Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 73 дан: 09.09.2017

Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!

Нашримиз йўқламасида: Бухоро шаҳри

Илғор технологиялар самараси

Суратда: корхонанинг ишчи ходимлари—Маржона Назарова (чапда) ҳамда Назокат Ҳодиевалар калава ипларни кўздан кечиришмоқда. Р. ИБРАГИМОВ олган сурат.

"Deluxe fabric" масъулияти чекланган жамиятида янги лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Унга кўра, юмшоқ мебель буюмлари учун жаккард ма¬тосини ишлаб чиқариш йўлга қўйи¬лади. Бунинг учун Бельгиядан айни шу газламани тайёрлашга мўл¬жалланган "Пиконоль" русумли яна 15 та янги тўқув дастгоҳини келтириш мўл¬жалланмоқда. Уларнинг умумий қиймати эса қарийб 1 миллион АҚШ долларига тенг. Шу орқали ушбу корхонада ишлаб чиқариш кўламини 70-80 фоизга ошириб, маҳаллий ва чет эллик ¬мижозлар эҳтиёжини янада кўпроқ ¬қондириш мумкин. Бу қўшимча иш ўринлари яратиш имконини ҳам беради.

Таъкидлаш жоизки, 2012 йилда Бухоро шаҳрида фаолиятини бошлаган мазкур корхонада аввалига фақат бир хил артикулдаги диагонал мато, хом газ¬лама тайёрланарди. Ўшанда "Deluxe fabric" ихтиёрида 5 та "Пиконоль" ¬дастгоҳи бор эди. Бир-икки йил ичида бу ерда бўз, сатин, поплин, фланель, бумазей сингари турли газламаларни, махсус иш кийимлари, ранг-баранг кўринишдаги дастрўмоллар ишлаб чиқаришга киришилди. Тез орада маҳсулотларни экс¬порт қилиш ҳам бошланди. 2015 йилга келиб матолар бўялган, ишлов берилган, қисқаси, тайёр ҳолда етказиладиган бўлди.

Хайрли ишнинг бундай кенг қулоч ёзишида эса "Ҳамкор¬банк"нинг Бухоро филиалидан олинган кредит ҳисобидан хориж технологиясининг келтирилгани ҳам қўл келди. Чунончи, "Пиконоль"лар сони йигирматага етди. Шунингдек, "Beninger" ҳамда "Zucker Muller" компанияларининг замонавий ускуналари ҳам харид қилинди. Айтиш лозимки, Германияда чиқарилган ушбу икки техник қурилма ипни ғалтакка ўраш ва оҳорлашдек мураккаб вазифаларни ўз турдошларига нисбатан бир неча баробар тез, унумли, муҳими, сифатли бажаради.

—Халқимиз "Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур" деб бежиз айт¬майди,—дейди корхона раҳбари Миршод Ҳалимов.—Мана, тўқув дастгоҳи "Пиконоль"¬ни олинг. Унинг бир дақиқадаги ўртача иш мароми 750-800 марта айланиш бирлигига тенг. Оддий ускуналарда эса бундай кўрсаткич бор-йўғи 150-200 ни ташкил этади. Бундан ташқари, дастгоҳимиз тўлиқ автоматлаштирилгани, маҳсулотнинг сифат даражасини компьютер орқали назорат қилиш, ҳар қандай қалинликдаги ипдан фойдаланиш мумкинлиги билан ажралиб туради. Бултур корхонамизда ўрта ҳисобда 600-700 минг метргача мато тўқилганининг сири шунда.

Дарҳақиқат, энг замонавий, илғор технологиялардан унумли фойдаланиш, шунингдек, кўплаб малакали, ёш ишчи-ходимларнинг меҳнати қувончли самараларни бермоқда. Бу ерда биринчи ярим йилликдаёқ 400 минг метр газлама тўқилгани фикримиз далилидир. Корхонанинг импорт ва экспорт бўйича мутахассиси Раҳим Рамазоновнинг айтишича, маҳсулот сифати Польша, Украина, Латвия ва бош¬қа мамлакатлардаги мижозларни ҳам қаноатлантиряпти. Шу боис корхонанинг ўтган йили айнан экспортдан кўрган фойдаси 500 минг АҚШ долларидан ошди. Жорий йилнинг дастлабки ярмида топилган даромад эса 300 минг долларга тенг.

Дарвоқе, айни вақтда бу ерда 170 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти — коллеж битирувчилари. Эътиборлиси, йигит-қизларнинг ўн нафари корхонага яқиндагина келишган. Биз тандалаш, оҳорлаш, тўқув цехларидаги иш жараёни билан танишарканмиз, ранг¬ли ипларни ўрашдан тортиб кўйлакбоп, кўрпабоп, чойшаббоп матоларни тўқишгача бўлган юмушлар билан маш¬ғул кўплаб ёшларни учратдик. Улардан бирини суҳбатга тортдик.

— Вазифам у қадар мураккаб эмас, — дейди ўзини Маржона Назарова дея таништирган қиз. — Калава ипларни танда ғалтакларга юқори аниқликда ўраб, уларнинг нариги цехдагиларга етказилишини таъминлаш... Ўзимга келсак, Когон маиший хизмат ва саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаб, шу ерга ишга кирдим. Касбимдан, яратилган барча шарт-шароитлардан мамнунман.

* * *

Умуман, ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик, ишбилармонлик ривожи учун яратилаётган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиш, узоқни кўра олиш, изланувчанлик орқасида ўз бизнесини самарали йўлга қўяётган ва кенгайтираётган юртдошларимиз ҳудудда талайгина. Шу йўсин улар вилоятимизнинг марказий шаҳрида саноат ишлаб чиқаришининг янада равнақ топишига ўз улушларини қўшишмоқда. Турли лойиҳалар орқали янги иш ўринларини яратишяпти.

Таъкидлаш ўринлики, тадбиркорларимиз фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш "Бухоро вилоятини 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури"да ҳам белгиланган. Мазкур дастур доирасида жорий йилда шаҳарда қиймати 431 миллиард сўмлик 432 та лойиҳа амалга оширилиши, шу орқали жами 4406 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Ўтган биринчи ярим йилликда ҳудудда 197 та лойиҳа амалиётга татбиқ қилинди. Шулардан 89 таси саноат, 96 таси эса хизмат кўрсатиш йўналишига тўғри келади. Уларнинг умумий қиймати 88,8 миллиард сўмни ташкил этди. Иккинчи ярим йилликда эса 379 миллиард сўмлик 344 та лойиҳа амалга оширилиб, 3697 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Ранглардан илҳом олиб...

Тасвирий санъатда, архитектурада, шунингдек, кулолчилик, каштачилик ва миллий ҳунармандчилигимизнинг шу каби бошқа қатор турларида турли бўёқлардан фойдаланилиши маълум. Шу боис ҳар бир устадан уларни қўллаш сирларини пухта ўзлаштириш талаб этилади. Шариф шаҳримиздаги обидага боқманг, бухоролик ҳунармандларимизнинг ишини кузатманг, рангларнинг бетакрор тажассуми сизни мафтун этмай қолмайди. Моҳир каштадўз, рассом-дизайнер Аҳмад Арабовнинг ижодий фаолияти тўғрисида ҳам худди шу сўзларни айтиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, у қадимий усулда маҳаллий ўсимликлардан — ёнғоқ, пиёз пўсти, ўсма, анор, исириқ поясидан, шунингдек, ўрик ва шафтоли дарахтлари пўстлоғидан айнан бўёқ тайёрлаш технологиясини етарлича ўзлаштирган, шу ишни йўлга қўйган. Бу ҳол эса ўзи ҳамда шогирдлари томонидан тайёрланаётган хилма-хил кашталарнинг ўзига хос, бежирим бўлишида муҳим роль ўйнамоқда.

— Ранглар, уларнинг ўзаро мутаносиблиги мени ҳайратга солади, — дейди ҳунарманд уста А. Арабов биз билан суҳбат асносида. — Лекин бўёқни йиллар синовига бардошли қилиб тайёрлаш, ранг танлаш бутун бошли жараённинг бир босқичи, холос. Бундан ташқари, матога ишлов бериш, композициялар чизиш, сўзанани пардозлаш... Кўрдингизми, каштачилик сир-синоатга қанчалар бой. Шу сабаб ҳам унга меҳр қўйганман. Ушбу санъат менга янгидан-янги изланишлар учун илҳом беради.

Дарҳақиқат, каштачилик намуналарини синчиклаб ўрганишга киришганига йигирма йилдан ошган қаҳрамонимизни қадимият руҳи яширин беқиёс нақшлар, шарқона донишмандлик, эзгу ҳис-туйғулар акс этган тасвирлар ўзига оҳанрабодек тортаверади. У сўзанага ишлов беришдай ¬нозик юмушни тўла-тўкис ўрганиш мақсадида хорижлик мутахассисларнинг бу борадаги билим ва малакасини ҳам ўзлаштирган. Машаққатли меҳнат, изланиш ор¬қасида орттирган тажрибаси асосида Аҳмад ака айни дамда каштачилик билан оилавий тарзда шуғулланяпти.

Айтиш лозимки, унинг ўрта асрлар Бухоро миниатюра мактаби таъсирида яратган сўзаналари, кашталари чет эллардаги санъат ихлосмандларининг ҳам диққатини тортмай қўймаяпти. Уста ҳунарманднинг ишлари шу пайтгача жаҳоннинг Милан, Санта-Фе, Анқара сингари йирик шаҳарларининг нуфузли халқаро кўргазмаларида намойиш қилинган. Бундан ташқари, А. Арабовнинг ижод намуналари Англия, Франция, Австралия, АҚШ каби мамлакатлар коллекционерларининг шахсий фондидан ҳам жой олган. Бундай муваффақиятга у музейлардагина бир-икки донаси сақланиб қолган каштачилик буюмларидан нусха олиб, қадимий усул ва анъаналарни қайта тиклагани, Бухоро каштадўзлигига хос "йўрмадўзи" услубида сўзаналар тикишни йўлга қўйгани боис эришган. Шунингдек, ҳунарманд ўзининг каштачилик марказига Ғиждувон, Вобкент, Шофиркон, Нурота мактаби вакилларини жалб этиб, ушбу халқ амалий санъатининг ноёб кўринишларини оммалаштирган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, А. Арабов Бухоро каштадўзлик мактаби анъаналарини янги руҳ, янги мазмун ¬билан бойитмоқда. Унинг айни шу санъатга ихтисослашган ҳунар маркази маҳсулотлари композицион жиҳатдан мукаммаллиги, нақшларидаги бетакрорлик, рангларининг жилоси билан яққол ажралиб туради.

Ҳар бир изланиш, интилиш, меҳнат — давлатимиз эътиборида. Ҳунармандчилигимиз ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси учун А. Арабов шу йил "Ташаббус" республика кўрик-танловининг "Энг яхши ҳунарманд" йўналишида ғолиб деб то¬пилди ҳамда Президент соврини — "Спарк" русумли автомашина билан тақдирланди.

Эл дардига малҳам бўлиб...

Вилоят марказидаги Кўксарой кўчасида яшовчи Ғиёс Тўқсоновнинг хонадонида деярли ўн етти йилдан буён иситиш тизими ишламасди. Шунга қарамай, уй соҳибидан тўловлар ундириб олинар, бу иш ҳатто суд орқали ҳам ҳал қилинарди. Аммо ҳар нарсанинг чегараси бор. "Емаган сомсасига пул тўлаш"дан тоқати тоқ бўлган Ғ.Тўқсоновнинг бормаган, сўрамаган жойи қолмади. Ниҳоят, у шу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро шаҳар Халқ қабулхонасига мурожаат этди.

Шундан сўнг муаммо тез фурсатда ўрганиб чиқилди. Ушбу фуқаронинг шикояти ҳақли деб топилди. Шунга кўра, Ғ.Тўқсонов мавжуд пенядан озод этилди ҳамда унинг хонадони иссиқлик энергияси тармоғига қайта уланди.

Пиридастгир кўчасида истиқомат қилувчи 70 яшар онахон Салима Ҳалимова ҳам шунга ўхшаш муаммога йўлиққанди. Кимларнингдир масъулиятсизлиги оқибатида келиб чиқувчи сунъий қарздорликлар бу аёлни кўп ташвишга қўйди. А. Сомий ҳамда А. Жомий кўчаларида яшовчи фуқароларни эса анчадан буён ушбу ҳудудлардаги айрим ички йўлларнинг нобоплиги қийнаб келарди. Айнан Халқ қабулхонаси уларнинг жонига ора кирди. Мазкур муассаса кўриб чиқиш учун юборган мурожаатлар асосида шаҳар ҳокимлиги, унинг ободонлаштириш бошқармаси томонидан тузилган тегишли ишчи гуруҳлари жойларда бўлиб, мавжуд аҳволни атрофлича ўрганишди. Бунинг самараси ўлароқ кекса онахоннинг иссиқлик энергияси борасидаги муаммолари ижобий ечим топди. Шаҳар аҳолисининг салмоқли қисми яшайдиган иккала кўчадаги йўллар ҳам замонавий талаблар асосида таъмирланди.

Биз шу йўсин муаммоси тезда ҳал этилганлардан яна бири Сарвар Шарипов билан суҳбатлашдик. Маълум бўлишича, бултур март ойида "Аму-Бухоро канал қурилиш" АЖга қарашли СМУ-3 корхонасига ишга кириб, декабрда у ердан бўшаб кетган. Бу фуқарога 532 минг сўм миқдорида меҳнат ҳақи тўланмаган. Бундай чалкашлик, масъулиятсизлик бартараф этилавермагач, у шаҳар Халқ қабулхонасига шу масала бўйича шикоят қилган. Эътиборлиси, ана шундан кейин С. Шариповнинг ҳақли эътирози жиддий ўрганилиб, унинг талаби қаноатлантирилди.

Айрим кишиларнинг ўзбошимчалиги, бошқаларнинг манфаатини ҳисобга олмаслиги кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлувчи юқоридаги сингари ҳолатлардан яна қанчасини санаш мумкин. Чунончи, ўзи турадиган кўп қаватли бино олдидаги болалар майдончаси ўрнида қурилиш ишлари бошлангани Пиридастгир кўчасида яшовчи Олия Гиясовада эътироз туғдирди.

— Бу кўркам майдончада анчадан буён болажонлар ўйнаб, кўнгил ёзишарди, — дейди у биз билан суҳбат чоғи. — Бино қуришга киришилди-ю, бу ердан файз кетгандек бўлди. Теваракка чанг-тўзон тарқалишию ён-атрофнинг кўркига путур етганини айтмайсизми?! Устига-устак, кичкинтойлар кечки маҳал энди қаерда ўйнашади?! Бахтимизга, шаҳар Халқ қабулхонаси бор экан. Масалага ойдинлик киритишни сўраб, у ердагиларга мурожаат қилгандик, тез орада муаммомиз ҳал этилди. Саъй-ҳаракатимиз зое кетмади. Бунинг учун эса авваламбор, шундай масканлар фаолиятини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурган -Юртбошимиздан миннатдормиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг жорий йил 9 июндаги топшириқ хати ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан 9 июлдан эътиборан ҳафтанинг икки кунида жамоат транспортида "кўчма" сайёр қабул ташкил қилиняпти. Вилоят марказидаги 65 та маҳалла фуқаролар йиғинини қамраб олган, ¬давлат ва хўжалик бош¬қаруви органлари раҳбарлари ҳамда фуқаролар ўртасида ўтадиган бундай учрашувлар туфайли кўпгина муаммолар ҳал этилди.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Саъдулло Ашуровдан олган маълумотимизга кўра, шу чоққача муассасага 700 дан зиёд мурожаат келиб тушган. Уларнинг 400 дан ортиғига тушунтириш берилиб, юзга яқини қаноатлантирилган.

"Бухорога хуш келибсиз!"

Муаззам Лабиҳовуз ¬ансамбли бўйлаб сайр қиларканмиз, қадим обидаларга ҳайрат ичра боқаётган бир гуруҳ хорижлик сайёҳлар эътиборимизни тортди. Улардан бири билан суҳбатлашдик.

— Биз Испаниянинг Каталония ўлкасиданмиз, — дейди ўзини Маите Альваро дея таништирган аёл. — Диёрингиз шаҳарлари бўйлаб саёҳатга чиққанмиз. Бугун эса Бухорога келдик. Келдигу, бир жиҳат диққатимизни тортмай қолмади. Бу ердаги осориатиқалар, кўҳна кўчалар биздаги Барселона, Севилья сингари азим шаҳарларни эслатар экан. Қадимият руҳига йўғрилган бундай ажиб кайфият бизга ҳам таниш. Шу боис ўзимизни уйдагидек сездик. Бухорони яхши кўриб қолдик. Бу ерда биз, туристлар учун яратилган шарт-шароитлардан ҳам мамнун бўлдик. Умуман, ўтмиш ва замонавийлик мужассам ушбу гўша кишини ўзига оҳанрабодек тортавераркан. Бу ерга худди биз каби дунёнинг турли мамлакатларидан келган кўплаб сайёҳларни кўраётганимнинг боиси шунда бўлса керак.

Шундан сўнг "Яна бир бор Бухорога хуш келибсиз!" дея испаниялик меҳмон билан хайрлашарканмиз, кўнглимиздан қуйидагилар ўтди:

Дарҳақиқат, шаҳримиз улкан туристик салоҳиятга эга. Ўтиб бораётган йил эса бутун республикамизда, хусусан, Бухоро заминида айнан туризмни янада равнақ топтириш борасида туб ўзгаришлар йили бўл¬моқда, десак адашмаймиз. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳам¬да "Ўзбекистон Республикаси Туризмни ¬ри¬вожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори дастуриламал вазифасини ўтаяпти.

Эътироф этиш жоизки, Юрт¬бошимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10-11 март кунлари вилоятимизга ташрифи барча жабҳалар қатори Бухоро туризми тарихида ҳам янги саҳифа очди. Президентимиз қадимий Шаҳристон бозори ҳудудида анъанавий ҳунармандлик устахоналарини жамлаган икки қаватли уйлардан иборат ҳунармандлар мавзесини қуриш лойиҳаси билан танишар экан, қадимий Бухорони, унинг бозору кўчаларини тиклаш, бу ердаги шарт-шароитлар ўтмишимиз нафаси уфуриб турганини одамлар сезадиган даражада бўлиши кераклигини, шунингдек, тарихимизни ёшларга асл ҳолда кўрсатишимиз лозимлигини таъкидлаб ўтди.

1,5 гектар майдонни қамраб оладиган мазкур шарқона бозорни барпо этишга ¬сарфланадиган маблағнинг дастлабки қиймати 18,5 миллиард сўмни ташкил қилади. Ушбу улкан бунёдкорлик ¬ишининг пудратчиси эса "Neftgazqurilishta'mir" акциядорлик жамиятидир.

— Мавзе ҳудуди ёпиқ расталар, кўчалардан иборат бўлиши режалаштирилган, — дейди лойиҳанинг бош архитектори Зоҳиршоҳ Қличев. — Бу ерда гиламдўзлар, заргарлар, зардўзлар, дўппидўз¬лар, патдўзлар ва бошқалар ўз санъатларини намойиш қилишади. Шунингдек, Шаҳристоннинг бошқа қисмида миллий таомлар, пишириқлар, мева-сабзавот, умуман, озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилади. Шу орқали эски шаҳарнинг ҳудуддаги йирик савдо марказларидан бир қадар узоқлиги билан боғлиқ муаммолар, ноқулайликлар бартараф этилади.

Бу масканда қурилажак дўконлар Президентимиз тавсиясига биноан қўш қаватли бўлиши, биринчи қават уста-ҳунармандларнинг дўкон ва устахонаси, юқори қават эса яшаш жойи вазифасини ўташи, ўз навбатида, расталар орасидаги йўлаклар кенгайтирилиши кўзда тутилган. Қисқача айтганда, бу ерда маҳсулотларни тайёрлаш ва сотиш жараёнлари уйғунлаштирилади.

Бундан ташқари, Юртбошимиз шу йил 19 майда имзолаган "2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳам шу каби кўламдор ишлар рўёби йўлидаги муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди.

— Ушбу қарор асосида тасдиқланган Дастурга биноан чет эллик сайёҳлар бўш вақтларини туну кун мазмунли ўтказишлари учун 12 гектарлик "Қадимий Бухоро" туристик зонаси барпо этилади, — дейди республика Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбари Шерзод Маҳмудов. — Унда 11 та замонавий ихчам меҳмонхона, савдо-кўнгил-очар марказлар, 500 ўринли амфитеатр фаолият кўрсатади. "Зарафшон", "Бухоро Палас" меҳмонхоналари реконструкция қилинади. Кўчаларга қадимий усулда оҳак тош босилади. Фақат пиёда сайр қилиш учун шарт-шароитлар яратилади.

Дастурда, шунингдек, Пойи Калон мажмуаси ҳудудининг тамоман шарқона жозиба касб этишини таъминлаш, бу ерни кўҳна Бухоро анъаналари асосида туристик марказга айлантириш белгиланган. Шу билан бир қаторда, қурилажак 5 та замонавий ресторан, шаҳар марказида совға, сувенирга ихтисослашган дўконлар тармоғидан иборат янги савдо кўчаси, қайта таъмирланадиган, тарихий объектларга олиб борувчи автомобиль йўллари ҳам маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қулайлик яратади.

Масжиди Калон, Улуғбек, Мир Араб мадрасаларини қайта таъмирлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар замирида ҳам Президентимизнинг юқорида зикр этилган қароридаги олижаноб мақсадлар, эзгу ниятлар ётибди.

Ўз ўрнида Бухорода анъанавий тарзда ўтказилаётган "Ипак ва зираворлар", "Бухоро ҳунармандлари", "Қовун сайли", "Шарқ таомлари" сингари фестиваллар ҳам шаҳарнинг туристик салоҳиятини оширишда катта аҳамият касб этаётганини таъкидлаш жоиз.

* * *

Республика Туризмни ри¬вожлантириш давлат қў¬митасининг вилоят ҳудудий бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Бухорога 100 дан ортиқ мамлакатдан сайёҳлар келмоқда. Улар қаторида Франция, Германия, Италия, Япония, Испания, Туркия, Буюк Британия, АҚШ, Жанубий Корея, Швейцария, Хитой, Малайзия, Австрия, Россия каби давлатларнинг фуқароларини кўриш мумкин.

Бухоро шаҳрида айни пайтда 38 та туристик фирма, 102 та меҳмонхона фаолият кўрсатяпти. Бу меҳмонхоналар кунига 4 мингдан зиёд кишига хизмат кўрсатиш имконига эга.

Ҳудудда туризм инфрас¬труктурасининг, айниқса, транспорт инфратузилмасининг йилдан-йилга ривожланиши, сайёҳлар оқимининг тобора ортишида муҳим омил бўляпти. Чунончи, Бухоро халқ¬аро аэропортидаги янгиланишлар, вилоятимизга "Афросиёб" тезюрар поезди қатновининг йўлга қўйилиши шу йўналишдаги салмоқли ишлардандир.

Ушбу саҳифа "Бухоронома" мухбири Рустам ИБРАГИМОВ томонидан тайёрланди.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.