Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 79 дан: 30.09.2017

Борлиғимни болаларга бағишлайман

—Оилада ўн фарзанд эдик. 5-синфга қадам қўйганимда падари бузрукворим оғир касалликка йўлиқиб, бу дунёни тарк этдилар. Эрта ишга кетиб кеч қайтадиган отамни уйда кам учратардик. Ярим тунда қаттиқ чарчаб қайтиб, пешонамиздан ўпган вақтларигина ширин уйқудан кўз очгимиз келмай, овозларини тинглаб ётардик. Тўғриси, ота меҳрига тўёлмаганман. Шу сабабли ҳам бу ердаги болаларнинг дардини қалбан ҳис қиламан,—дея ҳикоя қилади Бухоро шаҳридаги 32-сонли Меҳрибонлик уйи тарбиячиси, "Шуҳрат" медали соҳибаси Ойша Ҳошимова.

Юзлаб болаларнинг ойижониси Ойша опа ҳар кун ушбу қадрдон гўшага қадам қўяр экан, "Ассалому алейкум" деганча югургилаб пешвоз чиққан ўғил-қизларни ўз боласидай суйиб, эркалайди. Сўнг уларнинг юриш-туриши, соғлиғи, ўқиши билан қизиқади. Одоб-ахлоқли, саранжом-саришта бўлишларини талаб қилади. Ҳар бири билан суҳбатлашиб, уларнинг руҳияти, ички кечинмаларига қулоқ тутади.

Ойша Ҳошимова Вобкент туманида туғилиб, вояга етди. 1991 йилда Бухоро давлат педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти факульте¬тининг сиртқи бўлимини тамомлади. Илк педагогик фаолиятини Вобкент туманидаги 21-мактабда гуруҳ тарбиячилигидан бошлади. 2004 йилнинг 1 сентябрида Меҳрибонлик уйи ташкил топгач, шу ерда тар¬биячи сифатида иш фаолиятини давом эттирди.

—Эндигина ишга келган кунларим эди,—деб суҳбатни давом эттиради О. Ҳошимова.—Бир болакай ҳовлидаги ўриндиқда ўтирарди. Унинг лўппигина оппоқ юзлари, оҳуникидай тим қора кўзларида дард, қўрқув, ўкинч сезиларди. Исмини сўрадим, "Даврон", деб жавоб қайтарди у. "Опа сиз ҳам шу ерда ишлайсизми?", дея сўради мендан. "Ҳа", дедим жилмайиб. Ёнимга яқинроқ келиб, қўлларимдан маҳкам тутиб олди. "Менга ўзингиз қарайсиз-а?!" — деди йиғламсираб. Уни қаттиқ бағримга босдим. "Қарайман, болам, қарайман. Ўзимнинг ўғлимсан-ку, йиғлама", деб Давронни юпатишга уринаману, кўзимдан тирқираб ёш қу-йилади.

Кўзмунчоқдай болани бу ерда қолдиришга кимнинг кўзи қийди, деб ўйлайман. Уйга келганда ҳам у кўз олдимдан кетмасди. Ҳозир Давронжон катта йигит бўлиб қолган. Пойтахтдаги олий ўқув юртларининг бирида таҳсил олаяпти. Тез-тез қўнғироқлашиб, ҳол-аҳвол сўраб туради. Даврон сингари болалар мени ушбу даргоҳга қаттиқ боғлаб қўйди. Болаларга бор меҳрим, меҳнатим ва ҳаётимни бағишлашга, уларни ўз фарзандимдек улғайтиришга аҳд қилганман.

Ойша Ҳошимова оилада икки қиз ва икки ўғилнинг онаси. Уни том маънода педагоглар оиласининг бекаси, дейиш мумкин. Турмуш ўртоғи Иброҳим ака Ҳасанов, ўғли Улуғбек, қизлари Зулфия ва Гулчеҳра ҳам педагогик фаолият билан шуғулланадилар. Кенжатойлари Мў¬минжон эса талабаликка тайёрланяпти.

—Оилада фарзандларимга ҳеч қаттиқ гапирган ёки уларни уриб-сўккан эмасман. Шунга жавобан фарзандларим ҳам оқил, доно, одобли бўлиб улғайишди. Уларнинг ортидан фақат раҳмат эшитаман. Уч фарзандни уйли-жойли қилдик. Тўрт невара кўрдик...

Қайд этиш лозимки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳеч кимдан кам бўлмаган, мустақил фикр¬ли, ҳар томонлама баркамол шахс этиб вояга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўғил-қизларнинг таълим-тарбия олиши, ижтимоий мослашуви ва жамиятда ўз ўрнини топишига хизмат қилмоқда. 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган 90 нафар бола тарбияланаётган Меҳрибонлик уйида уларнинг бир оила фарзандларидек бекаму-кўст ўсиб улға¬йиши учун муҳит яратилган. Тиббий хизмат хоналари, ошхона, спорт майдончалари тарбияланувчилар хизматида. Бухоро шаҳридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ва "Баркамол авлод" болалар маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинган футбол, гандбол, волейбол, баскетбол, рассомчилик, рақс, фольклоршунослик каби санъат ва табиатга оид тўгараклар ҳамда 4000 нусха китоб фондига эга кутубхона болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига ёрдам беради.

Давлатимизнинг болаларга кўрсатаётган бу каби ғам¬хўрлик ва эътибори, Ойша Ҳошимова сингари устозлар меҳрини ҳис қилиб камол топаётган болалар эса албатта, ўз келажагининг порлоқ бўлишига, эртасини бугунидан-да обод этишга инти¬лади. Иқтидор ва салҳиятини намоён этиб, жа¬миятнинг фаол аъзоси, ке¬лажакнинг муносиб ворисига айланади.

Дилдора ИБРОҲИМОВА, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.