Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 95 дан: 25.11.2017

*Мулоҳаза

Таълим самарадорлиги шароитга ҳам боғлиқ

Халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар, янгиланишлар замирида биринчи галда фарзандларимизнинг ҳар жиҳатдан қулай шарт-шароитларда билим олишларини таъминлаш мақсади ҳам ётибди. Хўш, айни пайтда жойларда бу борадаги ишлар натижаси қай даражада? Шу саволга жавоб топиш мақсадида Ғиждувон туманидаги бир неча мактабларда бўлдик.

Дастлаб ҳудуддаги 4-умумтаълим мактабига йўлимиз тушди. Соктаре қишлоғига кўрк қўшиб турган ушбу масканда эътиборимизни, аввало, йўлакларнинг турли кўргазмали воситалар, ҳикматли сўзлар битилган осма лавҳалар билан ўзига хос йўсинда безатилгани тортди. Билим даргоҳи жамоасининг изланувчанлиги орқасида яратилган бундай ижодий меҳнат намуналари орқали ўқувчиларнинг билим ва салоҳияти, спорт, маданият, санъат соҳаларидаги ютуқлари хусусида ҳам маълум хулосага келиш мумкин.

Ана шундай илиқ таассуротлар билан 10-синф ўқувчилари учун француз тили дарси ўтилаётган ўқув ¬хонасига кирдик. Кирдигу, қишки кийимларда қунишиб ўтирган ўғил-қизларга кўзимиз тушиб, кайфиятимиз бир оз тушди. Негаки, синф бирмунча совуқ эди. Бунинг сабабини мактаб директори Санжар Халиловдан сўрадик. У мазкур маскан бинолари газ ёрдамида иситилиши, аммо айни пайтда газ босими ниҳоятда паст эканлиги, бу борада улар яқинда Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими ҳамда "Бухорогаз" ҳудудий газ таъминоти филиали 7-сон Ғиждувон участкасига мурожаат этишганини айтди. Албатта, бу муаммонинг тез орада ечим топишига умид қилиш мумкин.

Бироқ мактаб жамоасини, хусусан, 10-синф ўқувчиларини қийнаётган масала фақат шугина эмас экан. Ўғил-қизларнинг айримларида француз тили дарслиги йўқлиги, натижада улар партадошлари билан битта китобдан фойдаланаётгани диққатимизни тортди. Шунда билим масканининг дарслик ва адабиётлар билан қай даражада таъминланганлигига қизиқдик. Ана шу ниятда мактаб кутубхонасини ҳам бориб кўрдик. Лекин унинг фонди мақтангулик эмас: 2000 нусхадан сал кўпроқ китоб бор экан. Бу миқдор 1024 нафар ўқувчи таълим олаётган даргоҳ учун кам, албатта.

Сафаримиз давомида ҳолати эътиборни талаб этадиган бошқа бир кутубхонани тумандаги 10-мактабда ҳам кўрдик. Афсуски, бу ерда китоб сони 2000 тагаям етмас экан. Бадиий адабиётлар, луғат ва энциклопедиялар кам.

Мазкур билим масканининг нафақат кутубхонаси, балки йиғингоҳ ва ошхонасининг мавжуд ҳолати ҳам ҳавас қилгулик эмас. Тадбирлар ўтказишга мўлжалланган катта зал таъмирга муҳтож. Ўриндиқлар эскирган. Ўз навбатида, мактаб ошхонаси ҳам таъмирталаб. Бундан ташқари, бу жой овқатланиш учун тор ва ноқулай экан. Бош ошпаз Мойира Саъдуллаеванинг айтишича, мактабда етарлича шароит бўлмагани боис, ўқувчиларга ов¬қат ва пишириқларни ўз уйида тайёрлаб келаркан. Табиийки, бу ҳолат санитария-гигиена талабларини хавотир остига қўяди.

Бу даргоҳда шулар ҳам бор эканку-я, аммо тумандаги бошқа бир билим маскани — 12-мактабда йиғингоҳу ошхонанинг ўзи ҳам йўқ. 2015 йилда тўлиқ таъмирдан чиққан мактаб раҳбариятидан бу борада жўяли жавобни ололмадик.

Таъкидлаш лозимки, юқорида тилга олинган қатор кемтикликлар учун ўқув масканлари раҳбарларию жамоасини айблаш фикридан йироқмиз. Аксинча, улар ўз имкониятлари даражасида вилоятнинг чекка жойларида ёш авлод таълим-тарбияси, камолоти йўлида салмоқли ишларни қилишган ва қилишяпти. Ўқувчиларнинг туман, вилоят, ҳатто республика миқёсидаги турли тадбирларда кўрсатаётган фаоллиги, кўрик-танловларда эришаётган ютуқлари таҳсинга лойиқ. Тасдиқланган жадвал асосида ҳафтанинг ¬муайян кунида 10-синф ўқувчиларини жойлардаги ўқув-ишлаб чиқариш маж¬муаларига жалб этиш ишлари ҳам қониқарли даражада.

Бизнинг мақсадимиз эса мазкур мактаблардаги айрим муаммоларга мутасаддилар эътиборини қаратиш, шу орқали камчиликларни бартараф этишдир. Зеро, бундан биринчи нав¬батда шу даргоҳлар жамоалари манфаатдор. Таълим самарадорлиги кўп жиҳатдан мавжуд шарт-шароитга ҳам боғлиқ-да!

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.