Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 89 дан: 04.11.2017

Ҳам иқтисодий, ҳам экологик аҳамиятга эга лойиҳа

Суратда: саралаш цехи ишчи-мутахассисларидан бир гуруҳи. Тоҳир ИСТАТОВ олган сурат.

Когон туманида маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш заводининг дастлабки корхонаси ишга туширилди.

Таъкидлаш керак, ушбу ло¬йиҳа Президентимизнинг жорий йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида бунёдкорлик ишлари қаторида тақдимот қилинган ва унинг биринчи навбати қурилишини жадал давом эттириш бўйича кўрсатма берилган эди.

Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида кичик бизнес тузилмалари молиявий ва мулкий имтиёзларга эга бўлиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривож¬ланишида ўз ўрнини топаётир. Чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган "Аҳо¬литранс" масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳам бунга ёрқин далил.

Ушбу тадбиркорлик субъекти тумандаги собиқ чўчқачилик мажмуасининг фойдаланилмай ётган бўш бино ва иншоотларини инвестиция киритиш мажбурияти билан ноль қийматда олди. Шартномага кўра, МЧЖ 1,6 миллиард сўмлик маблағ сарфлаб, ёрдамчи биноларни мукаммал таъмирлади. Бундан ташқари 5,5 миллиард сўмлик қўшимча инвестиция киритилиб, заводнинг асосий ишлаб чиқариш бинолари қурилди.

Масъулияти чекланган жамиятга банк кредити қўл келганини таъкидлаш жоиз. Ўз¬бекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Бухоро вилояти бўлими томонидан ажратилган 970 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ҳисобига лойиҳанинг биринчи босқичи ниҳоясига етказилди. Бу ерда Хитой Халқ Республикасининг "BESTON (HENAN) MACHINERY CO.LTD" корхонасида ишлаб чиқарилган чиқиндиларни саралаш линияси ўрнатилди. Монтаж ишлари ҳам хорижлик шерик мутахассислар ҳамкорлигида бажарилди.

—Заводимизнинг саралаш корхонасида конвейер асосида дастлаб оғир жисмлар (металл, тош ва шиша), сўнгра яроқсиз резина ва автошиналар, ёғоч-тахта майда бўлаклари, қипиқлари, шох-шаббалар ва хазонлар, чиқит қоғозлар, қурилиш чиқиндилари, пластмасса идишлари, целлофан, яроқсиз ва қийқим матолар, озиқ-овқат чиқиндилари сараланади,—дейди цех бошлиғи Эсон Латипов.—Линия ҳар кеча-кундузда 450 тоннагача чиқиндини қабул қилиш қувватига эга. Кўриб турганингиздек, барча жараёнлар тўлиқ ва ярим тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилмоқда. Бу табиийки, ишчи-мутахассисларга қулай. Дарвоқе, лойиҳа самарасида 100 та иш ўрни яратилди.

Умуман, лойиҳанинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва экологик аҳамияти катта. У Бухоро ва Когон шаҳарлари, Бухоро, Когон туманларида ҳосил бўладиган турли маиший чиқиндиларни қайта ишлаш орқали мазкур ҳудудлардаги атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш, санитария ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.

Яна бир нарсани таъкидлаш лозим, корхонанинг 50 дан зиёд юк транспорти, шунингдек, юклагич экскаваторлари ва бошқа техникалардан иборат ўз транспорт бўлинмаси бор. Бу эса чиқиндиларни ташиш учун четдан транспортни ижарага олишга ҳожат қолдирмайди, шу мақсадга сарфланиши мумкин бўлган маблағларни тежайди.

Корхонада айни пайтда лойи¬ҳанинг иккинчи навбатини ишга тушириш тадбирлари жадал олиб борилаётир. Аниқроқ қилиб айтганда, бу ерда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 апрелда қабул қилинган "2017—2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида чиқиндиларни қайта ишлаш линияси барпо этилмоқда.

—Лойиҳамизнинг иккинчи босқичини амалга ошириш учун молиявий ҳамкоримиз бўлган Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Бухоро вилоят бўлими томонидан яна, бизнес режамизга мувофиқ 3 миллион 920 минг АҚШ доллари миқдорида ажратилган кредитга хориждан босқичма-босқич энг замонавий қайта ишлаш технологик ускуналари келтириб ўрнатилмоқда,—дейди масъулияти чекланган жамиятнинг ижрочи директори Соҳиб Кенжаев.—Яқин бир ярим-икки ойда монтаж ва соз¬лаш ишлари якунлангач, биз чиқиндилардан иситиш қозонхоналарида фойдаланиладиган муқобил пиролиз ёқилғиси, шунинг¬дек, брикет кўмир, синтетик тола, картон, тўқимачилик матоси, пишган ғишт, биогумус ва бошқа маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўямиз. Мазкур ишлаб чиқаришларда яна қарийб 300 нафар кишининг бандлиги таъминланади.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.