Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 85 дан: 21.10.2017

*21 октябрь—Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни қабул қилинган кун

Ғарбона тақлид — она тилимизга таҳдид

Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин. (Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонунининг 20-моддаси).

Яқинда шаҳар марказида янги дўкон очилди. Чиройли, ҳашамдор, замонавий. Унинг таърифини эшитиб, дўконга ошиқдим. Узоқдан ўқиса ҳам бўладиган тарзда катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилибди: "Mega MARKET". Дўконнинг хорижий тилда номланганини кўрибоқ ҳафсалам пир бўлди. Яна ажнабийча аталиш... Қачон қутуламиз шу иллатдан, дея кўнглимдан ўтказиб, яқинига бордим. "Мы открылись" ёзуви эса янада энсамни қотирди.

Тан олмоқ керак, замон тараққий топгани сайин шаҳарлару қишлоқларимиз қиёфаси тобора гўзаллашиб бормоқда. Улардаги ободлик, бунёдкорликлардан баҳри дилингиз очилади. Аммо катта-ю кичик дўконлар, хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ҳашамдор хорижий номлар билан аталаётгани эса кишининг ғашига тегади. Негаки, бундай ҳолатлар юртимизда олиб борилаётган ватанпарварлик тарғиботига мутлақо зиддир. Ахир вояга етаётган навқирон авлодлар шу сўзларни ўқиб улғаймоқда. Бу ҳол уларда миллийликни эмас, ғарбона ҳаётга тақлидни кучайтиради.

Биз дунё аҳлини ҳайратга солган буюк алломаларнинг зурриёдларимиз. Аждодларимиз теран тафаккур юритгани, тилга эҳтиёткорона муносабатда бўлгани, ахлоқий-маънавий жиҳатдан башариятга ибрат бўлгани ҳатто қадимий Ўр¬хун-Энасой битиклари, Қошғарийнинг "Девону луғатит турк" асари, Ҳазрат Навоийнинг бебаҳо бисотидан ҳам маълум. Хўш, нега энди халқимизга ёт атамаларга кўр-кўрона эргашишимиз керак. Янги очган дўконимизга гўёки "маркет" деб ёзиб қўймасак, ҳеч ким кирмайдигандек. "Мы открылись" дея ёзмасак, кишилар буни билмайдигандек. Ахир, ўзбек тилида "Янги дўконимизга марҳамат қилинг!", дея ёзилса янада чиройли чиқади-ку. Қолаверса, аҳоли асосан ўзбек тилида сўзлашади. Мана бу номларга эътибор беринг: "Истанбул", "Детская одежда", "Бутик", "Одежда для полных" ёки бўлмаса ширинликлар ва озиқ-овқат дўконларини "Мир сладостей", "Бон-бон", "Бигмаркет" деб аташгани гувоҳи бўламиз. Айниқса, келинлик либоси ва гўзаллик салонларининг "Фортуна", "Шадози" сингари хорижий номлар билан аталиши урф¬га кириб бўлиб, гўёки мижозларни жалб қилувчи брендга айланган. Тамаддихоналарга "Улетай", "Хот-дог", "Бургер", "Встреча", "Рыбожарка" деган пешлавҳалар осилганининг гувоҳи бўлгансиз, албатта.

—Айримлар тадбиркорликни йўлга қўяр экан, хорижий номлардан фойдаланиш харидорларни кўпроқ ўзига жалб этади, деб ўйлайди,—дейди биз билан суҳбатда ЎзМТДП вилоят кенгаши раиси С. Ҳамроев.—Ахир дўкону ошхона ва бошқа шохобчаларнинг харидоргирлигини номи белгиламаслиги тайин. Сифатсиз маҳсулотни баландпарвоз атама ёрдамида ҳам сотиб бўлмайди. Катта ёшдаги кишилар зўрға талаффуз қиладиган ажнабий сўзлар билан аталиши ундаги хизмат сифатини белгиламайди. Нафақат шаҳарда, ҳатто чекка қишлоқларда ҳам қишлоқ дўкони "Маркет", гўзаллик салонини "BEAUTY" деб аталаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекча ёзсангиз бўлмайдими, деб кўринг-чи, "Буларни ўзбекча ёзсак кўпчилик тушунмайди" деган антиқа жавоб оласиз. Афсуски, бундай ҳолатлар она тилимиз эртасига таҳдид, халқимизнинг миллий ғурур, ифтихорига путур етказаётир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ўзбек тили халқимизнинг энг азиз ва бемисл бойлигидир. Уни кўз қорачиғидек асрамоғимиз, келгуси наслларга етказмоғимиз ҳам фарз, ҳам қарз. Бу йўлда бизга "Давлат тили ҳақида"ги Қонун дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Аммо бир савол ўринли деб ўйлайман: юқоридаги ҳолатлар давом этаверса, тилимиз тақдири нима бўлади?

Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.