Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 84 дан: 16.10.2017

*21 октябрь—Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни қабул қилинган кун

Она тилимизни эъзозлайлик

Тил — миллий мафкурасига эга бўлган ҳар бир халқ суверенитетининг муҳим белгисидир. У миллатнинг ўзлигини намоён этади, маънавий қиёфасини белгилайди, давлатнинг тарихи ва келгуси тараққиёт босқичларини ўзида ифодалайди. Конституция¬мизнинг 4-моддасида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Вата¬нимиз ҳали мустақилликка эришмасидан олдинроқ — 1989 йилнинг 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни қабул қилинди ҳамда истиқлол сари муҳим қадам қўйилди. Ушбу ҳужжат она тилимизнинг қадрини мустаҳкамлаш, фахр-ифтихоримиз, ғуруримиз тимсоли бўлган ўзбек тилининг мавқеини юксалтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бухоро вилоятида ҳам ўзбек тилини қадрлаш, уни кўз қорачиғидек асраш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

—Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши унинг мавқеини ошириб, қўлланиш доирасини кенгайтирди ва ривожига катта таъсир кўр¬сатди,—дейди Бухоро озиқ-овқат саноати ва сервис касб-ҳунар коллежи олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Хонзода Қўзиева.—Тилимиз ислоҳотидаги муҳим воқеалардан бири 1993 йил 2 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 13-сессиясида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси миллий ёзувимиз тарзида қабул қилинганлигидир. Шундан кейин, 1995 йилнинг 24 августида Вазирлар Маҳкамасининг 339-сонли қарори билан "Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари" тасдиқланди. Умумтаълим мактабларидан тортиб олий ўқув юртларигача давлат тилини ўрганишга, иш ҳужжатларининг шу тилда олиб борилишига алоҳида аҳамият берилмоқда. Коллежимизда ҳам бу борадаги ишлар яхши йўлга қўйилиб, она тилимизни ривожлантириш мақсадида ҳар йили Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда ўқув-семинарлар, конференциялар ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Хўш, туманларда бу жараён қандай кечмоқда? Худди шундай савол билан Ромитан тумани ҳокими ўринбосари Сайфулло Фатуллаевга мурожаат қилдик:

—Миллатимизнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланган она тилимизни асраб авайлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз саналади,—дейди у.—Туманимизда ҳам давлат тилининг аҳамиятини тарғиб қи¬лиш, иш ҳужжатларини давлат тилида юритишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу кунларда ташкилот ва таълим муассасалари, маҳаллаларда тил байрамига бағишлаб "Тилга эътибор—элга эътибор", "Она тили—давлат тили", "Одоб боши—тил" каби мавзуларда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. ¬Топонимик объектларга ном беришда тилнинг талаб ва қоидаларига риоя қилиш, тўғри ва хатосиз ёзиш доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Бир нечта тарихий аҳамиятга эга бўлмаган, турли шеваларда аталиб келинган жой номлари муносиби билан алмаштирилди. Шўрча—Истиқлол, Мўри—Ифтихор, Ёмғир—Нав¬баҳор, Маҳаллаи қозиён—Заминобод, Пески—Ҳамдўстлик, Гўспанжаллоб—Яккабоғ, Работипоён—Қуйи Работ, Галгала – Элобод, Замате—Янгиариқ, Сомжан—Алпомиш, деб ўзгартирилди. Сўнгги йилларда туман ҳудудидаги 151 та кўча ва маҳаллаларнинг номлари янгиланди. Топонимик объектларга ном бериш масаласини мувофиқлаштирувчи вилоят ва туман комиссиялари қарорларига асосан жой номларининг ўзгартирилиши муносабати билан ном кўрсаткичларини алмаштириш, муассаса, ташкилотлар, корхоналар муҳр ва тамғаларига, иш қоғозларига тегишли ўзгартиришлар киритиш ва бошқа ташкилий ҳамда амалий тадбирлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Кўча ва маҳалла номлари кўрсаткичларининг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тўғри ва хатосиз ёзилиши юзасидан мониторинг ва назорат ишлари йўлга қўйилган.

Аммо, баъзи ҳолларда лотин алифбоси асосида сўзлар ёзилишида хатоликлар учрамоқда. Хусусан, кўчалардаги айрим панно ва баннерларда имловий ва мантиқий хатоларга йўл қўйилаётгани билан муроса қилиб бўлмайди. Масалан, Ромитан тумани марказий бозори атрофидаги дў¬кон¬лар номланишини кузатганимизда "Go'sht mahsulotlari", дўкони "Go'sht maxsulotlari" деб нотўғри ёзилган. Амир Темур ва Шифокорлар кўча¬ларидаги айрим дўконлар, ¬гў¬заллик салонлари ва дорихоналарнинг "Кapriz", "Лейла", "Оriginal", "Воutique maks", "Deliz style", "Yasmin", "Prinsessa Bonu", "Айболит", "Таблетка", "Добро аптека" "Марфуша Нигина" сингари русча ёки инглизча номлангани кишида нохуш таассурот уйғотади. Бунинг сабаби ҳақида суриштирганимизда, асосан бу номлар жарангдорлиги ва аҳо¬лини жалб қилиши учун қў¬йилганини айтишди. Аммо ўзбек тилининг не чоғли бойлигини, унинг мукаммаллигини Навоий асарларини ўқиган кишигина англаши ва ҳис қилиши мумкин. Юртимиз кўчаларини миллийлик акс этган панно,баннер ва пешлавҳалар безаб турса айни муддао бўларди.

Тил—миллат кўзгуси, маънавият сарчашмасидир. Шу боис она тилимизни ҳурмат қилиш, унинг бой имкониятларини ўрганиш ва улардан тўғри фойдаланиш барчамизнинг асосий бурчимиз бўлиши лозим.

Наргиза ҚУВОНЧЕВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.