Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 82 дан: 11.10.2017

Лайло ШАРИПОВА

Лайло Шарипова Шофиркон туманида зиёли оилада туғилган. 1990 йилда Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ)ни тугатиб, шу олий ўқув юртининг Ўзбек адабиёти кафедраси ўқитувчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. 2008 йилда "ХХ асрнинг 70-80-йиллари ўзбек шеъриятида фольклоризмлар" мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган олима ҳозир докторлик диссертацияси устида илмий иш олиб бормоқда.

"Оқ армонлар", "Қисмат сурати", "Шодлик соҳили", "Бу шундай дунёки...", "Онамга тортиқ", "Онам ўзинг..." сингари шеърий тўпламларини нашр эттирган Лайло Шарипова Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Оилали, тўрт фарзанднинг онаси.

Сен жонимсан...

Сувларингда камалак кўрдим,

Балиқларинг зикрида оят.

Қуёш билан ёнма-ён юрдим,

Тоғларингдай кўтаролдим қад.

Тупроғингга босдим юзимни,

Қулоғимда нозбўй қиқири.

Буғдойзорга бердим сўзимни,

Сирдош бўлди лолали қиринг.

Дил дардига тиласам малҳам,

Шарбат тутар дарддошим — ўрик.

Зилол сувга тушимни айтсам,

Отқулоқнинг қулоғи тим-тик.

Дарахтларни қучсам беозор,

Яшнаб кетар, яшарар жоним.

Бундай Ватан яна қайда бор,

Сен жонимсан, Ўзбекистоним.

Ватан мадҳи

Бу шундай Ватанки, ҳатто чўлида

Шифобахш гиёҳлар ўсади фақат.

Улуғи беҳисоб, юртни танитган,

Бир қарич ерида ётмоқ саодат.

Тўрт фасл қуёшнинг ишқига лойиқ,

Энг оддий кунлари тарихга безак.

Бошинг тупроғига текканзаҳоти

Осойиш топади безовта юрак.

Кўкка нур ўрлаган қайси Ватандан,

Ҳатто тиконининг гуллари сулув.

Кулчани оқизоқ қилган боланинг

Алпомиш бўлишин таъбир айлар сув.

Кўкарса жонларга бўлар деб мадад,

Шодлиги буғдойдай ерга кўмилар.

Ғамлари минордай кўрсатади бўй,

Шу ғамдан кўнглининг кўзи мунаввар.

Бу шундай Ватанки, аёли улуғ,

Шу юрт деб тикилган қирқта жони ҳам.

Эркаги — авлиё, қадами қутлуғ,

Бу замин муқаддас, бу юрт мукаррам.

Ўзбекистоним...

Қудратингга тоғларинг мисол,

Ҳикматингга боғларинг мисол,

Фақат сенга қилдим дардиҳол

Отам ўзинг, Ўзбекистоним.

Ширмой нонлар юзида Ватан,

Ширин жонлар ўзида Ватан,

Байтларимнинг сўзида Ватан,

Онам ўзинг, Ўзбекистоним.

Мен онаман — қалби тўлиққан,

Юртга посбон, меҳрибон туққан,

Ватан қадрин дил-дилдан уққан

Болам ўзинг, Ўзбекистоним.

Дил яйратар жамшиди жомсан,

Биз ўткинчи, сен бардавомсан,

Бузрукдирсан, Рост — Шашмақомсан,

Нолам ўзинг, Ўзбекистоним.

Боқийлик...

Кимнинг кўнглин кам қилгай дунё,

Кимнинг кўзин нам қилгай дунё.

Ҳаммамизни ернинг остига

Бир кун, албат, жам қилгай дунё.

Манман деган не-не зотларнинг

Бошларини хам қилгай дунё.

Устозларни қуёш деб билсак,

Ўчиргайу, шам билгай дунё.

Дунё, билсанг, битта қудрат бор,

Бир ҳикматга ҳукминг ўтмайди.

Эл кўнглини китоб этганлар

Бу дунёдан асло кетмайди.

Чин шоирга

Ватан бир боғ, қўриқлаш учун

Шоир асли яшаб ўтар тик.

Ҳатто мудраб бўлмас бирор тун,

Шоир яшар Кенжа ботирдек.

Дилин тилиб туз сепса шоир,

Шу Ватан деб гар бўлса бедор,

Шариф шаҳар дуосин бир-бир

Шоир учун этурман тумор.

Ахир боғнинг ҳар барги тилло,

Ҳар меваси жавоҳир мисол.

Қўриқлайлик, шоирим, илло,

Ватан борки, бор бизда Иқбол!

Одамлар

Тушимда ҳам шеърлар айтаман,

Англамайман гоҳо қайдаман?

У дунёга бориб қайтаман,

Бу дунёдан безор одамлар.

Кимдир тепса, бошларин эгиб,

Сўзларидан чечаклар тўкиб,

Пойимга гул кетарлар экиб,

Юраклари гулзор одамлар.

Шодлигимга қайғу қўшарлар,

Кулолмасам, кулиб жўшарлар,

Омадимни ошдай ошарлар,

Экканлари озор одамлар.

Дунё билан иши йўқ — ғариб,

Икки дунё уларсиз ғариб,

Дунёларни юрар қутқариб,

Умрлари асрор одамлар.

Сўз сотарлар, гаплар отарлар,

Дўст қалбини пуллаб ётарлар,

Дард дарёси ичра ботарлар,

Умрлари бозор одамлар.

Ватан деса тўшар жонини,

Элга берар бор имконини,

Бермас лекин ҳеч иймонини,

Топганлари ашъор одамлар.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.