Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 88 дан: 01.11.2017

Мурожаатлар билан ишлаш янги босқичда

Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритган дастлабки йиллардаёқ, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартибининг ҳуқуқий асоси ва пойдевори қўйилган эди, яъни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида "Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги, аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт¬лиги" алоҳида норма сифатида белгиланиб қўйилди.

Шундан сўнг, 1994 йилнинг 6 майида "Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Маълум давр ўтгач, республикамизда мурожаатлар билан ишлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди, яъни мазкур қонун 2002 йилнинг 13 декабрь куни янги таҳрирда қабул қилинди.

2014 йилнинг 3 декабрида эса, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

2016 йилга келиб эса, давлатимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида туб бурилишлар юз берди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан республикамизнинг барча вилоятларида, туман ва шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Айнан бундай ўзгаришлар "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни янги таҳрирда қабул қилинишига асос бўлди. Ушбу қонун 6 боб 38 моддадан иборат.

Янги таҳрирда қабул қилинган қонун илгариги қонунга нисбатан битта боб ва 7 та моддага кўпдир. Бундан ташқари, илгари қабул қилинган қонундаги баъзи бир нормалар чиқариб ташланган бўлса, баъзиларига тузатиш ва қўшим¬чалар киритилган. Шунингдек, айрим бир моддалар умумлаштирилган.

Хусусан, қонунга киритилган "Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналар" деб номланган янги бобда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасининг асосий вазифалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси томонидан мурожаатларга доир масалалар бўйича реал вақт режимида маслаҳатлар бериш тартиби, давлат органларининг, ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг виртуал қабулхоналарини ташкил этиш тартиблари хусусида нормалар киритилган.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги қонуннинг 3-моддасида баён этилган тушунчалар ҳам илгариги қонунларнинг бирортасида учрамайди. Яъни, 3-модда "Асосий тушунчалар" деб номланган бўлиб, унда илгариги қонунларда учрамайдиган ва сўнгги вақтларда тез-тез қулоғимизга чалинаётган видеоконференцалоқа, оммавий қабул, такрорий мурожаат, мурожаатнинг дубликати ва шу каби бошқа тушунчаларнинг таърифлари норма сифатида мустаҳкамланган.

Шунингдек, "Мурожаатларни кўриб чиқишнинг асосий принциплари" деб номланган 4-модда ҳам янги норма сифатида мазкур қонунга киритилган. Ушбу моддада мурожаатларни кўриб чиқишнинг асосий принципларига қонунийлик, мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги каби асосий тамойиллар келтириб ўтилган.

Шунинг билан бирга, янги таҳрирдаги қонунда 2014 йилда қабул қилинган қонунда мавжуд бўлган "Мурожаат этиш ҳуқуқини амалга оширишнинг кафолатлари" деб номланган модда мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрий амалга оширилиши, ҳеч ким бирон-бир мурожаатни ҳимоя қилишга ёхуд унга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмаслиги, мурожаат этиш ҳуқуқининг амалга оширилиши бошқа жис¬моний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек, жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги кераклиги, хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси давлат органларига, ташкилотларига ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат этиш ҳуқуқига эгалиги тўғрисидаги нормалар билан тўлдирилган.

Шу билан бир қаторда мазкур янги таҳрирдаги қонунда мурожаатлар бўйича иш юритишнинг илгариги қонунда мавжуд бўлмаган қоидалари ва нормалари киритилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Хусусан, давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган мурожаат ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган тақдирда эса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилиши кераклиги, мурожаатни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмаслиги, давлат органларида, ташкилотларда мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш дафтари юритилиши, унда мурожаатнинг тартиб рақами ва келиб тушган санаси, мурожаат этувчи жисмоний шахс¬нинг фамилияси (исми, отасининг исми), юридик шахснинг номи, мурожаатнинг қисқача мазмуни, ижроси тўғрисидаги белги, шунингдек бошқа маълумотлар кўрсатилиши, давлат органлари, ташкилотлар мурожаатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий этиши мумкинлиги, давлат органининг раҳбарига ёки ваколат берилган мансабдор шахсига оммавий қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмаслиги, бунда жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, мурожаатнинг қисқача мазмуни, шунингдек, уни кўриб чиқиш натижаси оммавий қабул баённомасида кўрсатилиши каби нормалар янги таҳрирдаги қонунда ўз аксини топган.

Хулоса қилиб айтганда, янги қо¬нун замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва технологияларидан фойдаланган ҳолда мурожаатларни кўриб чиқиш имкониятини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлади. Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатлари белгилаб қўйилди. Бу, ўз нав¬батида, давлат органларининг ушбу соҳадаги ишини сифат жиҳатидан юқори даражага кўтариш имконини беради.

Илҳом НЕЪМАТОВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ¬Қоровулбозор тумани бўлими бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.