Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 99 дан: 08.12.2017

* 10 декабрь — Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни

Баракали йил сарҳисоби

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 7 февралдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекис¬тон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги Фармонида барча соҳалар қаторида мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш, тизимни модернизациялаш ва жадал ривожлантириш юзасидан қатор чора-тадбирлар белгиланган. Фармон ижроси юзасидан, жумладан, вилоятимизда кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокимлиги қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Рустам НОРОВ билан суҳбатимиз ана шу хусусда бўлди.

— Рустам Ҳодиевич, аввало, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини бугунги кун талабидан келиб чиқиб ривожлантириш бо-расида амалга оширилаётган ¬ишлар, жумладан, пахта ва ғаллачиликда эришилаётган муваффақиятлар ҳақида тўхталсангиз.

— Дарҳақиқат, бугун юртимизда аграр соҳа иқтисодий самарадорлигини экспортбоп маҳсулот етиштириш ҳисобига янада оширишга хизмат қиладиган кўплаб янги лойиҳалар амалиётга жорий қилинмоқда. Эндиликда иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили сифатида "хом ашё эмас, ярим тайёр ёки тайёр маҳсулотгача" тамойили асосида фао¬лият олиб борилмоқда. Қувонарлиси, экин еридан олган даромади ҳисобидан ўз хўжалиги иқтисодини мустаҳ¬камлаш баробарида эл дастурхони тўкинлигини таъминлаб, юртимиз ривожига ҳисса қўшиб келаётган қишлоқ мулкдорлари бу лойиҳа¬ларнинг фаол иштирокчиси, ташаббускоридир. Айни кунда ҳудудимизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари сони 7589 тага етган бўлса, уларнинг 4009 таси пахтачилик, 3973 таси ғаллачилик билан шуғулланмоқда. Суғориладиган ер майдони 219 минг 800 гектардан ортиқроқ бўлиб, жорий йилда унинг 105 минг 800 гектарида "оқ олтин", 64 минг 600 гектарида бошоқли дон етиштирилди.

Иқлим шароити анча мураккаблигига, ерларимиз кучли шўрланганлигига қарамасдан, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли олиб борилаётгани ютуқларимиз омили бўлмоқда. Масалан, "Бухоро-6", "Бухоро-8", "Бухоро-102" ҳамда истиқболли деб топилган "Бухоро-10" навларидан жорий мавсумда етиштирилган "оқ олтин" хирмони 302 минг 674 тоннани ташкил этди. Бундан 609 миллиард 108 миллион сўм даромад олинди. Ўтган йили пахтачиликдан қўлга киритилган даромад эса 370 миллиард 925 миллион сўмга етган эди. Алоҳида таъкидлаш керакки, пахта майдонимиз 2016 йилга нисбатан 2 минг гектарга қисқарганига қарамай, республика миқёсида энг кўп ҳосил етиштириладиган вилоятларданмиз. Буни гектарлар ҳосил салмоғида ҳам кўриш мумкин. Бу кўрсаткич якунланган мавсумда 28,6 центнерни ташкил этди.

Ризқ-рўзимиз — ғалла етиштиришда ҳам фермерларимиз, деҳқон-миришкорларимизнинг ибрат қилиб кўрсатса арзигулик натижалари бис¬ёр. "Старшина", "Васса", "Половчанка" каби маҳаллий шароитга мослаштирилган навлар билан бирга, "Бригада", "Первица", "Юко" каби истиқболли навларнинг жорий этилганлиги туфайли экин майдонимиз 2016 йилга нисбатан минг гектарга қисқарганига қарамасдан, жорий йилда вилоятда 64 минг 600 гектар ердан 376 минг 214 тоннадан ошириб дон хирмони уйилди. Гектарлар ҳосилдорлиги 58,2 центнерга етгани сўнгги йилларда бу соҳада эришилган энг юқори натижадир. Ялпи даромад ҳам бултургисидан сезиларли даражада юқори бўлиб, 316 миллиард 286 миллион сўмни ташкил этди.

— Бугунги фермерларимиз олдига фақат пахта ва ғалла билан чекланиб қолмасдан, қўшимча тармоқларни ишга тушириш, экологик тоза маҳсулот етиштириш ва аграр секторнинг экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан қатор талаблар қўйилмоқда.

— Бугунги кунда вилоятда боғдорчилик-узумчилик, мева-сабзавот ва полизчилик, қолаверса, чорвачилик, паррандачилик ва бошқа соҳаларда 3700 дан ошиқ деҳқон-фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Сўнгги деҳқончилик мавсумида 204 минг 78 тонна мева, 135 минг 274 тонна узум, 591 минг 681 тонна сабзавот, 181 минг 883 тонна картошка, 101 минг 565 тонна полиз маҳсулотлари етиштирилди.

Бундан ташқари, айни пайтда 1 миллион 800 минг¬дан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган вилоятимиз халқининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида шу йил 1 октябрь ҳолатида вилоятда гўшт етиштириш ҳажми 159 минг 457 тоннага, тухум — 262 миллион 49 минг донага, сут — 633 минг 690 тоннага, асал ишлаб чиқариш ҳажми — 1554 тоннага етказилди. Сунъий ҳамда табиий кўлларимиздан 1305 тоннадан ошиқ балиқ маҳсулоти овланди.

Биргина жорий йилда шаҳар ва туманларимизда узум, мева-сабзавот ва цитрус мева етиштиришга ихтисослашган жами 131 та интенсив боғ ва 57 та иссиқхона, 76 та токзор, 37 та ун тегирмони ва шолини тозалаш цехи ташкил қилинди. Қорамолчилик соҳасида 274 та хўжалик иш бошлади. Худди шундай, қўйчиликда 46 та, эчкичиликда 30 та, паррандачиликда 119 та, балиқчиликда 116 та хўжалик янгидан тузилди. Ана шу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ энг муҳими, уч мингга яқин иш ўрни яратилди. Биргина нон ва нон ¬маҳсулоти ишлаб чиқарадиган 51 та янги корхона ҳисобига қўшимча ¬172 киши ишли бўлди. Шу каби долзарб лойиҳаларни амалга оширишда жойлардаги фермер ҳамда якка тартибдаги тадбир¬корларимиз томонидан молия муассасаларининг 84 миллиард 671 миллион сўм кредит маблағи ўзлаштирилди.

— Демак, "хом ашёдан ярим тайёр ёки тайёр маҳсулотгача" тамойили бухоролик фермер ва ишбилармонларнинг ҳам фаолият мезонига айланиб бормоқда.

— Худди шундай. 2016 йилда фаолият бошлаган "Бухоро агро экс¬порт" МЧЖ раҳбари Ҳусен Муродов дастлаб Бухоро туманидаги "Амир Тоиробод" фермер хўжалигини бош¬қарган. Бугунги кунда юз бошдан ортиқ наслли қорамол парваришланаётган хўжалик ихтиёридаги 130 гектар ер майдонида чорва озуқаси экинлари билан бир қаторда мош, ловия, соя, кунжут, кунгабоқар етиштириш борасида ҳам яхши натижалар қўлга киритилмоқда. Ишнинг кўзини биладиган қишлоқ мулкдори ўтган давр мобайнида ўз хўжалиги қошида гўшт, сут ва сояни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий миницехлар ташкил қилиб, бу борада етарли тажриба орттирди. Эндиликда фермер вилоятимиздаги экспортчи тадбиркорлардан бирига айланган. Сабаби, унинг жамоаси шу кунгача 70 минг АҚШ долларидан кўпроқ миқдордаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга улгурди.

Жондор туманида фаолият юритаётган "Жондор чинор чорва" МЧЖ раҳбари Мастон Нарзуллаевнинг замонавий технология билан жиҳозланган мажмуасида ҳозирда 105 мингта товуқ, 210 мингта бройлер жўжа боқиш имконияти мавжуд. Бунда корхонага ҳудуддаги қурилиши тугалланмаган бино 10 миллиард 346 миллион сўм инвестиция киритиш шарти билан "ноль қийматда" берилгани жуда асқотди. Ҳозир бу ерда инкубатория, озуқа ишлаб чиқариш, парранда сўйиш цехлари, музлаткичли омборхона ташкил қилинган. Тошкент ва Бухоро шаҳарлари, Ромитан ва Жондор туманларида махсус фирма дўконлари ишлаб турибди. Жорий йилда 11 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштирган корхона жамоаси айни кунларда замонавий технологиялар асосида дудланган колбаса ва парҳез гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги цех қурилишини ниҳоясига етказмоқда.

Ёш, серғайрат, изланувчан тадбиркорлардан бири — Беҳзод Аҳадов ташкил қилган "Shok Frozen Offal" МЧЖ фаолияти бошқаларга ибрат бўлгулик. Қирқ гектарли интенсив боғда фаолият олиб бора¬ётган унинг жамоаси ўтган йили Жаҳон банки кредити ҳисобига Халқ банкининг вилоят бўлими томонидан ажратилган 2,5 миллион АҚШ дол¬ларига тенг маблағ эвазига замонавий технология билан жиҳозланган ва сиғими 2,5 минг тоннага тенг ¬музлаткичли омборхонага эга бўлди. Бу музлаткичли омборхона техник жиҳозланиши ва сиғими жиҳатидан воҳамизда ягона ҳисобланади.

— Жорий йил 26 августида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тизими жонкуярлари, миришкор деҳқонларимиз, фермерларимиз учун кўпдан кутилган "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда декабрь ойи¬нинг иккинчи якшанбаси "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни" этиб белгиланди.

— Мазкур Қонун соҳа миришкорлари, деҳқон-фермерларимизнинг айни дилидаги орзу-ниятларини ўзида ифодалагани билан катта аҳамиятга эга. Қонунга мувофиқ республика Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 29 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ва "Ҳосил байрами"ни нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар тўғрисида"ги йиғилиши баёни қабул қилинди. Таъкидлаш жоизки, бу кун аграр соҳа тармоқларида самарали фаолият юритиб, юқори натижаларга эришаётган меҳнаткашлар, чорвадор, деҳқон ҳамда фермерлар, бир сўз билан айтганда, дала заҳматкашлари, томорқа хўжаликлари эгалари, умуман, халқимизнинг зўр қувонч ва шодиёна билан тантана қилишга арзигулик энг катта байрамларидан бири бўлиб қолади. Унинг мамлакатимиз Конституцияси байрами тантаналари давом этаётган кунларга тўғри келаётганлигида ҳам ўзига хос маъно мужассам, албатта. Фурсатдан фойдаланиб, юртдошларимизни ана шу айём, "Ҳосил байрами", қолаверса, Бош Қомусимиз қабул қилинганлигининг 25 йиллиги билан қизғин муборакбод этаман.

"Бухоронома" мухбири Учқун ТОЖИЕВ суҳбатлашди

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.