Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 82 дан: 11.10.2017

Ғулом ШОМУРОДОВ

Таниқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ғулом Шомуродов таваллудига 80 йил тўлди. У 1937 йилда Жондор туманининг Алелича қишлоғида туғилган. 1959 йилда Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ)ни тугатгач, бир муддат мактабларда ўзбек тили ва адабиёти, тарих фанларидан дарс берди. 1969 йилдан пенсияга чиққунига қадар Ўзбекистон радиосининг Бухоро вилоятидаги ўз мухбири вазифасида ишлаган. Ғулом Шомуродов журналистик фаолият билан бирга шеърият борасида ҳам баракали ижод қилди. Ҳозиргача унинг "Ойдинда кезаман", "Наволарим", "Ватан васфи", "Олам ичра олам", "Қалбим қатраси", "Бобо шаҳрим", "Рангин руҳият" сингари 20 га яқин шеърий китоблари нашр этилган. Биз, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ғулом Шомуродовни табаррук ёши билан қутлар эканмиз, отахон шоирга янги ижодий муваффақиятлар тилаймиз.

Кексалик

Аллоҳдин бўлди иноят бизга, не бахт, кексалик,

Ҳурлигу нурлик замонда катта давлат — кексалик.

Ўлкамиз жаннатмакон, не истасанг, мавжуд бари,

Бундайин юртда билинг, оромижон пайт — кексалик.

Болалик даврим азоб-ла ўтди-кетди, водариғ,

Ота-боболар учун бўлган оғир дард — кексалик.

Эсласам, жанг йилларин, кўзларда ёшлар шашқатор,

Парча нонга зор бўлиб, тортган уқубат — кексалик.

Ул оғир йилларни кўрган кўп улуғлардан сўранг,

Дер улар, бизлар учун бўлган машаққат — кексалик.

Неча-неча давр ўтиб, ўз қадрига ёлчимаган,

Топди хўб бизнинг замонда қадру қиммат кексалик.

Шу боис ҳар кексанинг юз-кўзидан нур ёғилур,

Завқу шавқ тошган дилида, шону шавкат — кексалик.

Ўргилай ушбу замондин, ҳамма мамнун шодумон,

Чолга ҳам, кампирга ҳам бахш этди омад — кексалик.

Эй, Ғулом, айла тараннум мўйсафидлик бахтини,

Ҳурмату эъзоз билан ўтмоқда хушвақт — кексалик.

Ойменгли

Бухоронинг туркман қизи Ойменгли,

Моҳи-Хосса тонг юлдузи Ойменгли.

Ҳамширасан, бунча чаққон ишлайсан,

Жамоанинг фаол қизи Ойменгли,

Ойменглижон, Ойменглижон, Ойменгли.

Исминг Менгли, ой ҳам сенга ярашган,

Кўкдан сенга ой, юлдузлар қарашган.

Махтумқули Менглисига ўхшашсан,

Юз-кўзингда офтоб нури жамлашган,

Ойменглижон, Ойменглижон, Ойменгли.

Махтумқули ёниб ўтди Менгли деб,

Алам ютди, ғамлар ютди Менгли деб,

Шеърлар битди, ғазал битди, Менгли деб,

Ишқи бўлди дарё ҳамда сой, Менгли,

Ойменглижон, Ойменглижон, Ойменгли.

Сен туркманнинг ўзбекона қизисан,

Дўстлигимиз тимсолисан, ўзисан,

Икки халқнинг севиб айтар сўзисан,

Доим яша бўлиб офтоб, ой, Менгли,

Ойменглижон, Ойменглижон, Ойменгли.

Сўз ва соз

Ибройим Юсупов ва Отажон ¬Худойшукуровга

Шоирлардан сўз қоларкан,

Ҳофизлардан қўшиқ, наво.

Дарё узра ел еларкан,

Ором берар дилга сабо.

Иккингиз ҳам бўлиб юлдуз,

Яшадингиз сўзу созда.

Бу Ватанни билиб тенгсиз,

Куйладингиз бор овозда.

Шундан тўлиб оқди Жайхун,

Яшнаб терак ҳам толлари.

Кўнгилларга солиб эпкин,

Эсди Жайхун шамоллари.

Дарё оқар,

Ҳамон оқар,

Эсар унинг шамоли ҳам.

Сув жимирлаб-кулиб боқар,

Сиздан бўлиб шод ва ҳуррам.

Дарё тўлиб оқар экан,

Сизлар унга икки қирғоқ.

Сўз, созингиз янграр экан,

Сизлар тирик, сизлар уйғоқ!

Ишқ йўли

Бу кўҳна гап эрур гарчи,

Бор овоз-ла айтиб бўлмас,

Бу сўқмоққа бир кирдингми,

Ортга асло қайтиб бўлмас.

Бу йўлда кўп азоб, аммо

Кам эмасдир сурурлари.

Эгри юрсанг, бордир жазо,

Бир кун бўғар қусурлари.

Бу йўл қутлуғ ҳам фараҳли,

Ҳаммага ҳам бўлмас раво.

Босиб ўтган ҳатто уни,

Одам Ато билан Ҳаво.

Ишқ йўлини, билгил, ҳар ким,

Кашф этади ўзига хос.

Унга вафо айласа ким,

Қалбида нур сочар қуёш.

Эй, одамлар,

Ишқ йўлингиз,

Бўлса ҳамки турли-турли,

Қонсин доим қалб, кўнглингиз,

Ҳаётингиз бўлсин нурли.

Армон қўшиғи

(Бир йигитнинг кўнгил нидоси)

Умримда кўп тонглар кутиб,

Ўтказдим қанча куну ой.

Олтин даврим кетди ўтиб,

Имконларни бердим-ку бой.

Дунё ҳо-ю ҳаваси деб,

Тентирадим узоқларда.

Қолдингизлар сизлар ўксиб,

Мени кутиб бу ёқларда.

Онажоним, сўнгги марта

Дийдорингиз кўролмадим.

Отажоним, зарур пайтда

Сизга кўмак беролмадим.

Ота бўлиб ўзим энди,

Билаяпман қадрингизни.

Юрсангизлар қани эди,

Кўтарардим бошда сизни.

Илож йўқдир, минг афсуски,

Қалбим эзар пушаймонлар.

Оғир экан ғамнинг юки,

Ўртар дилимни армонлар.

Армонларим кўпдир, аммо

Мен барисин айтолмайман.

Айтган билан, найлай, эвоҳ,

Энди ортга қайтолмайман.

Олтин даврим кетди ўтиб,

Имконларни бердим-ку бой...

Орзули дунё

Ҳар кимнинг ҳам қалбида

Қуёши бор, ойи бор.

Орзулари юлдуздай,

Чақнар гул чиройи бор.

Қалбида ўти борлар

Уларни яйратади.

Нурига нур қўшар у,

Гулларни яшнатади.

Қалбида ўти йўқлар

Қуёш-ойни сўндирар.

Гулларга меҳр қўймай,

Ниҳолларни сўлдирар.

Ким бўлсанг ҳам, эй одам,

Дилда ўтинг сўндирма.

Югур, елгин, бос қадам,

Гулларингни сўлдирма.

Шод ўтар кунлар шунда,

Ўзинг юрарсан соғлом.

Орзуларинг ушалар,

Умринг бўлур бардавом.

Ҳилол

Осмонга чиқибди янги ой — ҳилол,

Беғубор гўдакдай кўрсатиб жамол.

Уч кунми, тўрт кунми бўлибди, қаранг,

Вақтида сезмабман, сезмабман аттанг,

Мўл-кўл нур сочиши шундан далолат,

Ярқираб ёниши шунга ишорат.

Янги ой,

Ташбеҳинг атайин қандоқ:

Бир карч ҳандалакми

Ё олтин балдоқ?

Кўкнинг чақалоғи—ширин болакай,

Учайми ёнингга, бориб аллалай?

Сен билан само ҳам бунчалар гўзал,

Кўм-кўк барқут узра

Ёнурсан ял-ял.

Янги ой, қадаминг хўп қутлуғ келсин,

Яшнайвер, кенг олам нурингга тўлсин,

Шаънингга айтилмиш гарчи кўп тимсол,

Баридан ўз номинг гўзалдир —

"Ґилол"!

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.