Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 88 дан: 01.11.2017

Китоб — зиёбахш манба

Китоблар инсониятга ва дунё тараққиётига таъсир этувчи қудратли манба. Улар кишининг маънавий эҳтиёжини қондирибгина қолмай, ҳам руҳиятига, ҳам саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис унга ҳамма интилади, тўрт мучаси соғ инсонлар ҳам, имконияти чекланганлар ҳам. Жисмоний жиҳатдан имконияти чекланган фуқаролар дунёқарашини, онгу тафаккурини маърифат нурлари ила нурафшон қилиб келаётган вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси доим китобхонлар билан гавжум.

1965 йилнинг сентябрь ойида Абу Али ибн Сино номидаги вилоят кутубхонаси қошида кўзи ожиз китобхонларга хизмат кўрсатувчи, Брайль ёзувидаги бўртма нуқтали адабиётлар тарғиботи билан шуғулланувчи бўлим ташкил этилди. Ўша пайтда бўлим жамғармасида 53 номда бўртма нуқтали адабиётлар мавжуд эди. Орадан бир оз фурсат ўтиб махсус адабиётлар сони 307 донага етди. Кўзи ожиз китобхонлар ўртасида бўртма нуқтали адабиётларни ўқишга бўлган талабнинг кўплиги ва ҳукума-тимизнинг кўриш бўйича имконияти ¬чекланган ногиронлар маънавиятини янада юксалтиришга бўлган эътибори боис 1971 йилда кўзи ожизлар учун алоҳида Бухоро шаҳар кўрлар кутубхонаси ташкил этилди ва унга рус ёзувчиси ¬Николай Островский номи берилди. Шундан сўнг вилоятимизнинг Вобкент, Шофиркон, Ғиждувон туманларида ҳам бирин-кетин кўзи ожизлар маънавиятини юксалтиришда кўмак берадиган зиё масканлари фаолият кўрсата бошлади.

2004 йилнинг 16 декабрида Бухоро шаҳар кўзи ожизлар кутубхонаси негизида вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси ташкил этилди. 2005 йилнинг ¬январидан зиё масканида "Китобхонларга хизмат кўрсатиш", "Китоб¬ларни бутлаш ва уларга ишлов бериш", "Ахборот ва библиография" ҳамда "Болалар ва ўсмир-ёшлар билан ишлаш" бўлимлари китобхонларнинг ақлан ва маънан етук бўлишига хизмат қила бошлади.

Кутубхонанинг 50 кишига мўлжалланган қироатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Зиё масканида фойдаланувчиларнинг турли қатламлари тезкор ахборот олишлари учун барча қулай шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Кутубхона бўлимларидаги олтита замонавий компьютерларда кўзи ожиз китобхонлар бемалол фойдалана оладиган "JAWS" дастури ўрнатилган.

Бугунги кунда кутубхона жамғармасида 2809 дона бўртма нуқтали Брайль ёзувидаги, 2010 дона "гапирувчи", 5199 дона ясси босмадаги адабиётлар, 534 дона аудио диск мавжуд. 9 номдаги газета ва 9 номдаги журналлар ҳам муштарийлар ихтиёрида. Шунингдек,вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси Вобкент, Шофиркон, Ғиждувон туманларидаги махсус кутубхоналарга услубий марказ вазифасини ўтайди.

Кутубхона қироатхонаси ва китобхонларга хизмат кўрсатиш бўлимида электрон кутубхона ташкил этилган. Унинг базаси ясси адабиётларни Word форматига ўгириш, интернетдан керакли маълумотларни кўчириб олиш ҳисобига бойитилмоқда. Шунингдек, аввалги вақтларда кассеталар ҳамда магнит тасмаларида ёзилган гапирувчи китобларни компьютер хотирасига киритиб, аудио диск шаклида китобхонларга туҳфа этиш ишлари самарали тарзда олиб борилмоқда.

Азиза Ўроқова, Дилдора Аҳмедова, Гўзал Нарбаева, Ситорабону Ташпулатова, Элмира Солиева, Қумринисо Каримова, Гулбаҳор Мўминова, Севил ¬Сатторова каби жонкуяр ва малакали мутахассисларнинг китобхонларга ¬кўр¬сатаётган хизматлари мақтовга ло¬йиқ.

Ўтган йили давлат томонидан берилган 15 миллион 329 минг 150 сўмлик маблағ ҳисобига 960 дона ясси, бўртма ҳамда "гапирувчи" турдаги махсус адабиётлар олинган бўлса, жорий йилда бу мақсадлар учун 19 миллион сўмлик маблағ сарфлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, кутубхона жамоаси турли маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш орқали кўплаб китобсеварларни зиё масканига жалб қилмоқда. Бу ерда ўтказилаётган давра суҳбатлари, савол-жавоб кечалари китобхонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Кутубхона жамоасини кўп йиллардан бери бир муаммо қийнаб келади. Яъни у Бухоро шаҳридаги 57-мактабгача таълим муассасаси биносида ижара асосида фаолият кўрсатаётир. Вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси за¬монaвий ва ўз тасарруфидаги биносига эга бўл¬са, китобхонларга бундан-да аъло даражада хизмат кўрсатиши шаксиз.

Аъзам ЎРОҚОВ, вилоят кўзи ожизлар махсус ¬кутубхонаси директори.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.