Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 78 дан: 27.09.2017

Бухорои шариф Етти пирларидан бири:

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд

Туғилиши: ҳижрий 718 йилда/милодий 1318 йилда Бухоро шаҳри яқинидаги Қасри Ҳиндувон (ҳозирги Когон туманидаги Қасри Орифон) қишлоғида таваллуд топган.

Насаби: Ҳазратнинг насаби ота томонидан Ҳазрат Али карамоллоҳу важҳаҳуга, она томонидан Ҳазрат Абу Бакр Сиддиққа бориб тақалади.

Вафоти: ҳижрий 791 йилда/милодий 1389 йилда Қасри Орифонда дафн қилинганлар.

Ҳазрат Баҳоуддин Ҳадиси шариф илмини Ҳазрат Баҳоуддин Қишлоқийдан, тариқат сабоғини эса Муҳаммад Бобойи Самосий, Ҳазрат Саййид Мир Кулолдан ўрганганлар. Шунингдек, ул зоти шариф Ҳазрат Қусам Шайх, Ҳазрат Халил ота, Ҳазрат Ориф Деггаронийдан таълим олган. Ҳақиқат юзасидан айтганда, Ҳазрат Баҳоуддин увайсий бў¬либ, Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиж¬ду¬воний руҳ¬¬¬¬ла¬ридан файз топ¬ганлар.

Ул авлиёлар султонининг касблари матога нақш солмоқ эди. Ҳазрат Баҳоуддин "Ҳаётнома", "Далелул ошиқин", "Аврод" номли китоблар ва қатор рубоийлар муаллифидир.

Баҳоуддиннинг тариқатлари "Ҳуш дар дам" (Ҳар нафас огоҳлик билан ўтсин), "Назар бар қадам" (Муриднинг нигоҳи доимо оёғи учига қаратилган бўлсин, яъни кўчада юра¬ётганида чор атрофга аланглаб қа¬раб, фикрини бузмасин. Шариат тақиқлаган нарсаларга нигоҳи тушиб, гуноҳга ботмасин), "Сафар дар Ватан" (Муриднинг ўз табиатига сафаридир. Ёмонликни тарк этиб, яхшиликка юз тутмоқ, одамийликдан фаришта сифатига ўтиш), "Хилват дар анжуман" (Халқ билан бирга бўлиб, қалбда Аллоҳни ёд этиб турмоқ), "Дил ба ёру даст ба кор" (Қалбинг Аллоҳ таоло билан, қўлинг ҳалол меҳнат билан банд бўлсин) каби ҳикматлар асосида ташкил топгандир.

Маълум бўляптики, бу тариқатда узлат, хилватнишинлик йўқ экан. Ҳазрат Баҳоуддин: "Бизнинг тариқатимиз "урватул вусқо", яъни "мустаҳкам тутқич", дедилар. Мустаҳкам тутқич, бу — Қуръони карим ва Ҳадиси шариф ҳисобланади.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд икки маротаба ҳаж зиёратига борганлари ҳақида тарихий манбаларда маълумотлар бор. У киши деҳқончилик билан ҳам шуғулланган, назр-ниёз, садақа пуллари билан эмас, балки меҳнат қилиб топилган пул билан ҳаёт кечирган ва шогирдларига ҳам шу йўлни тарғиб этганлар.

(Садриддин Салим Бухорийнинг "Ўзбекистон—авлиёлар бешиги" асаридан).

Ўлмас таълимот олимлар нигоҳида

Миллий маънавиятимиз, маданиятимиз тараққиётида Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳам¬да Баҳоуддин Нақш¬бандларнинг хизматлари беқиёс. Бу икки улуғ бобокалонимиздан қолган улкан илмий, маънавий мерос, улар томонидан яратилган ўлмас таълимот асрлар оша бугун ҳам баркамол авлод тарбияси, шахс камолоти йўлида маёқ вазифасини ўтамоқда. "Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақш¬банд—хожагон-нақш¬бандия тариқати асосчилари" мавзусига бағишланган бу галги анъанавий нақшбандхонлик республика илмий-амалий анжуманида айни шу жиҳатлар диққат марказида турди.

Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказида ўтган ушбу тадбирда олимлар, профессор-ўқи¬тувчилар, жамоатчилик вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этишди. Анжуманни вилоят ҳокими ўринбосари Зокиржон Ҳидоя¬тов кириш сўзи билан очди. Таъкидландики, Президентимизнинг жорий йил 11 июлда қабул қилинган "Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида"ги фармойиши асосида келгуси йили сентябрь-октябрь ойларида бу саналар кенг миқёсда нишонланади.

Бундан ташқари, Ўзбе¬кистон мусулмонлари идорасининг вилоятимиздаги вакили, Баҳоуддин Нақш¬банд жоме масжиди имом хатиби Мансур Нуруллаев сўз олиб, бугун диёримизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, олижаноб мақсадлар замирида Ғиждувоний, Нақш¬банд ва бошқа мутафаккирларимиз илгари сурган эзгу ғоя¬лар ётганини таъкидлади.

Шундан сўнг анжуман қатнашчилари ўз чиқишларида хожагон-нақшбандия таълимотининг турли жиҳатларини ёритишди. Чунончи, фалсафа фанлари доктори Гулчеҳра Наврўзова "Хожагон-нақшбандия тариқати рашҳаларининг шаклланиш жараёнлари" мавзусидаги маърузасида мазкур тариқатдаги йўналишлар хусусида тўхталди. Профессор Ҳалим Тўраев эса йиғилганлар эътиборини ушбу улкан таълимот ғояларининг мақомотлардаги ифодасига қа¬ратди. Ўз навбатида филология фанлари номзоди Самад Азимовнинг "Европада хожагон-нақшбандия тариқатига қизиқиш жараёнлари", БухДУ профессори Сулаймон Иноя¬товнинг "Баҳоуддин Нақш¬банднинг Карманадаги фао-лияти" мавзусидаги маъ¬ру¬за¬лари ҳам анжуманнинг ма第мунли ўтишини таъминлади.

Тадбир давомида келгусидаги ишлар режаси белгиланди.

Рустам ИБРАГИМОВ, "Бухоронома" мухбири.

Ул зот Балогардонми?

Султонмурод ОЛИМ

Бухоро ва унга яқин ерларда бир ҳодисага кўп гувоҳ бўламиз. Одамлар бирон жиддий куч талаб қиладиган ишни: "Ё Баҳоуддини Балогардон!" — деб бошлайдилар. Масалан, шундай деб қоп кўтарилади, кўпкарига кирилади, белкурак билан пахсачига лой ирғатилади ва ҳоказо. Дарҳақиқат, кишилар улуғ авлиёлар — комил инсонлар руҳидан мадад кутадилар. Лекин бошқа авлиёлардан фарқ¬ли ўлароқ, нега Баҳоуддин Нақшбанд руҳи пок¬ларидан айнан бало-қазоларни даф этиш борасида мадад кутилади? Баҳоуддин туғилмасларидан бурун шундай бир улуғ зот дунёга келаётганини сезган авлиёуллоҳ — Бобойи Самосий уч кунлик чақалоқни тасаввуф йўлида тарбиялаш учун муридлари—Амир Саййид Кулол ихтиёрига топширган эдилар. Кейинчалик Муҳаммад Бобойи Самосий Баҳоуддин ҳазратга бир бўрк, яъни қалпоқ берадилар. Хожа Муҳаммад Бобойи Самосийнинг кароматларидан бири шу эдики, ана шу бўрк Баҳоуддин Нақшбанднинг баракати билан пайдо бўл¬ган бало-қазоларни даф қилар эди. Хожа Нақшбанд худди ана шунинг учун "Баҳоуддин Балогардон" деган ном билан шуҳрат қозондилар. Бу ҳақда Алишер Навоийнинг "Насойим ул-муҳаббат" асарида шундай ёзилган: "Хожа Муҳаммад Бобоға (Самосийга — С.О.) етганда дедики: "Аларни худ ҳаётлари чоғида кўрибсен ва сенинг пирингдурлар ва санга бир бўрк берибдурлар ва каромат қилибдурларки, нозил бўлған бало сенинг баракатингдин даф бўл¬ғай".

Баъзи давраларда "Баҳоуддинни Балогардон де¬йиш исломий нуқтаи назардан тўғри эмас", — деган мулоҳазаларни ҳам эшитамиз. Рост, аввало, ҳар қандай бало-қазо — Худодан, уни қайтариш ҳам Аллоҳнинг иродаси билангина амалга ошади-да. Инсон, хусусан, оламдан ўтган киши руҳи қандай қилиб балоларни қайтариши мумкин?

Бир қарашда, жуда ўрин¬ли мулоҳаза бу. Аммо тасаввуфий ақидага кўра, комил инсонларнинг илтижоси Аллоҳ ҳузурида тезроқ қабул бўлади. Зеро, комил инсонлар руҳидан ҳам мададкорлик кутилади. "Улуғ авлиёлар руҳи қўлласин!" — деган дуо замирида ҳам ана шу ишонч ётади. Шу маънода Баҳоуддин ҳазратнинг Балогардонликлари рост. Билъакс, бу ҳақда Абдураҳмон Жомий каби комил инсон, мусулмон аллома махсус ёзиб кетмаган ва уни Алишер Навоий келажакни — биз билан сизни ўйлаб таржима қилмаган бўлур эди.

Зиёратгоҳдаги бунёдкорлик

Шўролар замонида юртимиздаги барча қадамжолар қаторида Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи ҳам ярим вайронага айлантирилган эди. Истиқлол шарофатидан бу табаррук масканда ободонлаштириш учун саъй-ҳаракатлар бошланди, қадамжодаги масжид намозхонлар ихтиёрига берилди.

1993 йилда республикамиз Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги халқаро миқёсида кенг нишонланди. Шу муносабат билан зиёратгоҳда катта кўламдаги ободончилик ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бухоро шаҳридан бу қадамжогача борадиган йўл жаҳон андозасига мос қилиб қурилди.

2003 йилда Хожа Баҳоуддин Нақш¬банд ҳазратларининг 685 йиллик юбилейига тайёргарлик жараёнида давлатимиз раҳбари кўрсатмаси асосида ушбу аллома даҳмаси, шунингдек, Абдулазизхон хонақоҳи, Даҳмаи Шоҳон—Шоҳлар хилхонаси, Музаффархон ва Абдул¬ҳаким Қушбеги масжидлари, ҳовуз, қудуқ, минора ва бошқа иншоотлар таъмирланди, эски айвон пойдевори устига 15 устундан иборат ва миллий нақшлар билан зийнатланган айвон барпо этилди. Мевали ва манзарали дарахту гулларга бой Боғи Орифонга асос солинди. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг оналари — Биби Орифа мангу қўним топган зиёратгоҳга борадиган йўлнинг мазкур боғ ичидан ўтиши мажмуа архитектоникасига ўзига хос файз бахш этди.

Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 27 майдаги қарорига мувофиқ Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуа¬си маркази ташкил этилди. Шу мажмуа таркибига кирувчи икки қаватли марказ биноси, кейинчалик миллий услубда қурилган анжуманлар зали фойдаланишга топширилди. Қадимги дарвозалар — Хожа Диловар ва Бобус Салом асл ҳолига келтирилди, Шарқ меъморчилиги анъаналари асосида Бобул Ислом дарвозаси бунёд этилди.

Яқинда Президентимиз Шавкат ¬Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Мир Араб олий мадрасаси шу мажмуада янги ўқув йилини бошлади. Шу йилнинг 11 июлида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган "Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида"ги фармойишда бу хожагон-нақшбандия тариқати асосчилари зиёратгоҳларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгиланди.

Шавкат БОБОЖОНОВ, Бухоро давлат университети ўқитувчиси.

Авлиёлар султони ҳикматлари

Шамдай ҳаёт ўтказ: ҳамманинг уйини нурафшон этиб, ўзинг қоронғуда бўл!

* * *

Мен нафсимни эллик марта сув тўла ариқ лабига ташна олиб бориб, ташна келтира оламан.

* * *

Имон — қалбни Аллоҳдан бошқа ўзига ром этувчи фойдали ва фойдасиз нарсалардан узиб, Ҳаққа боғлашдир.

* * *

Орифнинг қалбидек кенг ва катта бўлган нарса йўқдир. Ер ва осмонлар орифнинг қалбига нисбатан бир нуқта кабидир. Бу жиҳатдан, Аллоҳ: "Ер ва осмонларга сиғмадим, мўмин банданинг қалбига сиғдим", деб айтган.

* * *

Қалбларнинг буюклиги аслида бир. Лекин улардаги маърифатнинг буюклиги фарқли.

* * *

Элнинг юкини енгиллаштиринг, элга юк бўлманг.

* * *

Дилозордан Худо безор, барча мўминларга, ҳатто кофирларга ҳам раҳмдил бўлинг, чумолига ҳам озор берманг.

* * *

Худо олдида барча баробар, шоҳу гадо деб ажратиш бўлмас.

Гулчеҳра НАВРЎЗОВА, фалсафа фанлари доктори, профессор.

Вуқуфи қалбий ва комил инсон тарбияси

Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Бухорий тарихда Баҳоуддин, Шоҳи Нақш-банд, Баҳоуддин Балогардон, Хожаи Бузрук номлари билан маълум ва маш¬ҳурдир. Баҳоуддин Нақшбанд — комил инсон тимсолидир. У ўз таълимотидаги ғояларига ўзи тўла-тўкис амал қилган. У отаси билан кимхобга нақш босган ва деҳқончилик қилган.

Баҳоуддин Нақшбанд ҳаё¬ти давомида муҳтож, ожиз инсонларга доимо ёрдам қўлини чўзган ва буни хуфёна амалга оширган. Умрининг етти йилида ҳайвонларга қараган, етти йилида йўлларни тозалаган, етти йил мобайнида ҳалол луқма учун риёзат чеккан. Умуман у бутун борлиққа шафқат билан, меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлиб, ҳаётида фақат эзгу ишларни амалга оширган. Шунинг учун унинг ҳаёти биз учун ибратдир.

Баҳоуддин Нақшбанднинг инсоният камолотидаги ўрнини таҳлил этсак қуйидаги тарихий хизматлари намоён бўлади:

У нақшбандия таълимотини яратди. Бу таълимот ўзигача бўлган барча тасаввуфий тариқат ва йўлларнинг энг яхши томонларини олиб ривожлантирди. Бу камолот йўли меъёрдаги, ҳушёрликка асосланган мумтоз таълимотдир. Шунинг учун нақшбандияни барча тариқатларнинг хулосаси деб айтадилар.

Нақшбандия таълимоти Баҳоуддин Нақшбанднинг номидан олинган бўлиб, унинг ғоялари асосида шаклланди. Бу таълимот Бухорои шарифда вужудга келди ва кейинчалик жаҳонга тарқалди. Баҳоуддин Нақшбанд бу таълимотни яратиб, Бухорои шарифнинг еттинчи пири сифатида дунёга танилди. Чунки у киши Абдулхолиқ Ғиждувоний, Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Ҳазрат Амир Кулол каби Бухоронинг олти пири ишлаб чиққан хожагон тариқати асосида янги нақшбандия таълимотини яратди. Баҳоуддин Нақш-банд хожагон таълимотидаги саккиз тамойил — "Ҳуш дар дам", "Назар бар қадам", "Сафар дар Ватан", "Хилват дар анжуман", "Ёдкард", "Бозгашт", "Нигоҳдошт" ва "Ёддошт"га учта тамойил киритиб, ўн бир тамойил асосида инсонни баркамол этишда аҳамиятли бўлган янги таълимотга асос солди.

Баҳоуддин Нақшбанд вақт ҳақидаги илмни инсон камолотининг асосига қўйди. Унинг тарихий хизматларидан бири "Вуқуфи замоний—замон, вақтдан огоҳлик" рашҳасини нақшбандия таълимотига асосий тамо¬йил сифатида киритди. Вуқуфи замоний — инсон ўзи яшаётган давр, замон қандай кечаётганлигидан огоҳ бўлиши, умр бир бор берилиши ва инсон уни хайрли, эзгу ишларга сарф этиши лозим, ғафлатда қолмаслиги, лоқайд бўлмаслиги, огоҳ, ҳушёр, дахлдор бўлиши керак, деган мазмун-моҳиятни англатади.

Аллома қалб ҳақидаги илмни ҳам кашф этиб, уни нақш¬бандия таълимотининг асосига қўйди. У киши "вуқуфи қалбий", "қалбдан огоҳ бўлиш" рашҳаси — ҳаётбахш ўгитини айтиб, нақшбандия тариқати тамойили сифатида жорий этди. Умуман тасаввуф аҳли қалб масаласига жуда катта эътибор беради. Бу масалада Баҳоуддин Нақшбандгача кўп фикрлар айтилган, асарлар ёзилган, лекин айнан шу улуғ зот "вуқуфи қалбий" тушун¬часини инсон камолоти учун зарурий тамойил сифатида нақш¬бандия тариқатига киритди.

Баҳоуддин Нақшбанднинг "Аврод" рисоласи, у кишининг айтганлари жамланган Муҳаммад Порсонинг "Рисолаи қудсия" асарида айнан қалб инсоннинг жисмоний ва руҳий оламини бир-бири билан боғлаб турган марказ эканлиги, қалбда нақшланган нарса хотирада муҳрланиши, қалб ҳолати инсоннинг бутун ҳолатини белгилаши ва шунинг учун қалбни поклаб туриш, уни ташқи таъсирлардан, ёмон ҳамсуҳбатлар, ёмон ҳиссиётлардан асраш лозимлигини таъкид этганлар.

Бу улуғ пир нафсни тарбия¬лашнинг энг мақбул мукаммал йўлини топган. Нақшбандия таълимотидаги "Даст ба кор"лик, меҳнат қилиш ва барчага холис яхшилик қилиш ғояси нафсни тарбиялаш воситаси бўлган. Баҳоуддин Нақшбанд "Бизнинг тариқатимиз суҳбатдир, хилватда шуҳ-ратдир ва шуҳратда офатдир", деганлар. Бу тариқатда чилла ўтириш, хилватга чекиниш, узоқ муддат пирнинг хизматида бўлиш бўлмаган. Натижада тариқат аҳлининг оиласига, қон-қариндош, маҳалла ва Ватанига фойдаси теккан.

Аллома валий тушунчасини тўғри таърифлаб, ҳақиқий валий ўзгаларни ҳидоятга бошлаши, тарбия қилиши мумкинлигини асослаб берган.

Хулоса қилиб айтиш лозимки, Баҳоуддин Нақшбанд яратган таълимот Шарқ халқлари инсонпарварлик дунёқарашининг шакл¬ланишида катта яратувчи кучга эга. Баҳоуддин Нақш¬банд табиат, барча тирик жонзоту ўсимликлар, ҳайвону инсонларга бирдек мутлақ эзгулик, меҳр-шафқат кўрсатишдек орифий талабни илк бор башарият ва коинот, борлиқнинг умумий ва бирдан-бир фундаментал тамойили даражасига кўтарган.

Саҳифани "Бухоронома" мухбири Абдужалил ХАЛИЛОВ тайёрлаган.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.