Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 93 дан: 20.11.2017

Султон МУРОД

Айланар чархи фалак

1954 йилда Вобкент туманида туғилган. Ҳозирги ЎзМУнинг журналистика факультетини тугатган.

Филология фанлари номзоди, "Нақшбандия" журнали бош муҳаррири, Тошкент вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти профессори.

Қирққа яқин китоб (монография, рисола, дарслик, қўлланма, тўплам) ва икки мингга яқин мақола муаллифи. "Бухоронома" шеърий китоби ҳам чоп этилган (2015).

"Меҳнат шуҳрати" ордени, Халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти билан тақдирланган.

Кўп...

Сен биларсанми Заминнинг чўли ё ўрмони — кўп,

Олам аҳлининг дилида дарди ё дармони — кўп?

Ниятига кам бўлар етган, бироқ дунё аро

Бандаларнинг кўнглида, наздимда, чун армони — кўп.

"Яхши — кўп", — деймиз, вале биз ўйлаганча кўп эмас,

Демагайман мен баралла: "Банданинг Раҳмони — кўп".

Гар шамойилда эрур одамнамо-ю, аслида,

Сен таниганлар аро ҳам, эҳтимол, Шайтони — кўп.

Холи этди маънавият гарчи ҳайвон зотидан,

Одамизод аҳлининг, афсуски, кўр, ҳайвони — кўп.

Муттаҳамларнинг пичоғи доимо мой устида,

Неча ислоҳин қиларсан, нафснинг майдони — кўп.

Бовар этма баъзиларга, сенки, эй Султон Мурод,

Рости — кам лафзида, аммо, шубҳасиз, ёлғони — кўп.

Нафс ва тақво

Нафсига берилган эл кўзига кўрсатма мени,

Руҳима оғир ботар мажлисга ўргатма мени.

Кўп ўйинлар кўрди бу кўз, энди қўй ўз ҳолима,

Бир муборак ёшдаман, дойрангга ўйнатма мени.

Ўйладим, кўп ўйладим, етдим-ку охир ўйима,

Чун хулосам бўлди қатъий, бошқа ўйлатма мени.

Пўст ташлайди илон ҳам, билганим айтар эсам,

Сен булоқ кўзини очма, келки, сўйлатма мени.

Чалмадимми, гаҳ ҳаётдан силкитиб қўлим, дутор?

Айла инсофу диёнат, қайта куйлатма мени.

Нафсига ошуфта эл ёқтирмагай тақвони ҳеч,

Эътиқодимни бузиб, йўлимдан айнатма мени.

Мен Мурод Султони бўлсам, қўй, муродимга етай,

Сен қиёмат бўлмайин дўзахда қайнатма мени.

Ағёр ва ёр

Ишқи бобида ҳамиша йўлда бир ағёр бор,

Гаҳ хаёл этгумки, унга бўлди кўп ағёр ёр.

Гар менинг ишқим — мукаммал ё садоқат —бус-бутун,

Лек муаммони ечарда менда эрмас ихтиёр.

Эҳтимол, ўзимда айбу ё тилим — сўзимда айб,

Дилда пинҳон тутганим ул ишқим эрмас ошкор.

Гаҳ сезар кўнглимки, маҳваш дарс ўқур Шайтонга ҳам,

Суҳбат айлар чун рақиб бирлан, қолурман зор-зор.

Мен-ку мен, кўйида кўрдим не буюк ошиқни, лек

Чун қиё боқмас уларга ҳам, бўлурлар интизор.

Мен ҳасад қилмасман асло ул рақибнинг ҳолига,

Чунки бу дунё эмасдир ўйлаганча ёр тор.

Эй рақиб, қилмасман асло сенга бир чимдим ҳавас,

Сен соғинганча садоқатли эмас, билсанг, бу ёр.

Соқиё, ёр оқибат кўргуздими, кўрдингми, айт,

Қуй, қадаҳни тўлдир-у, кел, мен ичай девонавор.

Юрган йўлим

То тирик эркан бу жоним, тарки дунё қилмадим,

Тарки дунё қилгучи йўлини тўғри билмадим.

Не қилай, шундоқ яралдим, Сиз сабаб сўрманг, чунон

Ўзгалар "дунё" деганни кўп назарга илмадим.

Нафснинг майдони — кенг, жилва айлар бот-бот,

Ҳар кўринган ялтироқ ашёга кўп отилмадим.

Эгри-бугри юрмадим ҳам, кўнмади руҳ-у таним,

Шукрилиллаҳ, шубҳали луқма аро қотилмадим.

Неки мақсад, бўлса гарчи етмагим — амри маҳол,

Чун қўлим етмас эса бу дорга осилмадим.

Англадимким, айри-айри бергай ҳар кимга Худо,

"Бермади менга нега?", — деб ҳеч бағрим тилмадим.

Не мақом ёзса насибимга фалак, рози бўлиб,

Шу мақому манзилимдан бедарак бир жилмадим.

Бермамиш ўзга бировга менга берганни Худо,

Англагач шу сирри пинҳон, унчалар қоқилмадим.

Анча-мунча мушкулотни енгиб ўтдим сабр ила,

Этмадим қаддимни "дол"у ё қошим ё қилмадим.

Чун қаноатни кўнгил билди йўлида бир маёқ,

То қиёмат келмайин ул ўтида ёқилмадим.

Эйки Султон ё Муродсан, билки, мағзим — ёширин,

Балки, писта ё бодомдек то ҳануз чоқилмадим.

Умид

То тирикмиз, айлагаймиз кунда ҳар ондан умид,

Шул сабабдан айталарким: "Чиқмаган жондан умид".

Умр ўтди, ҳайя-ҳуйту оҳу вовайло билан,

Бу кўнгил кўп қилди, афсус, неча ёлғондан умид.

Тўғри бўлди ёки эгри ташлаган ҳар бир қадам,

Энди қолди битта имкон — пок иймондан умид.

Қанча полвон келди-кетди, қолдириб не яхши ном,

Ҳар замонда айлагайлар ўзга полвондан умид.

Айланар чархи фалак, зум ўткариб яхши-ямон,

Қолган эл кўз тиккай энди янги даврондан умид.

Алқагай ҳар кимсани, бил, аввало, халқу Ватан,

Шул сабаб сен тутгасан кўз Ўзбекистондан умид.

Бу кўнгил қолса Муроддан, ошкор этгил сиринг,

Ич-ичингда ёширин-ку, рости, Султондан умид.

Қор, Қуёш

(Ота-она қабридаги ўйлар)

Сув била ўт, Еру кўкдир қор, Қуёш,

Кўзни элтар ялту ялтир қор, Қуёш.

Қиш мазорот кезмадим йиллар кечиб,

Ўтган умрим эсга келтир, қор, Қуёш.

Кўзга ёшлар тўлди охир-оқибат,

Нур уза нур юрса бир-бир қор, Қуёш.

Билмадим, не соғаринг маст айлади,

Роз сўйлай боз тўлдир, қор, Қуёш.

Отам-онам тупроғи жаннатмикан,

Эҳ, мазорот бунча дилгир, қор, Қуёш?

Дам ғанимат, умр ўтар бир ялт этиб,

Ўтса — ўтсин, шунда ўлдир, қор, Қуёш.

Сўнг макон бўлса шунингдек бир макон,

Бир ёни — сой, бир ёни — қир, қор, Қуёш.

Эй Зарафшон, кел, Мурод Султони, бўл

Кўз ёшимдан сен Аму, Сир, қор, Қуёш.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.