Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 80 дан: 04.10.2017

*Касбим — фахрим

Тандирсозлар сулоласи

Ўба қишлоғилик Ҳалим аканинг ҳовлисига кириб борганимизда, ҳамроҳим — "Кулолчи" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аҳмад Раҳматов айтганидай, хонадон эгасини иш устида учратдик. Икки тандирга етгулик лойни пишитиб, тоблаш учун офтобга қўйган ҳунарманд нафас рост¬лаш мақсадида бир пиёла ¬чойни қўлига олган экан.

— Биз, тўрт ака-ука тўртинчи авлод тандирсозлармиз. Ота-боболаримиз шу ҳунарнинг ортидан рўзғор тебратишган. Биз ҳам бўйимиз чўзилиб, эсимизни танибмизки, тандир ясаймиз. Аввал бобомиздан, сўнг отамиз ҳунари ортидан ном қозонган Файзулло бободан тандир ясашнинг барча сиру асрорини ўргандик,—дея гап бошлади уста Ҳалим пахта гулли пиёлада чой узатаркан.—Шукрки, кам бўлмадик. Ҳаммамизнинг бошқа касбу ишимиз бўлса-да, ҳафтада икки-учта тандир ясаймиз.

Устанинг пешонасидан оқаётган тер, оёғидаги лой, юз-кўзидаги қувончни илғаб ҳар куни истеъмол қиладиган нонимизнинг ёқимли ҳид таратиб дастурхонимиз кўркига айланишида тандирсознинг машаққатли ва айни чоғда хайрли ҳиссаси борлигини ҳис этдим. Дид билан қурилган, соҳибининг нозик фаросатидан дарак бериб турган ҳовли, дарвозахонадаги "Нексия" русумли автомашина ҳунар келтирган фаровон турмушдан дарак беради. Ҳалим Ҳожиевнинг ўзи тадбиркор. Ака-укалари билан бирлашиб умумий овқатланиш шохобчасини очишган. Бўш вақти бўлди дегунча ота касби юмушларига ошиқади. Бухороликлардан ва республикамизнинг турли вилоятларидан келган буюртмаларни бажаришга киришади. Хоразм, Навоий ва Қашқадарё нонвойлари мана неча йилдирки фақатгина шу сулола вакиллари ясаган тандирларни харид қилишади. Маҳсулотнинг сифати йиллар давомида топилган ишончни мустаҳкамлаши шарт. Ана шунинг учун ҳам кунда битта, нари борса икки кунда учта тандир ясашади. Астойдил, меҳр билан қилинган меҳнатнинг нони ҳам ширин бўлади.

Барака — ҳалолликда. Бу ҳақиқат уста Ҳалим Ҳожиев учун ҳаётий шиорга айланган. У тандирсозлик касбини ўзи учун фахр деб билади. Йўқса тайёр касби — ошпазликни қилиб юраверса ҳам бўларди. Даромад аниқ. Иши бироз осон. Ташвиши камроқ. Бунинг устига офтобда лой қориб, тепиб юрмайди...

Турмуш ўртоғи Раъно Очилова — ўқитувчи. Тумандаги 9-мактабда ишлайди. У ҳам бўш вақтини Ҳалим аканинг ҳунари, оиланинг қўшимча даромад манбаи — тандирсозликка бағишлайди. Оилада бир ўғил, икки қиз тарбияланмоқда. Қизлар ўз ҳолича кўмаклашишса, ўғли Эркинжон аллақачон тайёр тандирсоз бўлганига анча бўлди.

Гап айланиб қишлоқ тарихи ва бу ернинг барча аҳолиси тандирсозлик ҳамда кулолчилик билан шуғулланишига тақалгач, маҳалла раиси Аҳмад ака қизиқ бир ҳолатни айтиб қолди: тандир ва кулолчилик учун келтириладиган гилтупроққа қўшиладиган енгил тупроқни шу ердан, ҳар ким ўзининг ҳовлисидан оларкан. Ёз бўйи ҳосил бўлган ўра ва чуқурликлар қиш давомида, ёмғир-қор натижасида яна тўлиб қоларкан. Бунинг сир-синоати эса Яратганга аён. Ҳалим Ҳожиев 10 нафардан ортиқ шогирдларига ушбу ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда. Бу орада устанинг қўл телефони жиринглаб, кимлардандир тандир ясаш учун бир нечта ¬буюртма ҳам тушди. Кимдир ер тандир буюрган, кимдир сомса ва нонвойхона учун тандир олмоқчи. Уста эса бугун кечгача тайёрлашни ваъда қилган жайдари тандирни тезроқ битириш кераклигини унинг тараддудланаётганидан билдик. Офтобда ёйилган, устига қаттиқроқ мато ёпилган лойга ва ўғли Эркинжонга маъноли қарашларидан яна битта тандир учун лой пишганини пайқадик. Дарвозадан чиқаётиб, қатор териб қўйилган турли хилдаги тандирларга кўзимиз тушди ва уларнинг шакли катта-кичиклиги сабабини суриштирдик.

Уста эса бу тандирлар махсус буюртма билан тайёрланганини, уларни буюртмачилар Россия Федерациясига олиб кетишини айтди. Демак, уста Ҳалим ясаган тандирлар олис ўлкаларни "забт" этгани йўл олар экан. Қувонарлиси, бу тандирлар қуёшли Ўзбекистоннинг меҳрли ҳарорати ва меҳмондўст халқимизнинг хайрли ниятларини узоқ ўлкаларга ҳам олиб боради.

Алишер ОБИДОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.