Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 81 дан: 07.10.2017

Ш. Рашидов таваллудининг 100 йиллиги олдидан

Шароф отадан қарздорман

Президентимизнинг "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори кўплаб юртдошларимиз қатори мени ҳам беҳад қувонтирди. Беихтиёр Ота билан учрашган, ушбу элпарвар, бағрикенг, меҳрибон инсоннинг суҳбатидан баҳраманд бўлган чоғларим эсимга тушди...

...1959 йил эди. Бутун мамлакат бўйлаб экин майдонларида маккажўхори экиш ҳамда ундан юқори ҳосил олиш ташаббуси кенг ёйилганди.Мен ўша кезда Шофиркон туманида колхоз комсомол қўмитасининг котиби эдим. Йиғилиш ўтказиб, зарбдор бригада тузиш ҳақидаги қароримизни вилоят ташкилотига жўнатдик. Ташаббусимиз маъқулланди. Ўша йилнинг мартида бизга ер ажратиб беришди. Ишга киришдик. Маккажўхорини квадрат уялаб экдик. Уруғ кўнгилдагидек униб чиқди. Кўп ўтмай дала ям-яшил манзара касб этди. Республикамизнинг ўша кездаги иккинчи раҳбари Н. Худойбердиев мутахассислар билан келиб, ҳосил чўғини чамалаб чиқди. 50 гектар майдондан 6000 тонна силос массаси олиниши маълум бўлди. Кейин эса Шароф Рашидовнинг бригадамизга келишини айтиб, тайёргарлик кўришимиз лозимлигини тайинлади.

18 июль. Тонг саҳарда уйғонсак, бир ҳафтадан буён тўхтамаётган гармсел тинган, атрофга сув сепгандек қуюқ нам тушган, ҳаво бошқача. Кундуз соат ўн бирда шийпонимизга қора "Чайка"да Ота кириб келди. Бошига похол шляпа кийган, новчадан келган, истараси иссиқ бу инсон кулиб, хуш кайфиятда "Салом, баҳодирлар", дея ҳаммамиз билан қўл бериб кўришди. Ҳол-аҳволимизни, соғлигимизни, оиламиз, ота-онамиз, маълумотимизу китоб ўқишимизгача сўраб-суриштирдилар. Менинг эса елкамга қўлларини қўйиб, "Очилбой, қани бошла", дедилар.

Мен ҳовуз ёнида тузаб қўйилган столни кўрсатиб, "Марҳамат" дедим. Шунда у киши "Столга кейин, пайкалга бошла", дедилар. Пайкалгача қирқ метрча узунликдаги боғ четида ғарқ пишган шибирғони ток бор эди. Шароф ота шу токнинг ёнида тўхтади. Қора узумга ишора қиларкан, бу узум ва майизининг шифобахшлиги ҳақида атрофдагиларга сўзлаб, Шофиркону Ғиждувоннинг чўл зоналарини боғ-роғларга айлантиришимиз, элимизнинг ширин-шакар узумга бўлган талабини қондиришимиз даркор, бу ишларни албатта амалга оширамиз, дея пайкалга кирди.

Ота маккажўхори пояларини ушлаб, сўталарни очиб кўрар, поя бўйини чамаларди. Шунда у "Мен зўр маккажўхорини Украинада, машҳур маккажўхорикор Гиталов даласида кўрганман. Майдонлари кенг бўлса-да, поялар, сўталар бундай баланд, бақувват эмас эди. Балли, азаматлар! Очилбой сўзининг устидан чиқибди. Китоб¬ларда айтилганидан, киноларда кўрсатилгандан ҳам зиёд ҳосил етиштирибди бу. Раҳмат ҳаммаларингга", деди-ю, ортига қайтди. Шийпонга келиб, дам олиш шароитимиз билан танишаркан, китоб жавонимизни бирма-бир кўриб чиқди.

Кейин пешайвонга ўтдилар. Ҳаммалари катта оқ тол соясидаги стол атрофида ўтирдилар. Дастурхонда онам тайёрлаган қаймоқ ҳамда тандирда сариёғ дурдасидан ёпилган ширмой нон, сирли сопол хурмада ивитилган тоза қатиқ, иссиқ ва совуқ чой, шибирғонию ҳусайни узум, асалдек ширин бўрикалла, амири қовунлар бор эди. У киши ширмой нон билан қатиқ истеъмол қилди, иссиқ чойдан ҳўплади. Нонушта тугагач, стол атрофида гап ишга кўчди. Ҳосилни тез фурсатда йиғиб олиш хусусида сўз борди. Сўнг Шароф ота менга "Эртага кеч соат бешда Бухородаги марказий боғда уч минг кишили йиғилиш бўлади, сен сўзга чиқасан, тайёрлан, энг баланд маккажўхоридан икки боғини ҳайъат олдига қўясан" дея таъкидлади. Сўнг қўлларини кўксига қўйиб, ҳамма билан хайрлашди. Биз эса хурсанд эдик. Бўлиб ўтган гапларни такрор-такрор муҳокама қилардик, янги режалар тузардик.

Ш. Рашидов билан бўлган бу учрашув ҳаётимни, дунёқарашимни ўзгартириб юборди. Қaepгa борсам, ҳамма мени ўраб олар, "Рашидов қандай одам экан, нималар бўлди?", деб сўрарди. Жавобим эса битта эди: "Оддий, меҳрибон ва камтарин киши эканлар".

Умуман, йигирма йил давомида менга Ота билан кўп бор учрашиш насиб этган. Бундан ташқари, у кишининг шахсан ўзи мени етти марта қабул қилган. Ҳар бир суҳбатдан кейин бу олижаноб инсоннинг билими, салоҳияти, ақл-заковатига тан берганман. Мен ҳам кўп қатори айнан Ш. Рашидовнинг кўмаги, беғараз ёрдами, қўллаб-қувватлаши орқасида эл-юрт орасида обрў-эътибор қозондим. Колхоз ва совхозларда аввалига бригадир, сўнг эса ўттиз тўрт йил давомида раҳбарлик лавозимида ишладим. 1959-1963 йилларда Марказқўм, обком аъзоси, 1963-1967 йилларда Олий Совет депутати, кейинчалик маҳаллий Кенгашлар депутати бўлдим. Хизматларим ҳукумат томонидан тақдирланди.

Мен йигирма ёшимда, ҳали навқирон чоғимдаёқ Ш. Рашидовнинг назарига тушдим. У киши менга меҳр-оқибат кўрсатди. Эришган ютуқларимнинг бари шу инсон шарофатидан. Мен ўзимни у кишидан бир умр қарздор деб биламан.

Замонлар ўтаверади. Инсондан эса эзгу ишлар қолади. Шароф ота Рашидов юртимиз тарихида ўзидан ана шундай яхши ном қолдирган зотдир.

Очилбой МЎМИНОВ, меҳнат фахрийси.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.