Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 93 дан: 20.11.2017

Омон АБДУЛЛА

Омон Абдулла 1956 йилда Шофиркон туманидаги Саврак қишлоғида туғил¬ган. ¬1979 йилда ҳозирги Бухоро давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган. Турли йилларда "Ўтаётган кун", "Соғинч азоби", "Нажот фариштаси", "Ёнаётган мактуб", "Ҳайрат ҳайқириғи", "Армон алангаси", "Сўзсиз севги" номли китоблари чоп этилган.

Янги шеърлар

Шукрона

Нурга тўлиб кетар йўлларинг,

Ўз-ўзингни англасанг, билсанг.

Юлдузларга етар қўлларинг,

Яратганга шукрона қилсанг.

Ёғдуларин сочар осмонлар,

Тилин тишлаб қолар нодонлар.

Яқин йўламайди шайтонлар,

Яратганга шукрона қилсанг.

Қуламайди тоғлар бошингга,

Аралашмас оғу ошингга.

Хизр йўқлаб келар қошингга,

Яратганга шукрона қилсанг.

Ёруғ бўлар ҳамиша юзинг,

Уфқларни симирар кўзинг,

Ҳалол қилиб егин нон-тузинг,

Яратганга шукрона қилсанг.

Кўзинг тикма биров молига,

Шаксиз, қоларсан уволига.

Жавобгарсан Ҳақ саволига,

Яратганга шукрона қилсанг.

Гул унар мавжланиб кафтингда,

Қор, муз эрир юрак тафтингда.

Ҳақдан садо: шу тож-тахтинг-да,

Яратганга шукрона қилсанг.

Қаноат қил йўғу борига,

Қўл силтагин дунё корига.

Етажаксан ёр дийдорига,

Яратганга шукрона қилсанг.

Бошинг тошдан бўлсин, жон Ватан,

Ҳурликдан кўкси осмон Ватан.

Етти иқлимда достон Ватан —

Яратганга шукрона қилсанг.

Тақдир ҳукми ўқилар чоғи,

Бахтга тўлар умрингнинг боғи.

Ўзинг Омон қалбин чироғи,

Яратганга шукрона қилсанг.

Муқаддас тупроқ

Бунда кимдир экканди уни,

Ўзи билмас, ўсганча карахт.

Тошлоқ ерда ўтар тун-куни,

Бўй чўзади ёлғиз бу дарахт.

Атрофида юлғуну янтоқ,

Тиканзорлар... Унут этолмас.

Гарчи, кўрксиз бўлса-да, бироқ

Бу жойни у ташлаб кетолмас.

Онамга

Кўзларимга ёш тўлди, нетай,

Қадринг ҳали ўтади ёмон.

Тик қоматим хам бўлди, нетай,

Қайга ташлаб кетдинг, онажон.

Босди булутлар осмонимни,

Оч қузғунлар чўқир жонимни.

Ким ҳам энди олар ёнимни,

Қайга ташлаб кетдинг, онажон.

Кўз ўнгимда қошу кўзларинг,

Топарманми излаб изларинг.

Кўрарманми қайтиб юзларинг,

Қайга ташлаб кетдинг, онажон.

Нурсиз чироққа ўхшар бу дил,

Сувсиз қирғоққа ўхшар бу дил,

Хазон япроққа ўхшар бу дил,

Қайга ташлаб кетдинг, онажон.

Тиришаман чўққи — қоям йўқ,

Офтоб ўтар, бошда соям йўқ.

Зоғлар талар, бир ҳимоям йўқ,

Қайга ташлаб кетдинг, онажон.

Кулфатларда бу бошим сенсиз,

Ўзинг эдинг қуёшим тенгсиз.

Азобда жон, инграгай унсиз,

Қайга ташлаб кетдинг, онажон.

Тушларимга кириб ҳол сўраб,

Соғинчлардан кўксимда яра,

Омон келди, бош кўтар, қара,

Қайга ташлаб кетдинг, онажон....

Кўк саҳнида

Кўк саҳнида сузиб юрар Ой,

Иккимиздан узмай кўзини.

Онадай бахт тилар, ҳойнаҳой,

Юзимизга босиб юзини.

Кўк саҳнида сузиб юрар Ой,

Қишлоқ ширин уйқуга кетган.

Пастда тўлқин отиб оқар сой,

Сукунат жим, нафасин ютган.

Кўк саҳнида сузиб юрар Ой,

Нурга тўлиб-тошган йўлимиз,

Кўзинг — тун парчаси, қошинг — ёй,

Юлдузларга етар қўлимиз.

Кўк саҳнида сузиб юрар Ой,

Айтмоқчими гўзаллик сирин.

Олганмикан сендан Ой чирой,

Шивирлашинг, айт, бунча ширин.

Кўк саҳнида сузиб юрар Ой...

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2018 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.