мумкин эди. Ғайбулла аканинг тинимсиз, чарчоқ нималигини билмай ишлай олишига, зиёли ва олим сифатида қизиқишлари доирасининг кенглиги, ранг-баранглиги, устозлари ҳамда шогирдларига, фарзандларига доим меҳри товланиб туришига ҳавасим келарди. У Саййид Ризо Ализода, академик Иброҳим Мўминов, Нуриддин Шукуров, Асил Рашидов, Муҳаммад Шарипов, Алп Жамол, Тилак Жўра ёки Нажмиддин ва Алишер ҳақида — устоз, тенгдош, шогирдлар ҳақида соатлаб гапира олар ва сизни бир дам зериктирмас эди. Шогирдларни ҳам, устозларни ҳам, ўзи билган замондошларини ҳам бўрттириб, қабариқ қилиб тасвирларди.

Ғайбулла Саломов адабиётшунослик оламида таржимашунослик соҳасига асос солди. У таржимашунослик ва таржима санъатининг ҳақиқий фидойиси эди. "Таржима санъати" деган катта соҳани биз Ғайбулла Саломов орқали танидик. Таржимашунослик деганда, кўз ўнгимизга Ғайбулла Саломовни келтирадиган бўлдик.

Ғайбулла ака одамларни олижаноблик билан қўллар, уларга кўп маҳал таянч ва тиргак бўла оларди. Ўзининг тўла шаклланган қатъий ахлоқий, инсоний муомала-муносабат таомилларига риоя қилар, ҳақ ерда ҳақлигига комил ишонч билан яшарди. Шу ишонч унга қувват берар, чарчамай ёзиш, яратишга қанотлантирарди.

Суюкли фарзанди Ҳабибуллонинг тақдири унинг туганмас аламли жароҳатига айланган эди. Баъзан шундай таассурот туғилар эдики, у ҳаётдаги қа¬рийб барча нарсаларга кейинги йилларда шу жароҳат орқали қарар, баҳо берарди. Унинг кейинги ўн беш йил орасида ёзган баракали асарларида шу изтиробнинг алангаси чарсиллаб, учқунлаб турган каби кўринарди. Изтироб унинг услубини ҳам ўзгартириб юборди. Нима ҳақда ёзмасин, тошқин фарёд ун бериб турди.

Оқдарё ва Қорадарё ўртасида пайдо бўлган Ғайбулла Саломов толеининг дарёси шундай шиддаткор ва зардали бўлиб қолган эди.

Рўпарамда ҳассасига мунгли суяниб, хаёл оламига толиб ўтирган бу маърифатли, зиёли инсон ичида бўронлар, қалдироқлар гулдурос солаётганга, сокинлик, маҳзунлик остида буюк вулқон қўзғалаётганга ўхшарди.

Унинг кейинги ижоди шу вулқон ва қалдироқлардан вужудга келди. У ўз изтироблари, дардлари, йўқотишлари, яхши кўриш ва ёмон кўришларига сўз оламидан малҳам топди. Жўш урган вул¬қон сўз айта-айта тинчиди.

Лекин ҳаловат топдими, айтиш қийин. Тўлиб оққан дарё қачон ҳаловат топган?!

Тилак ЖЎРА

Шеърият

(Ғайбулла Саломовга)

— Оҳанглар оғушида қолажак менинг умрим,

Гўзаллик товушида қолажак менинг умрим.

Умримни куйга ўраб, нурга ўраб яратдим,

Шу қуёш шуъласида ёнажак менинг умрим.

Мен умид дунёсининг самандар шайдосиман.

Нек ниятли одамнинг қалбдаги садосиман.

Бошимни тошга уриб, дилни гулга ўрадим,

Бу кўҳна дунёнинг мен туби йўқ дарёсиман.

Хўп сирли дарёдирман, беҳисоб туғёним бор,

Дард деган армоним бор, орзудай дармоним бор.

Жисмимни қорга кўмиб, дилларда ўт ёқаман,

Гоҳида сурониму, гоҳида қурбоним бор.

Оҳ, мени наки кўкка, наки ерда қўйдилар,

На жоним, на қонимдан, на ўзимдан тўйдилар.

Рўдакий эрдим, охир кўзларимни ўйдилар,

Насимий эрдим, охир товонимдан сўйдилар.

Машраб бўлдим, ўлмадим, кўтардим ўтли исён,

Ҳансираган ҳисларга ёлғиз соҳибу султон.

Қоним-ла бўясам-да манов икки дунёни,

Ҳамон қонга тўймайди, ё, Раб, бу ёруғ жаҳон.

Неча бора туғилдим, неча бора ўлдим мен,

Умид бўлиб кулдим-у, армон бўлиб сўлдим мен.

Буни ҳар банда билар, буни билар пайғамбар,

Энг сара асарларда имон бўлиб келдим мен.

Мен илк бора чўғ бўлиб қадаларман юракка,

Юракдан қувват олиб, кундай чиққум фалакка.

Кимки менга дил бермай чўзар бўлса қўлини,

Икки дунё етолмас кўнгилдаги тилакка.

Туйғуларим туғёни заранг тошларни ёрди,

Орзуларим сурони не-не бошларни ёрди.

Аввал-бошда туғилди юрагимда инқилоб,

Тақдир менинг лойимни Қуёш нурига қорди.

Оҳанглар оғушида қолажак менинг умрим,

Гўзаллик товушида қолажак менинг умрим,

Умримни куйга ўраб, нурга ўраб яратдим,

Шу қуёш шуъласида қолажак менинг умрим.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.