Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 81 дан: 07.10.2017

*Ҳунардан бахтини топганлар

Устанинг шон-шуҳрат йўли

Бухорои шарифнинг Тоқи Заргарон, Тоқи Телпакфурушон савдо мажмуалари, Лабиҳовуз ансамбли, Кўкалдош, Тими Абдуллахон, Нодирдевонбеги хонақоси каби ўнлаб қадимий обидалари, масжид ва мақбараларига ишланган нақшу нигорлар, кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳримиз меъморчилигига хос услублар қайси ҳамюртимиз, меҳмон ёхуд сайёҳни мафтун этмаган, нафосатга меҳру муҳаббатини оширмаган дейсиз?! Миллий меъморчилигимизнинг ёрқин намуналари Шавкатни ҳам ёшлигидан ўзига маҳлиё этган, мусаввирликка, мис кандакорлигига меҳр уйғотганди.

— Учинчи авлод ҳунармандлар сулоласи вакилиман. Бу ҳунар Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда шаҳримизда машҳур кандакор уста Салим Ҳамидовнинг меҳнатлари туфайли қайта равнақ топган ва кейинчалик отамиз Муртазо Ғуломов ҳам ўша кишига шогирд тушганлар,—дейди Шавкат Ғуломов (суратда). — Оиламизда укам Жамшид билан отамиз этагидан тутиб кам бўлмадик. Ўтган аср саксонинчи йилларидан Миржон Ахмедовнинг Гавкушон мадрасасидаги устахонасига қатнаб, ҳунарни пухта ўзлаштиришга киришганмиз. Мамлакатимиз мустақиллиги арафасида Нодирдевонбеги мажмуида фаолият кўрсатаётган ҳунармандлар сафига қўшилдим.

Ҳар бир ҳунарманд фаолиятида ўз услубини—"дастхати"ни яратишга интилади. Шу жумладан, мен ҳам мис кандакорлигида ўз йўлимни топишга ҳаракат қилаяпман. Ўз ижод намуналарим билан шаҳримиз ва республикамизда анъанавий ўтадиган қатор кўрик-танловларда ҳамда "Ипак ва зираворлар" фестивали, Марғилон шаҳрида ташкиллаштирилган "Атлас байрами"да қатнашдим.

Ўзбекистон ҳунармандлари ва мусаввирларининг "Ҳунарманд" ҳамда республика Бадиий ижодкорлари уюшмалари аъзоси сифатида баракали ижод қилиб келаётган Шавкат Ғуломов 2014 йилда мамлакатимиз Президенти соврини учун ўтказилган "Ташаббус" кўрик-танловининг шаҳар ва вилоят босқичларида муносиб қатнашиб, мутлақ ғолиб деб топилди. Маҳорат синовининг республика финал босқичида эса фахрли учинчи ўринни эгаллаб, диплом, медал, пул мукофоти ва Ҳиндистон давлатига бепул ижодий сафар йўлланмаси билан рағбатлантирилди. Ҳунари туфайли қатор муваффақиятларга эришиб келаётган иқтидор эгаси шу йилнинг ўтган даврида Туркманистон Республикасида ва Хитой Халқ Республикасида ўтказилган халқаро кўргазмаларда ўз маҳсулотларини намойиш этди. Унинг ижод намуналарига назар солганда, қадимий Бухорога хос ислимий безаклар ва жилоларни мис лаган, патнис, товоқ, сандиқча ва қутичалар юзида заргарона маҳорат билан акс эттирилганига қойил қоласиз. Айниқса, уста кандакорнинг Бухоронинг қадимий 12 дарвозасидан андоза олиб, уларнинг жажжи кўринишдаги намуналарига зеб бериб ишлаган санъат асарлари нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик сайёҳларнинг олқишига сазовор бўлмоқда. Айни кунда Шавкат Ғуломов Маъруф Мансуров, Шерали Аббосов сингари ўнга яқин шогирди, қолаверса, ўғли Шуҳрат билан янги кандакорлик асарларини яратиш, ҳунарнинг қадимий анъаналарини қайта тиклаш борасида ижодий изланишлар олиб бормоқда. Мамлакатимиз Мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида Шавкат Ғуломов давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири "Шуҳрат" медали билан тақдирланди. Машаққатли меҳнатинг рағбати муборак, Шавкат кандакор!

Учқун ТОЖИЕВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.