Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 77 дан: 23.09.2017

"Бухоро ҳунармандлари" фестивали

халқ амалий санъатимиз равнақи ва туризм тараққиётига хизмат қилади

Сергей ПОЛЕТАЕВ ва Тоҳиржон ИСТАТОВ олган суратлар.

Вилоятимиз марказининг қадимий ва сўлим гўшаси — Лабиҳовуз меъморий маж¬муининг муҳташам обидаси бўлмиш Нодирдевонбеги хонақоси олдидаги майдонда 20 сентябрь куни эрталаб қуёш нурида порлаб турган 20 дан зиёд карнайдан таралган тантанавор садолар шаҳар аҳ¬лини, республикамиз турли ҳудудлари ва воҳамиз туманларидан келган халқ амалий санъати усталарини, чет эллик сайёҳларни "Бухоро ҳунармандлари-2017" фестивалининг очилиш маросимига чорлади.

Унда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Карим Камолов республикамиз Президентининг шу йил 19 майдаги "2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида вилоят ҳокимлиги, "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан ташкил этилган мазкур тадбир иштирокчиларини қизғин қутлаб, фестиваль ишига муваффақиятлар тилади. Нотиқ ҳозиргача жаҳоннинг 11 та шаҳри билан биродарлашган Бухорои шариф ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Лоян шаҳри ўртасида шундай қардошлик алоқаси ўрнатилганини ва мазкур фестивалда Хитой Компартиясининг ушбу шаҳар қўмитаси саркотиби ўринбосари Ху Цзябин бошчилигидаги делегацияси иштирок этаётганини маълум қилганида майдон узра Чин мамлакати вакиллари шаънига олқишлар янгради.

Маросим "Ўзбекконцерт" вилоят бўлими санъаткорларининг мумтоз ва замонавий қўшиқлари ҳамда жозибали рақсларига уланди. Бухоро туризм коллежи ёш дизайнери Мадина Зияева, "Бухоро ҳу¬нармандлари" уюшмаси чевари Шамсияхон Набиева, Ирина Шарипова раҳбарлигидаги "Овация" модалар театри модельерлари миллий матолардан тайёрлаган замонавий либослар коллекцияларининг намойиши нафақат маҳаллий хотин-қизлар, балки чет эллик аёл сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Фестиваль бошланишидан бир кун илгари Шоҳруд канали ёнидан санъат музейига қадар чўзилган ҳудуддаги савдо расталаридан жой олиб, турли-туман ҳунармандчилик маҳсулотларини харидорларга сотаётган усталар ва тадбиркорларнинг қўли-қўлига тегмайди. Улар орасида водийлик адрас ва атлас тўқувчиларнинг кўпчиликни ташкил этгани бухороликларни беҳад хурсанд қилди. Чунки марғилонлик Қодиршер Охунов, Дадажон Фазлиддинов, Абубакир Ҳамидов, Маъмурбек Ҳошимов, наманганлик Аҳмадали Абдураҳимов сингари усталар тўқиган адрас, атлас, банорас, беқасам ва шойи матолар нафақат республикамиз ярмаркаларида, балки жаҳоннинг турли мамлакатларида ташкил этилаётган халқаро савдо-кўргазмаларида энг харидоргир маҳсулот ҳисобланади.

Бу номдор усталарнинг шогирдлари "Бухоро ҳунармандлари" фестивалига улар тўқиган миллий матоларнинг янги дизайндаги сирға, сарвиноз, ноғора, бодомча, томчи, шахмат, пахтаой ва евро нусхаларини сотувга олиб келиб, водийлик тўқувчилар доимий ижодий изланишда эканликларини намойиш этдилар. Вилоятимиз марказидаги "Зарина миллий либослари" корхонасида меҳнат қилаётган бухоролик чеварлар ҳам савдо-кўргазмага қўйган замонавий моделдаги кийим-кечаклари билан ижодий изланиш бобида бошқа усталардан ортда эмасликларини кўрсата билдилар.

Савдо растасида ўзи лойдан тайёрлаган миллий ўйинчоқлари ва ҳушпулакларини чет эллик сайёҳларга таклиф этаётган 81 ёшли вобкентлик кулол Кубаро Бобоевани шогирдлари даврасида учратдик.

—Вилоятимизда биринчи бўлиб Халқ рассоми унвонига сазовор бўлган Ҳамро биби Раҳимовадан кулоллик касби сирларини ўрганиб, элда, санъат оламида ҳурмат топдим,— дейди онахон.—Энди бу касб анъаналари бардавомлигини таъминлаш учун Фарҳод Баҳромов, Умид Раҳимов, Лола Нарзиева, Роҳила Раҳимова сингари ўнлаб истеъдодли шогирдларни тарбияладим. Ишончим комилки, Вобкентнинг Ўба қишлоғи кулолчилик санъати янада тараққий этиб, республикамиз миллий ҳунармандчилиги шуҳратига шуҳрат қўшаверади.

Фестиваль доирасида бухоролик таниқли ҳунармандлар устахоналарида, шунингдек Минораи Калон меъморий мажмуи олдидаги майдонда халқ амалий санъатининг ўндан зиёд турлари бўйича маҳорат сабоқларини ўтказдилар. Машҳур зардўз, Ўзбекистон Республикаси Қаҳрамони Муяссар Темирова, республика Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ устаси Алишер Нарзуллаев ва бошқа кўплаб номдор ҳунармандлар ёш ижодкорларга ўз касб-корлари ва санъатлари сиру-асрорлари бўйича машғулотлар ўтказишди, шогирдлар қўлида жило топган буюмларни баҳолашди.

—"Бухоро ҳунармандлари" фестивалининг аввалги тадбирлардан фарқи шундаки, бу гал биз вилоят марказидан анча олисдаги қишлоқларда фаолият кўрсатаётган халқ амалий санъати усталарининг савдо-кўргазмаларида иштирок этишларини таъминлашга ҳаракат қилдик,—дейди кўпгина халқаро танлов¬ларнинг ғолиби бўлган таниқли темирчи уста Шокир Ка¬молов.—Жондорлик ёш ҳу¬нармандлар Миршод ва Му¬род Идиевлар ясаган сов¬ғабоп пичоқлар ҳамда бошқа ¬буюмларнинг фестивалдаги кўргазмасини кўриб, улар ота-боболари асос солган темирчилар сулоласи ишини муносиб давом эттираётганларига ишонч ҳосил қилдим.

Шу куни маҳорат сабоқларидан сўнг ҳунармандлар учун Лабиҳовуз мажмуасида палов сайли ташкил этилди.

Фестиваль доирасида Бухоро давлат университетида ташкил этилган илмий-амалий конференция "Буюк ипак йўлида жойлашган Бухоро шаҳри ҳунармандчилигининг тарихий аҳамияти ва бугунги кунда вилоятда туризм са¬лоҳиятини ривожлантириш¬даги роли" деб номланди. Анжуманда сўз олган вилоят ¬ҳо¬кимининг ўринбосари Ботиржон Шахриёров воҳада Президентимизнинг "Ўзбе¬кис¬тон Республикасининг ¬туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш, чора-¬¬тадбирлари тўғрисида"ги фар¬монида белгиланган вазифаларни бажариш, Бухорони йирик сайёҳлик марказига айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусида тўх¬талиб, илмий-амалий конференция ишига муваффақиятлар тилади.

Анжуманнинг ялпи ва шўъ¬ба йиғилишларида "Ҳунарманд" уюшмаси, "Олтин ¬ме¬рос" халқаро хайрия жамғармаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармалари мутахассислари, Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари томонидан миллий ҳунармандчиликнинг туризм салоҳиятини ривожлантиришдаги роли, сайёҳлик соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига доир 20 дан ортиқ маъруза ва илмий ахборотлар ўқилди.

Яқиндагина Франция пойтахти Парижда асарлари шахсий кўргазмасини намойиш этиб қайтган бухоролик миниатюрачи рассом Давлат Тошев устахонаси ёнида бир гуруҳ англиялик сайёҳларни учратдик.

—Бухоро Марказий Осиёнинг энг кўҳна ва гўзал шаҳарларидан биридир,—дейди Лондондан келган 21 кишилик туристлар гуруҳи раҳбари Акулин Стефано.—Бу ерда нафақат меъморий обидалар, балки қўли гул ҳунармандлар тайёрлаган халқ амалий санъати буюмлари ҳам нафосати билан сайёҳларни ўзига мафтун этади.

Расмий маълумотларга қа¬раганда, "Бухоро ҳунармандлари" фестивали давом этган 2 кун мобайнида бу шариф шаҳарга 2500 нафардан ортиқ хорижий туристлар ҳамда республикамиз ҳудудларидан 1000 дан зиёд сайёҳ ташриф буюриб, халқ амалий санъати байрами тадбирларида иштирок этган.

Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими 21 сентябрь оқшомида Лабиҳовуз меъморий мажмуида бўлиб ўтди. Тадбир ташкилий қўмитасининг қарорига мувофиқ фестивалдаги фаол иштироки учун Ўзбекистон Республикаси Қаҳрамони, "Ҳунарманд" уюшмасининг фахрий аъзоси, машҳур зардўз Муяссар Темирова ва унинг невараси Нигина Саъдуллаева, Бухоро халқаро аэропорти директори ¬Тоҳир Баҳронов вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

30 ёшгача бўлган ҳунармандлар ўртасида ўтказилган кўрик-танловда 11 номинация бўйича ғолиблар аниқланди. Бухоролик зардўз Дилбар Расулова, ғиждувонлик кулол Жавоҳир Неъматов, жондорлик темирчи Миршод Идиев, шофирконлик каштадўз Нигора Ҳамдамова энг яхши ёш ҳунарманд деб топилдилар. Бухоро шаҳридан кандакор Содиқ Содиқов, гиламбоф Рисолат Акрамова, ганч ўймакорлиги устаси Азиз Ғойибов, миниатюрачи рассом Мадина Саидова, патдўз Нодира Эшонова, гулли ва чокли буюмлар тикувчиси Дилноза Баратова ва заргар Хуршид Тоҳировлар ҳам ғолиблар сафидан жой олдилар.

Кўрик-танлов ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғаларни вилоят ҳокими Ўктам Барноев топшириб, уларга янги ижодий муваффақиятлар тилади.

Шундай қилиб, вилоятимизда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш йўли билан туризмни тараққий ¬эттиришга ҳар томонлама кўмаклашадиган "Ипак ва зираворлар" халқаро фестивали қаторига яна бир байрам — "Бухоро ҳунармандлари" тадбири ҳам қўшилди. Қадаминг қутлуғ келсин, янги фестиваль!

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.