Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 86 дан: 25.10.2017

Тинч ва обод юртга байрамлар ярашади

Президентимиз қарорига асосан илк бора "Бухоро шаҳри куни" кенг нишонланди

Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 19 майда қабул қилинган "2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ушбу қадимий ва ҳамиша навқирон гўшанинг сайёҳлик имкониятларини, халқимиз санъатини жаҳонда кенг тарғиб этиш йўли билан юртимизга ташриф буюраётган туристлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида бу ерда "Ипак ва зираворлар" фестивали, "Қовун сайли" ва бошқа тадбирлар қатори "Бухоро шаҳри куни" ни ҳам кенг нишонлаш белгиланган эди. Шунга мувофиқ, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги раҳбарлигида жорий йилнинг 22 октябрида — бундан роппа-роса 20 йил муқаддам Бухоронинг 2500 йиллик юбилейи ЮНЕСКО шафелигида халқаро миқёсида нишонланган санада шариф шаҳар куни фестивали ўтказилди.

Байрам тантаналари республикамиз Биринчи Президенти Ислом ¬Каримов ғояси билан ва бевосита раҳнамолигида шаҳарда бунёд этилган маданий марказдаги "Кўҳна ва боқий Бухоро" монументига гуллар қўйишга бағишланган маросим билан бошланди. Унда сўз олган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган "Бухоро шаҳри куни" ушбу кўҳна диёр тарихида янги саҳифани очаётганини қайд қилди. Шаҳар аҳли томонидан зўр қувонч билан кутиб олинган бу байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида катта кўламдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилгани туфайли Бухоро янада чирой очиб, мамлакатимиз ва хорижий саёҳларни оҳанрабодек ўзи томон тортиб, уни яқин орада йирик туристик марказга айлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбирда сўзга чиққан тарихчи олим, доцент Умар Рашидов 72 минг авлиёга ватан бўлган Бухорои шарифнинг 30 асрлик тарихи зарварақлари, шу ўлкадан етишиб чиққан алломаларнинг номлари, жаҳонни ҳайратга солган меъморий обидалари акс этган ушбу монументнинг бадиий жиҳатлари ва тарбиявий аҳамияти хусусида тўхталди. БухДУ магистранти Жаҳонгир Эргашев кўҳна диёрнинг ҳозирги ёшлари шариф шаҳарга, Шарқу Ғарбни қойил қолдирган Имом Бухорий, Ибн Сино, Абу Абдулло Рудакий ¬сингари буюк алломаларга муносиб ворислар бўлиб етишишларига ишонч бил¬дирди.

Мусиқа садолари остида монументга вилоят ва шаҳар ҳокимлигининг гулчамбарлари қўйилгач, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, корхона ва ташкилотлар жамоалари ва маҳаллалар вакиллари ёдгорлик пойини гулларга буркадилар.

Рим тенгдоши тарихи — олимлар нигоҳида

"Кўҳна ва боқий Бухоро" — вилоят мусиқали драма театрининг муҳташам залини тўлдирган олимлар, ўқитувчилар, бўлажак тарихчи талаба-ёшлар, меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари иш¬тирокида фестиваль дастури доирасида ўтказилган илмий-амалий конференция ана шундай деб номланди. Анжуманни таниқли воиз, тарихчи олим, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси Фармон Аминов кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.

Бухоро шаҳар ҳокими Карим Камоловнинг чиқиши Рим тенгдоши бўлган бу диёрнинг ўтмиши, бугуни ва истиқболига бағишланди. БухДУ профессори, тарих фанлари доктори Ҳалим Тўраев "Бухоро тарих чорраҳаларида" мавзусида қилган маърузасида бу кўҳна замин тарихини ўрганиш, унинг қадимий кўчалари ва обидаларини асл ҳолида сақлаш билан боғлиқ муаммоли масалалар хусусида тўх¬талди.

Шу университет профессори Шодмон Ҳайитовнинг чиқишида Бухоро алломала¬рининг Шарқ ва Ғарб циви¬лизациясига қўшган улкан ҳиссаси илмий далиллар асосида очиб берилди. Бухоро давлат тиббиёт институти профессори Қурбон Шодмонов ўз маърузасида буюк табиб ва олим Абу Али ибн Сино илмий меросининг Ғарб илм-фани ва маънавиятига таъсири тўғрисида фикр юритди. БухДУ профессори Сулаймон Иноятовнинг маърузаси эса Бухоро маънавий тараққиётининг жаҳоний шуҳратига бағишланди. Республика "Ҳу¬нарманд" уюшмаси раисининг ўринбосари Лутфия Мирзаева Бухоро халқ амалий санъати усталари эришган ютуқлар ҳақида гапирди.

Вилоят марказидаги санъат коллежи анъанавий хонандалик ва ижрочилик бўлими катта ўқитувчиси, таниқли ҳофиз Толиб Темиров Бухоро шашмақоми ҳақидаги чиқиши давомида шогирди Илҳом Исмоилов билан биргаликда ушбу мусиқа санъатимиз бебаҳо асари таркибига кирувчи "Рост" мақомидан тароналарни куйлагани, шунингдек, олимлар томонидан қилинган маърузаларда публицистик руҳ ва ҳис-ҳаяжоннинг устуворлиги илмий анжуманнинг қизиқарли бўлишини таъминлади.

Илмий-амалий конференция резолюциясида илгари сурилган ғоялар ва таклифлар хусусида сўзга чиққан БухДУ ректори, профессор Абдуқобил Тўлаганов мазкур олий ўқув юртида ислом тарихи ва манбашунослик, шунингдек, археология йўналишида кадрлар тайёрланаётгани, келажакда шаҳар куни фестивали доирасида ташкил этиладиган илмий анжуманларга дунёнинг кўпгина мамлакатларидан олимларнинг таклиф этилиши Бухорои шариф тарихини янада чуқурроқ ўрганиш ҳамда бу кўҳна шаҳарнинг аниқ ёшини белгилашда муҳим омил бў¬лишини қайд этди.

Объективда: Шарқ гавҳари

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимида фестиваль доирасида "Бухоро—Шарқ гавҳари" шиори остида ўтказилган видеороликлар ва фотосуратлар кўрик-танловига тақдим этилган асарларни баҳолайдиган ҳайъатга театр ва кино соҳасида катта тажрибага эга санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Убайдулла Бақоев раҳбарлик қилди. Мазкур ҳайъат эътиборига профессионал ва ҳаваскор режиссёрлар, операторлар, журналист ҳамда суратгирлар томонидан яратилган 30 га яқин видеороликлар ва фото асарлари тақдим этилгани боис кўрик-танлов ғолибларини аниқлаш осон кечгани йўқ.

— Узоқ давом этган муҳокама ва баҳс-мунозаралардан сўнг вилоят телерадиокомпанияси бош режиссёри Салим Назаровнинг "Ким билмайди Бухорони?!" видеоролигига биринчи ўринни беришга қарор қилинди, — дейди "Ўзбеккино" миллий агентлиги вилоят бўлими раҳбари Ринат Тўраев. — Чунки унда Бухоро тарихи, унинг шуҳратини жаҳонга ёйган алломалари, ноёб меъморий обидалари, замондошларимиз амалга ошираётган бунёдкорликлар бадиий воситалар ва турли ракурслар ёрдамида ёрқин акс эттирилган.

Ёш ҳаваскор оператор Бекзод Болтаевнинг "Бухоро тонг¬лари" деб номланган кинолав¬ҳаси кўрик-танловда иккинчи ўринни эгаллади. Вилоят телерадиокомпаниясининг яна бир ижодкори, журналист Зуҳра Рамазонова томонидан яратилган "Бухоро — Шарқ гав¬ҳари" видеоролиги учинчи ўринга лойиқ топилди. Фото санъати усталарининг маҳорат кўригида ғолибликни Илҳом Аҳадов қўлга киритди.

Устозлар ва шогирдлар

Раҳим Ҳакимов — Бухорои шарифнинг таниқли мўйқалам усталаридан бири. У "Бухоро шаҳри куни" фестивали доирасида ташкил этилган "Очиқ осмон остидаги музей" кўргазмасида "Нодирдевонбеги хонақосининг тунги кўриниши", "Тоқи Заргарон", "Ёмғирдан сўнг" сингари рангтасвир асарлари билан иштирок этди. Айни чоғда унинг Феруз Ҳаётов, Амальбек Ашуров, Бобожон Қурбонов сингари шогирдлари ҳам ўзлари чизган суратларни санъат мухлислари эътиборига ҳавола этдилар.

Халқ амалий санъати устаси Насиба Рафиева зардўзлик услубларини миниатюра чизиш анъаналари билан уй¬ғунлаштириб, духоба, адрас ва бошқа матоларда тиккан панноларини кўргазмага қўйди. Унинг шогирди Дилфуза Наж¬миева ҳам шу йўналишдаги асарлари билан кўрик-танловда иштирок этди. Бухоро санъат коллежи ҳамда республика Бадиий академиясига қарашли вилоят ихтисослаштирилган мактаб-интернати педагоглари ва ўқувчилари рангтасвир, графика ва миллий ҳунармандчиликка доир асарларини кўргазмага қўйиш баробарида Шоҳруд ариғи ёнидан ўтувчи майдонда турли этюдларни чизганлари шаҳарликлар ва хорижий сайёҳларни бу соҳалардаги ижодий жараён билан таништириш имконини берди.

Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси аъзолари бўлган бухоролик рассомлардан иборат ҳайъат кўргазмага қўйилиб, кўрик-танловга тақдим этилган 40 дан зиёд санъат асарларини синчковлик билан кўздан кечирди ва ғолибларни аниқлади. Вилоят ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитув¬чиси Азиза Авезованинг мойбўёқда иш¬ланган картиналари кўрик-танловда биринчи ўринга сазовор бўлди. Шу мактаб-интернатнинг яна бир ўқитувчиси Анвар Гулов кулолчилик санъати борасидаги асарлари учун иккинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Бухоро санъат коллежи ўқувчиси Нозим Файзуллаев эса акварелда чизган суратлари учун маҳорат кўригида учинчи ўринга лойиқ топилди.

Ҳунармандларнинг маҳорат дарслари

Бухорога келган меҳмонларни аввало кўҳна меъморий обидалар қизиқтириши табиий. Айни пайтда улар шаҳарнинг тарихий қисмида жойлашган ҳунармандлар устахоналари, расталарини четлаб ўтмаслиги аниқ. Нимаики ўзига хос бўлса, ўзига мафтун этади-да!

Фестиваль куни ҳунармандлар устахоналари янада гавжум бўлди. Гап шундаки, бу ерда зардўзлар, заргарлар, каштачилар, гилам тўқувчилар, темирчи усталар, миниатюрачи рассомлар, мис ва ёғоч ўймакорлари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.

Улар нафақат бобомерос касбга ҳавасманд ёшларни, балки хорижлик меҳмонларни ҳам қизиқтирди. Тадбир маълум маънода Бухоро ҳунармандчилик оламига саёҳат вазифасини ҳам ўтади, де¬йиш мумкин.

Биз Бухоро ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида заргар усталарнинг ташриф буюрувчиларни ўз маҳорати сирлари билан ўртоқлашаётгани устидан тушиб қолдик. Уста Шодмон Саидмуродов улардан бирининг қайси мамлакатларда ўз маҳсулотларини намойиш қилгани ҳақида сўраб қолди.

—Мен Венгрия, АҚШ ва Исроилдаги халқаро кўргазмаларда қатнашганман,—дейди заргар. —Уларда Бухоро заргарлари томонидан тайёрланган тилла ва кумуш тақинчоқларга қизиқиш катта. Мен бобомнинг касбини давом эттиряпман. Шогирдларим бор. Моҳир ҳамкасбларим сафи кенгаймоқда. Демак, хорижда ҳам маълум бўлган Бухоро заргарлик мактаби анъаналари давом этади.

"Фольклор қўшиқларингиз ажойиб экан"

Бухоронинг бирор маданий тадбирини фольклор қўшиқларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Халқимизнинг урф-одатлари ва тўй маросимлари билан боғлиқ куй ва қўшиқлардан иборат тароналар томошабинларга хуш ёқади. Демак, фестиваль дастуридан фольклор дас¬талари чиқишлари кенг ўрин олгани бежиз эмас.

Таъкидлаш керак, байрамда Тоқи Заргарон, Тоқи Телпакфурушон, Тоқи Сарафон мажмуалари ва бошқа масканларда Бухоро шаҳри ҳамда барча туманларнинг фольклор жамоалари ўз концерт ¬дастурларини намойиш қилишди. Улар чиқишларида воҳамизга хос умумийлик баробарида ҳар қайси ҳудуднинг удумларига мос қўшиқлар ҳам бор эди.

—Мен Бухоронинг қа¬димий ёдгорликлари ҳа¬қида кўп эшитганман,—дейди голландиялик Саад Жаъфар.—Улар ҳақиқатан ҳам гўзал, салобатли, сержило экан. Бу обидаларни томоша қилар эканман, ўзимни гўё ўтмишда ¬юргандек ҳис этдим. Шу билан бирга менда фестиваль ўтаётган турли ҳудудларда миллий кийимлардаги фольклор жамоа аъзоларининг чиқишлари ҳам катта таассурот ¬қолдирди. Қўшиқларнинг сўзларига тушунмасам ҳам улар ўйноқилиги, авжи, мафтункорлиги билан сеҳр¬лаб қўйди. Нота ва дирижёрсиз ижро этиладиган бу каби халқона қўшиқлар Европанинг бирор мамлакатида йўқ. Хуллас, ҳаммаси ҳавасли. Бунақа фестиваль хорижий сайёҳларни мафтун этади.

Курашмисан, кураш бўлди ўзиям

Бухоро кураши неча минг йиллик тарихга эга. Улар халқимизга хос тантилик, мардлик, ҳалоллик каби қадриятларни ўзида мужассам этиб турибди. Фестиваль доирасида кураш мусобақаси жой олгани ҳам бежиз эмас.

Бу ерда 100 дан зиёд полвонлар саккиз вазн тоифасида курашга тушдилар. Улар вилоят полвонларининг энг саралари эдилар. Беллашувлар ҳам шунга яраша бўлиши боис Пойи Калон мажмуаси ўрта майдонида минглаб томошабинлар жамулжам бўлишди. Мухлислар орасида ёш ¬болалардан тортиб, ну¬роний отахонларни ҳам кўриш мумкин эди.

—Бухорони зиёрат қилишга келиб курашнинг устидан чиқиб қолдим,—дейди сурхон¬дарёлик 78 ёшли отахон Аюб Тошев.—Ёшликда катта даврада олишганларим эсимга тушиб кетди. Ўзиям курашмисан, кураш бўлаяпти. Ажойиб олишувимиз бор-да! Кураш деса, жаҳонда аввало ўзбекни билишади. "Ҳалол", "Ёнбош" деган сўзларимиз хорижлик полвонларга ёд бўлган. Тан беришади-да. Мен сизга айтсам, кураш тушаётган манави йигит яхши олишаркан, чайир, дадил экан.

Отахон ромитанлик Шаҳрам Аҳадовни назарда тутаётган эди. Қарангки, шу полвоннинг қўли баланд келди.

Шунингдек, мусобақада ўз вазн тоифасида Эркин Дониёров, Умид Абдуллаев, Илғор Асадов, Маъруф Эркинов, Нодир Тўраев (Жондор), Абдулазиз Ҳамроев (Қоракўл), Ҳусен Очилов (Олот)га тенг келадиган топилмади.

Таъкидлаш керак, ғолибларнинг аксарияти Бухоро шаҳар якка кураш болалар ва ўс¬мирлар спорт мактаби вакиллари ҳисобланади.

"Бухоронинг шоҳона таоми"

Фестиваль дастуридан ўрин олган ошпазлар танлови шундай деб номланди. Пазандалик маҳорати кўригида шаҳарда бу таомнинг усталари деб танилган 16 нафар ошпаз иштирок этди. Улар ўзлари тайёрлаган бухороча ва андижонча паловларини таклиф қилдилар.

Тоқи Заргарон ва Тоқи Телпакфурушон мажмуалари оралиғининг ён томон кенг майдонида қўйилган столлар устига ёзилган байрамона дастурхон атрофига фестиваль меҳмонлари, оқсоқоллар ва чет эллик сайёҳлар таклиф қилинди.

—Тадбир ташкил этилган жой яқинидан ўтиб кетар эканман, бир гуруҳ сайёҳлар қатори менга ҳам ошга марҳамат, дейишди,—деди ўз таассуротларини баҳам кўрган Россиянинг Сочи шаҳридан келган Елена Тянева.—Меҳмондўстлигингиз худди шу жойдаёқ намоён бўлди. Биласизми, чет элликлар миллий таомларингизни ёқтиришади. Паловингиз жуда ҳам зўр экан. Зираворли, хуштаъм. Хуллас, ҳиди димоғингиздан кетмайди.

Айтганча, танловда ғолиблар аниқланди. Улар орасида Носир Ғофуров биринчи ўринга муносиб кўрилди.

Обод кўчалар кўпаяверсин

Шаҳар қанча саранжом-саришта бўлса, кўнгил қувонади. Фестиваль арафасида вилоят марказидаги кўп¬лаб кў¬чалар ораста кў-риниш олди. Бу бай¬рам арафасида ша¬ҳар ҳоким¬лиги томонидан "Энг обод кўча" кўрик-танлови эълон қилингани билан боғлиқ.

Тадбирда ҳудуднинг ободлиги, кўчанинг тунги ёритилиши, дарахтларга шакл берилиши, гулзор ташкил этилиши, ҳатто чоғриққина бўлса-да ҳовли ичкарисидаги томорқалардан фойдаланилишига эътибор қаратилди. Танловда 50 дан зиёд кўчалар аҳли иштирок этди. Шаҳар ҳокимлиги томонидан тузилган иш¬чи гуруҳи жойларда бўлиб, амалга оширилган ободончилик ишларини юқоридаги мезонлар асосида баҳолади.

Танлов якунларига кўра, шаҳардаги энг йирик ҳудуд ҳисобланган Баҳоуддин Нақшбанд кўчасининг Абдулхолиқ Ғиждувоний номли маҳалласига тегишли қисми юқори эътирофга сазовор бўлди.

— Кўчанинг ободлиги унда яшаётган ҳар бир ҳовли ёки уй эгаларига боғлиқ,—дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Навбаҳор Қорёғдиева.—Айнан шу жиҳат фестиваль арафасида яққол сезилди. Биз оқсоқоллар ва фаоллар билан бундан буён ҳам кўчамизни саранжом-саришта этиш, унинг санитария ҳолати намунали бўлишини таъминлашга келишиб олдик.

Умуман, тадбир дастури доирасида меҳмон¬хона ва турфирмалар, қаламкашлар, рассомлар, архитекторлар ўртасида ижодий танловлар ҳам ташкил этилди.

Фестиваль мақсадининг рўёби

"Бухоро шаҳри куни" фестивалининг якуний тадбири учун Лабиҳовуз мажмуида 2000 дан зиёд томошабинга мўлжалланган жойлар ҳозирланди. Улкан саҳнага айланган Нодирдевонбеги хонақоси олдидаги майдонга иккита катта экраннинг ўрнатилгани телеоператорларга бу ердаги тадбирни синхрон тарзда йирик планда кўрсата билиш имкониятини яратди.

Оқшом чўка бошлагач атрофдаги ранг-баранг чироқлар ва прожекторлар ёниб, ҳовуз атрофидаги фавворалардан кўкка отилаётган сувнинг жилолари ажиб бир гўзаллик ва нафосатни ҳосил қилди. Фестиваль меҳмонлари — хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ¬корпуси, вилоятимизда фаолият юритаётган хорижий компаниялар, сайёҳлик ташкилотлари вакиллари, турист¬лар байрам тадбири томошабинлари қаторидан жой олдилар. Бухоро доира зарᬬларининг тантанавор садолари фестивалнинг ёпилиш маросими бошланганидан дарак берди.

Вилоят ҳокими Ўктам Барноев тадбир иштирокчиларига қарата мурожаат этар экан, илк бора ўтказилган "Бухоро шаҳри куни" фестивали дўстлик ва қардошлик, илм-фан ва санъат, сайёҳлик байрамига айланганини, бундай тўйлар эса тинч ва обод юртга ярашиқлигини қайд этиб,унинг ташкилотчиларига миннатдорлик билдирди, фестиваль доирасидаги турли кўрик-танловлар ғолибларини муборакбод этди.

Фестиваль гала-концерти хушовоз хонандалар Шамшод Неъматов ва Ситора Умарова ижросидаги "Ватан ягона" қўшиғи билан бошланди. Вилоят мусиқали драма театри актёрлари намойиш этган "Бухоро фар¬зандлари" тарихий композициясида шу юртдан етишиб чиққан алломаларнинг жаҳон цивилизацияси тараққиё¬тига қўш¬ган ҳиссаси шеъ¬рий ифодасини топди. "Мақом" ва "Мавриги" ансамбилларининг хонандалари мум¬тоз наволар ижроси билан томошабинларни хушнуд этган бўл¬салар, Мафтуна Саъдуллаева, Мадина Идиева, Хушнуд Аҳроров, Раҳим Ходжаев, Феруза Асадова ва бошқалар замонавий қўшиқларни куйлаб, дастурга ўзгача завқ-шавқ бағишладилар. "Бухорча", "Бухоро гўзаллари", "Бухоро мавжлари", "Лира" ¬ансамбллари раққосаларининг чиқишлари гала-концертнинг ўзига хос хореографик безаги бўлди. Дастур меҳмонлари — пойтахтлик хонандалар Умидахон, Мансур Усмоновлар куйлаган ¬тароналар концертнинг янада томошабинбоп бўлишига хизмат қилди. Тадбирнинг финалида барча санъаткорлар ижросида янграган "Қадим Бухоро" қўшиғи гала-концертга якун ясаган бўлса ҳам фестиваль қатнашчилари, хорижий сайёҳларнинг Лабиҳовуз мажмуи бўйлаб сайрлари анчагача давом этди.

Бухорои шарифдан фахрланиш, унинг бугунги ва эртанги тараққиётига, ободлигига дахлдорлик ҳисси шаҳарлик фуқаролар чеҳрасида акс этиб турганини, чет эллик туристларнинг яна бир бор бу кўҳна диёрга юртдошлари билан ташриф буюришга аҳд қилганларини англаш қи¬йин эмас. Зеро, "Бухоро шаҳри куни" фестивалининг мақсади ҳам шу.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбирлари. Сергей ПОЛЕТАЕВ ва Тоҳир ИСТАТОВлар олган суратлар.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.