Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 78 дан: 27.09.2017

Тўй изтироб эмас, бахт келтириши керак

Халқимизда "Тўйга етказсин", "Топганингиз тўйларга буюрсин", деган эзгу тилаклар бор. Бу албатта ҳаётнинг ҳар бир они тўй мисоли хуш-хурсандчилик билан ўтиши учун билдирилган ният. Аммо кўп ҳолларда ана шу тилакларни нотўғри тал¬қин этиб, топган маблағимизни бир кунлик тўй харжига сарфлаганимизни билмай қоламиз.

Энг ачинарлиси, яхши ниятларда бошланган тўй ҳаракати кўп ҳолларда кимўзар баҳси, ўзини кўз-кўз қилиш каби иллатга айланиб бормоқда.

Базмларга бир санъаткорни эмас, икки-уч гуруҳни таклиф этиш, тўй олди фотосессиялари, дастурхонга таом тортишдаги исрофгарчиликлар, базмда келин-куёвнинг вальсга тушиши, торт едириш, арақ ичиш мусобақаси сингари бидъатлар бугун нафақат тўй эгаларининг чўнтаги, балки бутун бир миллат маънавиятига таҳдид солмоқда.

Шунингдек, тўйга туташ "наҳор оши", "юз кўрди", "жой йиғди" сингари ўнга яқин маросимлар ҳам борки, уларнинг сарф-харажати анча-мунча тўйдан қолишмайди.

Бу ҳақда Президентимиз яқинда маданият, санъат, адабиёт ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда ниҳоятда куюнчаклик билан гапирди.

Президентимизнинг бу борадаги ўринли эътирозини тўғридан-тўғри видеокон¬ференция мулоқотида бир аёлнинг эшитар эканман, беихтиёр ўша кунларда бир аёлнинг мурожаатини ўр¬ган¬ганим, унинг изтиробли сўз¬лари ёдимга тушди.

—Отаси бевақт ўтгач, ёлғиз бошим билан оддий хизматчиликдан топган даро¬мадим орқасидан фарзандларимни катта қилдим. Ай¬ниқса, ёлғиз қизим таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратдим. Ўқитдим. Кўнглига қа¬раб, танлаганига турмушга узатдим,—дея гап бошлаганди аёл.—Қуда томоннинг менга нисбатан беписанд муносабатларига ҳам қизимнинг бахти учун кўзимни юмдим. Аммо барибир бўл¬мади. Бир куни "Сенинг зотинг паст, оиланг паст. Арзон мебеллар олиб келгансан. Сепинг ҳам қашшоқларники. Ўғлимга бой хонадондан келин қиламан, кимлигимни тўйим дабдабасидан биласан", деб қизимни кеч пайти, олти ойлик ҳомиласи билан юпун кийимда кўчага қувиб юборибди. Мана орадан олти ой ўтибди ҳамки на қизимни уйга киритади, на кийим, буюмларини беради. Ўзи уйни қулфлаб, қизиникига кўчиб кетди. Бу ёқда аёлини ҳимоя қилмоқчи бўл¬ган куёвим ҳам лаънатга қолиб кўчага қувилди.

Онанинг изтиробларини тинглар эканман, тўйлар, тўй орти маросим ва удумлари шунчаки оилавий тадбир эмас, балки жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни белгилаб берувчи ҳодисага айланганига яна бир бор амин бўлдим.

Илгари тўйдаги дабдабабозликлар ҳақида ёзилганда, эътироз билдиришарди: "Ни¬ма бўпти?! Ҳар ким ўз ҳолига ярашадиганини қилибди. Ўша ҳашаматли тўй қилган киши сиздан бирор нима сўрадими?" деб. Лекин қуввати борнинг бир бора ўтказган дабдабали тўйи унга кўр-кўрона эргашган, жамоат олдида гап-сўзга қолишдан қўрққан бошқа кўплаб камхарж оилаларнинг "бели синиши"га олиб келмоқда.

Шу боис, тўй маросимларини ўтказишнинг аниқ ҳу¬қуқий ҳужжат билан тасдиқланган, ижроси таъминланмаганда жазо механизми қўлланиши кўрсатилган аниқ тартибини белгилаш керак.

— Бунда маҳалланинг жамоатчилик назоратини қатъийроқ ўрнатиш, бу борадаги ваколатлари кенгайтирилса мақсадга мувофиқ бўлар эди, — дейди Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи вилоят кенгаши раиси ўринбосари Мавжуда Орипова. — Қонунларимизда никоҳга оид фақатгина битта талаб бор. У ҳам никоҳланувчилар ёши тўғрисида. Фикримча никоҳланувчиларнинг оилавий ҳаётга тайёрлиги, етарли касбий маълумотга эгалиги тўғрисида маҳалланинг тавсияномаси, коммунал тўловлардан қарздорлиги мавжуд эмаслиги бўйича тегишли корхоналар маълумотномасини ҳам никоҳ аризасига илова қилиш лозим. Ахир оддий уй тўловларидан қарзи бор киши қандай тўй қилиши, келажакда рўзғор юкини тортиши мумкин. Тўй тадбирлари эса бевосита маҳалла назорати, кузатувида ўтказилишини белгилаш даркор.

Акбар РУСТАМОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.