Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 76 дан: 20.09.2017

Иккинчи пилла ҳосили ҳам баракали бўлди

Бухоро вилоятида такрорий пилла етиштириш мавсуми муваффақиятли якунланди. Пиллачиларнинг аксарияти мўлжалдагидан зиёд ҳосил олди.

...Бундан кўп йиллар илгари мамлакатимизда, айниқса, ҳаво тафти юқори Бухоро вилоятида август ойида такрорий ипак қурти боқилганда салмоқли хирмон кўтарилмаган.Табиийки, улови тушовидан қимматга тушгани сабаб иккинчи мавсум масаласига нуқта қўйилди. Ҳолбуки, иқлими бизга яқинроқ мамлакатларда пилладан такрорий юқори ҳосил олиб келинган. Мана, бугун мамлакатимизда, жумладан воҳамизда ҳам минглаб пиллачилар август ойи иккинчи ўн кунлиги аввалидан Хитойнинг замонавий технологиясидан фойдаланган ҳолда ипак қурти боқишга киришдилар. Натижа ҳам қувончли бўлди.

Масалан, Ғиждувон туманидан ёш пиллачи Муҳайёхон Холиқова бир қути қурт уруғини парвариш қилиб, 40 килограмм ўрнига 67 килограмм сифатли "кумуш тола" ҳосилини йиғиштириб олди. Албатта, ёз охирида, яъни ҳаво ҳарорати ҳатто уйда 40 даражага яқин бўлган кунларда пилла етиштириш осон эмас. 26 даражадан ошдими, қуртнинг қимирлашга ҳоли қолмайди, озуқага интилмайди. Оқибатда унинг бир қисми заифлашиб, нобуд бўлиши ҳеч гап эмас. Демак, қурт боқиладиган хона ҳароратини мўътадил сақлаш лозим. Бунга қандай эришилади?

—Албатта, туман соҳа мутахассислари тавсияларига амал қилдик,— дейди Муҳайёхон Холиқова.—Қуёш нури хонага меъёридан ортиқ тушмаслиги ва ҳаво ҳарорати ошиб кетмаслиги учун деразаларга тортилган парда—оқ бўз вақт-вақти билан намлаб турилди. Аммо бунинг ўзи кифоя эмас. Қўшимчасига хона турли бурчакларига сув солинган челак қўйишга тўғри келди. Бундай мўътадил ҳароратда қурт фаол ҳаракатланиб, иштаҳаси очилади.

Ўз-ўзидан аёнки, ипак қурти озуқага қанча яхши тўйса, ҳосил бўлиқ бўлади. Очиғини айтганда, ёзда барг масаласи сал нозикроқ. Гап шундаки, баҳорда кесилгани ўрнига ёзда чиққан янги новдадаги барглар иссиқда кўкламдагидан кескин фарқ қилади яъни юмшоқ эмас. Бу ҳолат ҳам қуртлар учун нобоп. Шунинг учун мутахассислар сояроқда, тутларнинг пастки қисмида ерга эгилиб ўсган новдаларни кесиш ёки улардаги баргларни қўлда теришни тавсия қилишади.

Албатта, шу ўринда озуқа тежамкорлиги ҳам муҳимдир.

—Илгарилари баҳорда қурт боқиладиган хоналарда ҳарорат кўтарилган шароитда баргнинг анча қисми сўлиб, димиққан,—дейди Ғиждувон "Агропилла" МЧЖ раҳбари Вали Мажидов.—Бундай озуқани пилла қурти хуш кўрмайди. Хуллас, барг чиқитга чиқади. Хитой технологияси бўйича қуртга озуқа берилгач, устига ҳаво кириб турсин учун бигиз учи катталигида тешилган плёнка тортилади. Бундай шароитда плёнка остидаги барг сўлимайди, димиқмайди, қуртга хушхўрлиги сақланиб қолгани боис исроф бўлмайди. Озуқа сарфи 20-30 фоизга иқтисод этилади. Озуқани тайёрлашда меҳнат ҳам тежалади. Бу усул баҳордагидек, такрорий қурт боқилган мавсумда ҳам иш берди.

Пиллакорнинг пировард меҳнат натижаси рағбату манфаатдорликка ҳам боғлиқ. Президентимизнинг жорий йил 29 мартда қабул қилинган "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида соҳа тизимини узлуксиз такомиллаштириш, хом ипак ва ипак калава ишлаб чиқариш, уларни чуқур қайта ишлаш самарали усулларини жорий этиш, шунинг баробарида қишлоқ жойларда аҳоли бандлиги ва даромад¬лари даражасини оширишни таъминлай¬диган ягона ва яхлит ташкилий тех¬нологик тизимни барпо этиш асосида пиллачилик тармоғини комплекс ри¬вожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Мазкур қарорга асосан, пилла етиштириш билан шуғулланувчилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлар бўйича ягона ижтимоий тўловлардан озод қилинди. Уй шароитида тирик пилла етиштирувчилар жисмоний шахс¬лардан олинадиган даромад солиғини тўлашмайдиган бўлди. Яна бир жиҳат. Пилла боқувчилар ва тизим касаначиларининг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия тайинлашда бир йиллик иш стажи, деб ҳисобланади. Бу янада яхши натижага ундайдиган манфаат, пилла етиштирувчининг мўл даромадига омил.

Масалан, Муҳайёхон баҳорги мавсумда икки қути ипак қурти боқиб, 181 килограмм ҳосил етиштирди. Эвазига оила бюжетига салкам икки миллион сўм пул тушди. Кузги ҳосилнинг ҳар бир килограми учун қайта ишловчи "Бухоро Бриллиант Силк" қўшма корхонаси 12 минг сўм, жами 804 минг сўм тўлади. Шунинг¬дек, у каби Гулшода Сафарова, Феруза Жамолова, Зулфия Тоҳирова ва бошқа пиллачилар ҳам катта даромад олди.

Жорий йил баҳорги мавсумда вилоятимиз пиллакорлари баракали ҳосил етиштирган эдилар. Такрорий қурт парваришидаги натижа мавсум хусусиятларини инобатга олганда ҳавасли. 2738 нафар пиллачи шартномага асосан 2500 қути қурт боқиб, режадагидан зиёдроқ—101 тонна "кумуш тола" етиштирди. Бунда айниқса, Ғиждувон, Ромитан, Қоракўл туманларининг улуши кўпроқ бўлди. Айтиш жоиз, кузги пилла ҳосили вилоятдаги учта қайта ишлаш корхонаси учун лойиҳа қувватидан тўлароқ фойдаланиш учун қўшимча имкониятдир.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.