Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 90 дан: 08.11.2017

Халқаро илмий-амалий анжуман

География таълими: узвийлик, ҳамкорлик, интеграция

Қозоғистондаги география бўйича махсус мактаб томонидан шу пайтга қадар ушбу мамлакатнинг Остона, Олмаота ҳамда Россия Федерациясининг Қозон шаҳарларида халқаро илмий-амалий семинарлар ўтказилган эди. Ушбу нуфузли илмий муассасанинг тўртинчи анжуманига вилоятимиз маркази мезбонлик қилди.

Бухоро давлат университетида бўлиб ўтган мазкур семинар "Мактаб ва олий ўқув юртларида география таълими узвийлигининг замонавий муаммолари" мавзусига бағишланди. Унда Қозоғистоннинг 14 вилоятидан келган методистлар, россиялик мутахассислар, шунингдек, воҳамиздаги олий ҳамда ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари иштирок этишди.

Ушбу семинар республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон география жамияти, вилоят халқ таълими бош¬қармаси томонидан қўшни республикадаги махсус мактаб билан ҳамкорликда ўтказилди.

Тадбирни БухДУ ректори Абдуқобил Тўлаганов кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг география бўйича махсус мактабнинг илмий раҳбари, профессор Улжалгас Есназарова бу каби халқаро даражадаги анжуманларнинг аҳамияти хусусида тўхталиб, уларнинг таълим интеграциясидаги ўрнини таъкидлади.

Семинар давомида иштирокчилар томонидан мазкур фан соҳасини ўқитиш, унинг бўғинлар¬аро узвийлигини таъминлаш борасидаги қатор муаммолар таҳлил этилган, уларни ечиш йўллари кўрсатилган маърузалар ўқилди. Чунончи, Қозон федерал университети профессори Надежда Ягина (Россия) ўз чиқишида география дарсларида дидактик материаллардан фойдаланиш масалаларига тўхталди. БухДУ ўқитувчиси Мавжуда Эргашева эса айни шу фан таълимида ўқувчиларни олий ўқув юртларига тайёрлашнинг методологик жи¬ҳатлари хусусидаги фикрларини баён қилди. Ўз нав¬батида мазкур билим даргоҳининг тупроқшунослик ва география кафедраси ўқитувчилари Худойназар Тошов ҳамда Абдулла Қодировлар томонидан вилоятимиз табиатининг физик-географик хусусиятлари, Бухоро топонимияси масалалари ёритилган маърузалар ҳам тўп¬ланганларда катта қизиқиш уйғотди.

— Юртингизда, хусусан, Бухорода бўлиш асносида бу ердаги ўқув муассасаларида яратилган шарт-шароитлар, улардаги таълим жараёни билан ҳам яқиндан танишдик, — дейди ал-Форобий ¬номидаги Қозоғистон миллий университети профессори Амангельди Темирбеков. — Соҳанинг шу ерлик мутахассислари билан мулоқот олиб бордик. Бу эса турли фанларни, шу жумладан, географияни ўқитиш интеграцияси борасидаги ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга, шу йўналишда тажриба алмашишимизга хизмат қилиши, шубҳасиз. Халқаро илмий-амалий анжумандан кўзланган асосий мақсад ҳам шу.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.