Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 79 дан: 30.09.2017

Ўқувчи қалбига йўл

—Севинч, мен бугун Абдулла Қаҳҳорнинг "Ўт¬мишдан эртаклар" китобини кутубхонадан олиб ўқидим. Бугун дарсда шу ҳақда гапириб бераман.

—Мен эса Худойберди Тўхтабоевнинг "Сариқ девни миниб" асари тўғрисида сўзлаб бераман.

—Вой, мунча яхши, бир ҳафтада ўқий олдингми?

—Жуда қизиқ, ҳали дарсда гапириб бераман.

—Унда бугун устозимиз совға қиладиган китоб сенга бериларкан-да...

Мактаб томон ошиқаётган жажжи қизалоқлар бир-бирлари билан чуғурлашиб шу тариқа синфга кириб келишди. Уларнинг устози—Вобкент ¬туманидаги 10-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Зебо Қутлиева 30 йилдан буён ўқувчиларни билим сарҳадлари сари етаклаб келади. У ҳаёт пиллапояларидан замон билан бирга қадам ташлаётган теран мушоҳадали, ақлу заковат эгаси. Тажрибали ва маҳоратли педагог, "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони, "Шуҳрат" медали соҳибаси Зебо Қутлиева ўқувчиларга мукаммал даражада билим бериб келаётган вилоятда таниқли таълим фидойиларидан. Ҳар тонг ¬муаллима мактаб остонасидан ўтаркан, унга томон талпиниб келаётган беғубор қоракўзларни кўриши билан юзига табассум ва қувонч югуради. Ана шу кўтаринки кайфият кун давомида муаллимага куч ва илҳом бағишлайди.

Бошланғич синф ўқи¬тувчиси эмасми,болажонларнинг эътиборини жамлаш мақсадида ўзи ҳам кичкинтойлар оламига шўнғиб кетади. Турли эртак қаҳрамонлари тилидан гапиради, болаларнинг барча саволларига батафсил жавоб беради. Хуллас, нима биландир ўқувчилар диққатини ўзига жалб этишга, уларнинг дунёга сиғмаётган куч-ғайратини илмга йўналтириш учун қизиқарли ўйин ва усуллар ўйлаб топишга интилади. Ўқувчиларнинг оғ¬заки нутқини ўстириш, бадиий адабиётлар мутолааси ёрдамида тафаккурини бойитишга катта эътибор билан қа¬райди. Китобхонлик кечалари ташкил этади. Бу тадбирда ўқувчилар ўзлари сўнгги бор ўқиган эртак ёки бадиий китобни олиб келиб, унинг мазмуни ҳақида ўртоқларига ҳикоя қилиб беради. Ўқитувчи саволларига тўлиқ жавоб берган "Энг яхши китобхон" ўқувчи аниқлангач эса у устоз совғаси—китоб билан тақдирланади.

—Бошланғич синф ўқитувчисининг асосий вазифаларидан бири ўқувчиларнинг оғзаки ва ёзма нутқини такомиллаштиришдир,—дейди Зебо Қутлиева.—Одатда баён ёзиш 3-синфдан бошланади. Бироқ баъзида ўзлаштириши бўш ўқувчи тугул фаол ўқувчи ҳам баён ёзишда мавзу билан боғлиқ мулоҳазаларини ифодалашда қийналиб қолади. Шу боис ўқувчиларимни 2-синфданоқ уларни баён ёзишга ўргата бошлайман. Ўқувчи қалбига йўл топиш—марра сари ташланган дастлабки қадамлардир. Бу йўлни устозлик мақомининг энг нозик жиҳат¬лари деб ҳисоблайман. Унинг калити эса китобдир. Шу боис фаол ўқувчиларимга китоб совға қилишни одат қилганман.

Жамиятда ўз ўрнига ва мавқеига эга, қатъиятли инсонларнинг ўз дунёқараши ва фалсафаси бўлади. Зебо ¬Қутлиеванинг фалсафаси ўқувчиларни китоб оламига ошно этиши билан аҳамиятлидир.

Шаҳло БАҚОЕВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.