Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 96 дан: 29.11.2017

Ибн Сино асарлари — дунё олимлари нигоҳида

_____________________________________________________________

Аллома мероси: назария ва амалиёт

Бухорода IХ Халқаро Ибн Сино ўқишлари муваффақиятли якунланди

Буюк ҳамюртимиз, табобат илми султони Абу Али ибн Сино маънавий меросининг аҳамияти ва унинг фан тараққиётидаги ўрнига бағишланган анжуманнинг биринчи ялпи мажлиси ҳам ғоят сермазмун ўтди. Унда "Ўпка ва бронхлар касалликлари муаммолари Ибн Сино асарларида","Аллома ёзма меросида илм ва технологиялар этикаси", "Кичик тиб қонунлари"нинг муаллифи ким?", "Авиценна — эрудит", "Европа тиббий тафаккурининг шаклланишига Ибн Сино ижодининг таъсири", "Ўзбе-кистон халқ табобати рецептураси асосида замонавий дори воситаларини яратишнинг долзарб масалалари" каби мавзуларда ўқилган маърузалар нафақат назарий хулосалари, балки амалиётда кенг қўлланишга қаратилган тавсияларга бойлиги билан ажралиб турди.

Шу боисдан ҳам анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Фанлар академияси академиги А.Убайдуллаев, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вако¬латхонаси раҳбари Дендев Бадарч, Тошкентдаги Шарқшунослик илмий-тадқиқот инс¬титути директори, профессор Б. Абдуҳалимов, Франция Миллий илмий-тадқиқот маркази директори, ¬профессор Рашид Рошди, Тур¬кия¬даги Бахчешехир университети профессори Қо¬диржон Кескинбора томонидан ўқилган маърузаларни катта эътибор билан тинглаб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Илмий-амалий анжуманда алломанинг "Ал-Қонун фит-тиб" асарининг 1000 йиллигига бағишлаб, араб, инглиз, рус, ўзбек, ва лотин тилларида тайёрланган "Абу Али ибн Синонинг қомусли луғати" китобининг ўзига хос тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Гарчи бу гал конферен¬цияда шўъба йиғилишлари ташкил этилмаган бўлса ҳам, анжуманнинг 24 ва 25 ноябрь кунлари бўлиб ўтган ялпи мажлисларида қилинган маърузалар ва илмий ахборотлар 9 та аниқ йўналишга бағишланди. Чунончи, Ибн Сино илмий меросининг тиббиёт ривожидаги ўрни, аллома асарларининг халқ табобати тараққиётидаги аҳамияти, ушбу мероснинг фармация ривожига таъсири, олимнинг соғлом турмуш тарзини шакл¬лантиришга қўшган ҳиссаси, унинг аниқ ва табиий фан¬ларни ривожлантиришдаги роли, ижтимоий-гу¬манитар, маънавий-маърифий йўналишдаги асарлари, мусиқашунослик ва шеърият бо¬бидаги хизматлари халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчилари диққат марказида бўл¬ди.

Ҳиндистондаги Ибн Сино академияси президенти, профессор Саид Зиллур Рехман, Туркиядаги Салжуқ университети профессори Мустафа Демирчи, Буюк Британиядаги Кембридж университети илмий нашриёти директори, ¬профессор Женни Вардл, ¬Гер¬маниядаги Европа ислом тиббиёт институти дирек¬тори, профессор Амина Атхер, Ис¬роилдаги Ибн Сино халқ¬аро фонди президенти, профессор Михаэль Сач ва бошқа хорижий ҳамда мамлакатимизнинг таниқли олимлари шу йўналишлардаги илмий чиқишларида Ибн Сино асар¬ларининг ўзига хос жиҳат¬лари, ўрта аср¬лар бу забардаст олимининг табобатга доир кўрсатмалари бугунги диагностика ва даволаш жараёнларида қўлланиб келаётгани хусусида атроф¬лича тўхталдилар. Шунингдек, анжуманда қомусий билимлар соҳиби бўлган алломанинг фалсафий қарашлари, инсон руҳиятини соғ¬ломлаш¬тириш¬да мусиқанинг ролини очиб бергани чуқур таҳлил этилди. Ибн Сино адабий меросининг навқирон авлод маънавиятини камол топтиришда муҳим аҳамиятга эга экани аниқ далиллар асосида кўрсатиб берилди.

Халқаро илмий-амалий анжуман "Ибн Сино таълимотининг замонавий талқини" мавзусидаги давра суҳбати билан якунланди.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири

Сергей ПОЛЕТАЕВ олган сурат

__________________________________

Олимлар сардорининг ўлмас китоблари

Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, лекин бизгача фақат 160 га яқин китоби етиб келган, холос. Кўп рисолалари шаҳарма-шаҳар кўчиб юриш, феодал урушлари, сарой тўполонлари, турли фалокатлар туфайли йўқолиб кетган.

* * *

Алломанинг бизга етиб келган катта асари "Китоб уш-шифо" ("Шифо китоби") 22 жилддан иборат бўлиб, унинг 4 та бўлимидан мантиқ, физика, математика, метафизикага доир масалалар ўрин олган.

* * *

Ибн Синонинг тиббиётга оид қомусий асари "Китоб ал-қонун фит-тиб" 5 та мустақил китобдан таркиб топган. Асарнинг биринчи китобида тиббиётнинг назарий асослари, касалликнинг келиб чиқиш йўллари, одам анатомияси, соғлиқни сақлаш усуллари баён этилган. "Қонун"нинг оддий дориларга бағишланган иккинчи китобида 800 га яқин дорининг хусусиятлари, уларни тайёрлаш усуллари кўрсатилган. Учинчи китобда бош мия, асаб, кўз, қулоқ, бурун, томоқ, қорин, тиш, юрак, жигар, буйрак касалликлари батафсил таҳлил этилган. "Қонун"нинг тўртинчи китобида иситмалар, ўсмалар, хирургик касалликлар, ҳар хил дорилардан заҳарланиш ва бунда кўриладиган чоралар тўғрисида маълумот берилган. Асарнинг ¬бешинчи китобида мураккаб дориларнинг организмга таъсири, уларни тайёрлаш ва истеъмол қилиш усуллари баён этилган.

* * *

Ибн Синонинг "Китоб ул-қуланж" ("Ичак санчиқлари"), "Китоб ун-набз" ("Томир уришини текшириш"), "Фуж ул-тиббийя жория фи мажлисиҳ" ("Тиббиёт ҳақида ҳикматли сўзлар") сингари ўндан зиёд асарлари соғ¬лиқни сақлаш борасида муҳим қўлланма ҳисобланади.

* * *

Аллома илмий рисолалардан ташқари, чуқур фалсафий мазмунни бадиий образлар ва маълум воқеалар орқали ифода этувчи "Тайр қиссаси", "Саломон ва Ибсол", "Ҳайй ибн Яқзон" каби қиссаларни яратган.

Музаффар ХАЙРУЛЛАЕВ

_________________________________________________

* Сўз — анжуман қатнашчиларига

Табибнинг маънавий жасорати

Михаэль САЧ, Исроилдаги Ибн Сино халқаро фонди ¬президенти:

— Феодал урушлар туфайли ҳаёти дарбадарликда ўтган Ибн Синонинг ўрта асрларда мусулмон давлатларида гинекология масалалари билан ҳам шуғулланиб, ҳатто бу соҳада жарроҳлик амалиётлари ўтказгани чинакам маънавий жасоратдир. Алломанинг Афшона қишлоғидаги мемориал музейида бўлган анжуманимиз қатнашчилари Ибн Сино жарроҳлик асбобларининг нусхаларини кўриб, ҳайратда қолдилар. Чунки бугун — ХХI асрда ишлатилаётган тиббий ускуналар ўша тарихий асбобларга ўхшаб кетади. Демак, улуғ табибнинг жарроҳлик иши анъаналари ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Қатор йиллардан буён Халқаро Ибн Сино ўқишларида қатнашиб келаётганимдан беҳад хурсандман. Чунки бу анжуманга жаҳоннинг турли мамлакатларидан келган шифокор олимлар бухоролик аллома асарларини ўрганиш, уни тарғиб этиш билан бирга, тиббиётдаги илғор даволаш усуллари хусусида тажриба алмашадилар. Мен анжуманнинг Бухоро давлат тиббиёт институтида ўтказилган йиғилишида "Хитой халқ гинекологиясининг Ғарб гинекологияси билан ўзаро алоқадорлиги" мавзусида маъруза ўқидим. Ўзаро баҳс-мунозаралар билан ўтган бу йиғилишда бухоролик шифокор олимларнинг юксак профессионал маҳорат ва билим соҳиби эканликларига ишонч ҳосил қилдим.

Юксак эътибор самараси

Нозимхон МАҲМУДОВ, Ўзбекистондаги Ибн Сино жамоат фонди раиси:

— Буюк қомусий аллома номи билан аталган жамоат фондимиз ҳамда Тошкент фармацевтика институти парижлик таниқли шифокор олимлар Данниеля Жакарт ва Рашид Рошди қатори Франция тиббиёт академиясининг Халқаро Ибн Сино мукофотига сазовор бўлди. Шунингдек, ушбу мукофот медаллари ва сертификатларининг Бухорои шарифда бизга топширилгани катта шараф ва масъулиятдир.

IX Халқаро Ибн Сино ўқишлари — илмий-амалий анжуманининг жаҳон андозалари талаби асосида ташкил этилгани ва дунёнинг ўндан зиёд мамлакатларидан келган олимларга яратилган шарт-шароитлар ҳамда уларга кўрсатилган меҳмоннавозлик учун Бухоро вилояти ҳокимлиги ва тиббиёт институти раҳбариятига алоҳида миннатдорчилик изҳор қи¬ламиз.

Конференция қатнашчилари учун чинакам ишчанлик вазияти яратилгани боис анжуман давомида Ибн Сино илмий меросини ўрганиш, шу асосда кўплаб касалликлар олдини олиш, тиббиётдаги илғор диагностика-даволаш усулларини оммалаштиришга оид 50 га яқин маъруза ва ахборотлар муҳокама қилинди. Анжуман давомида республикамиз ва хорижий олимларнинг 1500 дан ортиқ илмий мақолалари ва тезислари тўпланди. Улар нуфузли ҳайъат томонидан сараланиб, турли йўналишларни ўз ичига олган материаллар алоҳида тўплам ҳолида нашр этилади.

Ибн Сино рубоийлари

Дўстим душман билан ўлтирмиш бисёр,

Энди ўлтирмайман у билан зинҳор.

Парҳез қил шакардан, заҳари бўлса,

Пашшадан қоч, қўниш жойи бўлса мор!

* * *

Ўзни доно билган уч-тўрт нодон —

Эшак табиатин қилур намоён.

Булар суҳбатида сен ҳам эшак бўл,

Бўлмаса "кофир" деб қилишар эълон.

* * *

Қора ер қаъридан то авжи Зуҳал,

Коинот мушкулин барин қилдим ҳал.

Кўп чигал тугунни англадим, ечдим,

Ечилмай қолгани — биргина ажал.

* * *

Ҳеч гап қолмади маълум бўлмаган,

Жуда оз сир қолди мавҳум бўлмаган.

Лек билимим ҳақда чуқур ўйласам,

Билдимки, ҳеч нарса маълум бўлмаган.

Шайх ур-раис ҳикматлари

Тўғри йўлдан ажралмаслик, инсофли, адолатли бўлиш, нафснинг ҳар орзусини бажо келтирмаслик, олим, фозиллар билан суҳбатдош бўлиш, катталарга ҳурмат, кичикларга шафқат ва марҳамат этиш, самимий дўстларнинг маслаҳатлари билан ишга тутиниш, муҳтожларга ёрдам бериш эзгуликнинг маъданидир.

* * *

Кундалик ризқ кўп, қайғураверма. Шу билан бирга, мол орттираман, деб ўзингни кўп қийнайверма. Чунки ҳар ким ўз насибасидан ортиқ битта ҳам дон ея олмайди.

* * *

Киши учун энг фойдали, дилни ёритувчи нарса қаноатдир. Энг зарарли ва нафратли нарса ҳирс ва ғазабдир.

* * *

Чаласаводликдан бесаводлик афзалроқ.

* * *

Ҳаё — инсоннинг абадий гўзаллиги ва латофатидир. Ҳаёсиз юз — жонсиз жасадга ўхшайди.

* * *

Донишмандлик бизга ҳаёт сўқмоқларида улуғ саодатни ҳозирлаб инъом этувчи воситадир.

* * *

Одамларнинг ботири мушкулотдан қўрқмайди. Камолот ҳосил қилишдан бош тортган киши одамларнинг энг қўрқоғидир.

* Уч ривоят

Даҳонинг илтимоси

Абу Али ибн Сино подшоҳлардан бирининг касалини даволаб тузатгандан кейин, подшоҳ тила тилагингни, деганда, Сино:

— Кутубхонангиздаги китоблардан фойдаланмоққа рухсат этсангиз кифоя, — деган экан.

Буни эшитган амалдорлардан бири ёнидагига:

— Бу табиб девонароқ, шекилли. Соғ бўлса, вазирликни сўрамай бир уй қоғоз сўрармиди! — деган экан.

Табиб, бемор ва касаллик

Абу Али ибн Сино ўзи даволаётган беморларга шундай дер экан:

— Биз уч тарафмиз: мен — табиб, сен — бемор ва у — касаллик. Агар сен мен тарафга ўтсанг, иккаламизнинг уни енгишимиз осон кечади. Аммо сен ҳам у томонга ўтиб олсанг, бир ўзимнинг икковингизни енгишим қийин бўлади.

Таом ҳам одамни ейиши мумкин

Абу Али ибн Сино деди:

— Одатда, одам таомни ейди, лекин таом ҳам баъзида одамни ейиши мумкин.

— Бу қанақа таом экан? — ҳайрон бўлиб сўрашди ундан.

— Ҳаддан ташқари кўп ейилган таом, — жавоб берди улуғ ҳаким.

("Шарқ ҳикоят ва ривоятлари" китобидан)

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.