Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 88 дан: 01.11.2017

*Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига

"Артек"ка 1000 та йўлланма

Бахтим шуки, мендек оддий бир муаллимга Шароф Рашидов билан учрашиш насиб этган. Шу билан боғлиқ хотиралар эса ўтган асрнинг 70-йиллари ўртасида минглаб ўқувчиларга болалар дам олиш оромгоҳларига, ўша машҳур "Артек"ка бепул йўлланма берилиши воқеасига бевосита дахлдор. Гапни бир бошдан бошласам.

1975 йилда Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ)ни тамомлаб, Газлидаги ўрта мактабда физика фанидан дарс бераётгандим. Кўп ўтмай, аниқроғи, 1976 йилнинг 8 апрелида Газлида кучли зилзила рўй берди. Ер силкинишлари ке¬йин ҳам такрорланиб турди. Бунинг оқибатида мўъжаз шаҳардаги кўп қаватли бинолар бузилиб, вайронага айланди.

Ўша пайтларда бу ерда ўн мингдан зиёд киши яшарди. Улар табиий офат оқибатида бир лаҳза ичида уй-жойсиз, деярли ҳеч нарсасиз қолишди. Ўша оғир дамда нима қилишни билмай, карахт ҳолга тушган одамларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш лозим эди. Бу ишга эса аввало Шароф отанинг шахсан ўзи бош-қош бўлди.

Эсимда, ерости силкинишлари юз берганидан кейин кунларнинг бирида ёзги кинотеатрда шаҳарча аҳли иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда республика раҳбари Шароф Рашидов ҳам қатнашди. У тез орада Газлининг қайта тикланишини, бу ерда аввалгидан кўра қулай, кўркам, мустаҳкам иншоотлар, боғчалар, мактаблар, шифохоналар, коттежлар қурилишини, маошлар оши¬шини айтиб, кўнглимизга тасалли берди. Қизиғи, Шароф ота нутқ сўзлаётганида ҳам ўқтин-ўқтин ер силкиниб турди. Шунда тўпланганлар безовта бўлганда у киши ҳеч нарса юз бермагандек, ҳаммани тинчлантириб, ишонч билан "Қўрқманглар, асосий силкиниш ўтиб кетди" деди. Сўнг Ота аудиторияга қарата кимнинг қандай муаммоси борлигини сўради. Шунда бир аёл ундан мактабда ўқиётган болаларини ёзда республикадаги пионер лагерларига юборишга ёрдам беришини илтимос қилди. Бунга жавобан Ш. Рашидов бир муддат бутун залга диққат билан қараб, сўнг шундай деди: "Ҳа, болалар масаласи — биз учун энг муҳим масала. Ҳозир шундай бир қарорга келдик. Болаларни "Артек" оромгоҳига юборсак-чи?! Хўш, бунга нима дейсизлар? Улар денгиз бўйида дам ола қолсин!". Кейин у қўшиб қўйди: "Мингта йўлланма етарлими?" Ана шунда йиғилиш бошлангандан бери биринчи марта қарсаклар янгради. Одамларнинг кайфияти ҳам кўтарилди.

Дарвоқе, Ота ҳудудларга газ етказиб бериш одатдагидек давом этишини, ҳеч ким, айниқса, ёшлар (ўша жумлани айтган чоғда нигоҳларимиз тўқнашди) Газлидан кетиб қолмаслиги кераклигини ҳам таъкидлади.

"Артек"ка мингта йўлланма воқеа¬си шу билан тугагани йўқ. Ўша йиғилишдан ўн кунлар ўтгач, вилоят миқёсида мажлис бўлди. Унда яна лагерь масаласи кўтарилди. Шунда маҳаллий амалдорлардан бири "Бу масала ижобий ечим топ¬япти, ҳозир биз вилоятимиздаги "Спутник", "Ёш механизатор", "Учқун" сингари энг яхши лагерлар қанча болани сиғдира олишини ҳисоб-китоб қиляпмиз" деган маънода гапирди. Бу гапдан сўнг бутун залда ғала-ғовур бошланди. Шунда бир аёл Шароф Рашидовнинг газлилик болаларга "Артек"ка йўлланма бериш борасидаги ваъдасини эслатган эди, анави амалдор қуруққина қилиб, "У киши шунчаки ҳазиллашган" деди. Бу масала шу билан ¬бошқа кўрилмади.

Бу воқеадан кейин одамларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Турмуш қи¬йинчиликлари сабабли шаҳарча аҳолисининг маълум қисми бошқа жойларга кўчиб кета бошлади. Мен ишлаётган мактабдаги имтиҳонлар ҳам бекор қилинди. 1 июнга қадар ҳамма ўқитувчилар меҳнат таътилига чиқишди. Мен эса ҳали Бухоро шаҳрида яшовчи ота-онамникига кетишга улгурмагандим. Шунда директоримиз шошилинч йиғилиш ўтказди ва шаҳарда қолиб, болаларни "Артек"ка юбориш учун 5-9-синф¬ларда ўқиётган ўғил-қизларнинг рўйхатини тузишимиз кераклигини, Ш. Рашидов томонидан Газли болалари учун ёзги мавсумнинг уч ойига бепул йўлланма кафолатланганини айтди.

Бироқ афсуски, бир боқибеғам амалдорнинг ўйламай айтган бир гапи сабаб бу кўрсатма тўлиқ бажарилмай қолди. Ўшанда биз ҳаммаси бўлиб, бир неча ўн нафар болани тўплаб, "Артек"ка жўнатгандик. Бошқа йўлланмаларга бола тополмадик. Бу ҳақда хабар топган Шароф ота сентябрда зудлик билан газлиликларнинг фарзандлари учун жаҳонга машҳур оромгоҳга яна юзта йўлланма юборганди.

Бу воқеа газлиликларнинг дунёқарашию ҳаётини ўзгартирди. Ўша 1976 йилнинг октябрида Шароф Рашидов яна шу ерга ташриф буюрди. Бу вақтга келиб чодиру вагонларда яшаб турган оилалар коттежларга кўчиб ўтишган, бир нечта мактаб, болалар боғчаси, шифохона қуриб битказилганди. Шу боис минг¬лаб газлиликлар Отага миннатдорлик, эҳтиром рамзи сифатида уни кутиб олишга чиқишди. Менга ҳам бундай улуғ зот билан учрашиш насиб этганидан бахтиёрман. Унинг элимиз, юртимиз учун амалга оширган олижаноб ишлари, эзгу амаллари ҳеч қачон унутилмайди.

Анатолий ҚОСИМОВ, Бухоро шаҳридаги 5-МФЙ қошидаги "Нуроний" жамоатчилик маркази раҳ¬бари, Республика халқ таълими аълочиси.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.