Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 90 дан: 08.11.2017

*2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

"Юқори"нинг турткиси шартми?!

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишга доир қонуний ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши, ариза ва шикоятларнинг ўз вақтида тўлиқ, холис ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжат асосида ташкил этилган Халқ қабулхоналари инсонларнинг дарду ташвишини енгиллаштирувчи, фикр ва таклифлари, муаммоларини тингловчи, уларни ижобий ҳал этишга кўмаклашувчи адолат масканига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Вобкент туманидаги Халқ қабулхонасига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Аксарияти бандлик ва меҳнат ҳуқуқлари, коммунал тўловлардаги нореал қарздорликлар, уй-жой масаласи, алимент тўловларига оид бўлган ушбу мурожаатларнинг 700дан ортиғи қаноатлантирилган, 196 мурожаат бўйича муаллифларга тушунтиришлар берилган.

Бироқ шуни алоҳида қайд этиш лозимки, мурожаатларнинг аксарияти ташкилот ва идора доирасида ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммолардир. Давлатимиз раҳбари томонидан янгича ишлаш талаби қатъий қилиб қўйилаётганига қарамай, баъзи мутасаддилар ҳалигача "Эски ҳаммом, эски тос" қабилида иш кўриб, фуқаролар мурожаатларини эътиборсиз қолдиришмоқда. Қуйида ана шундай мурожаатларнинг баъзилари билан танишасиз.

— 2016 йил 22 апрелда "Агробанк" АТБ Вобкент филиалига бир йил муддат ¬билан омонатга 20 миллион сўм пул қўйгандим,—дейди тумандаги "Мирвоши" МФЙ¬нинг Мирсулаймон қишлоғида яшовчи Гулбаҳор Идиева. — Омонат муддати тўлган бўлишига қарамасдан банк уч ойдан бери омонат пулини бермасдан сарсон қилди. Шу йилнинг 5 июнь куни туманимиздаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, омонат пулини қайтариб олишда амалий ёрдам кўрсатиш¬ларини сўрадим. Мурожаатим Халқ қабулхонаси ходимлари томонидан ўрганилиб, 10 кун ичида омонат пуллар банк томонидан тўлиқ қайтарилди.

— 2006 йилда ота-онам вафот этишган, —дейди "Мўминобод" МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Фазлидин Норов.—Ўзим яшаб турган ҳудуддаги маҳалла раисига, туман ер ресурслари ва давлат кадастр хизмати раҳбариятига ҳамда давлат солиқ инспекциясига марҳум ота-онамни солиқ тўловчилар рўйхатидан чиқаришни сў¬раб, бу ҳақдаги тегишли маълумотларни тақдим қилдим.

Шунга қарамай, ушбу идоралар ота-онамнинг ва ўзимнинг номимга солиқ тўловномаси юбориб, бир турдаги солиқни бараварига уч киши ҳисобидан ундириб келаётган эди. Марҳум ота-онамнинг солиқ тўловчилар қаторидан ўчирилишига ва олдинги йилларда уларнинг номидан ноқонуний равишда ундирилган солиқ пулларини қайтариб олишда ёрдам беришларини сўраб туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Шундан кейин мурожаатим қабулхона ходимлари томонидан кўриб чиқилди ва ижобий ҳал қилинди.

— 27 июнь куни "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси кассасидан Навоий—Москва йўналиши бўйича 10 июлда учиш учун олдиндан самолётга чипта сотиб олган эдим,—дейди Қўқин қишлоғида яшовчи фуқаро Ад¬ҳам Ҳайдаров.—Тўсатдан онам бетоб бўлиб, сафарим қолдирилди. Самолёт чиптасини кассага топшириб, пулини қайтариб олмоқчи бўлганимда авиакомпания ходимлари талабимни рад этишди. Халқ қабулхонасидан шу масалада ёрдам кўрсатишларини сўрадим. Мурожаатим туман Халқ қабулхонаси ходимлари ёрдами билан ижобий ҳал қилиниб, 187 АҚШ доллари миқдоридаги чипта пуллари авиакомпаниядан ундириб берилди.

— "Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним" иборасини халқимиз топиб айтган экан, —дея суҳбат бошлайди яна бир мурожаатчи, Косари қишлоғида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор Санъат Жумаев.—Жорий йилнинг 31 май куни "Агробанк" АТБ Вобкент филиали раҳбарининг илтимосига кўра беш кун муддатда қайтариб бериш шарти билан туманда фаолият кўрсатаётган иккита тадбиркорлик субъектига 10519150 сўм молиявий ёрдам кўрсатган эдим. Аммо орадан икки ой вақт ўтди ҳамки, "Агробанк" АТБ Вобкент филиали мазкур молиявий ёрдам маблағини қайтариб бермасдан, сансалорликка йўл қўйди. "Қўлинг билан бериб, оёқ билан оласан" дейишганидек, уларнинг ортидан югуриб юраверсам, ишим тезликда битмаслигини билиб, туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Беш кун муддатда пул ҳисоб рақамимга қайтарилди. Ўзаро келишиб, бир зумда ҳал этилиши мумкин бўлган масалани банк филиали мутасаддилари нега Халқ қабулхонасига мурожаат қилмагунимча ҳал этишмаганига ҳайрон қоламан. Ташкилот ва идоралар раҳбар ходимлари "юқори"нинг турткисига ўрганиб қолишганми?!

Дилдора ИБРОҲИМОВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.