Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 72 дан: 06.09.2017

Шаҳрам — жаҳон чемпиони

"Тилла бола". Бу Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлган спортчимиз Шаҳрам Ғиёсовга ижтимоий тармоқларда берилаётган таъриф.

Шаҳрам 2016 йил Бразилияда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Ўшанда кўпчилик мутахассислар жаҳон боксида ўз услубига эга янги ном пайдо бўлгани ҳақида гапира бошлади.

Бу тасодиф эмаслигини ўзбек бокс мактабининг ёш вакили Гамбургда ўтказилган жаҳон чемпионатида яна бир бор исботлади. Дастлаб украиналик Евгений Барабановни мағлуб этган Шаҳрам кейинги босқичда англиялик Пэт МакКормакка рўбарў бўлди. Рақиб чиндан ҳам эпчил ва чаққон эди. Аммо Шаҳрам уни ҳам рингни бош эгиб тарк этишга мажбур қилди.

Навбатдаги босқичда вакилимиз қозоғистонлик ринг устаси Аблайхон Жусуповга қарши рингга чиқди. Шаҳрам 20 ёшли рақиби ҳақида учрашув арафасида шундай деди: "Мен Аблайхонни ҳурмат қиламан. У жуда яхши, келажаги порлоқ боксчи". Рақибининг ҳурматини жойига қўйиб, у ҳақда илиқ фикр билдириш, истиқболига омад тилаш учун ҳам одам мард бўлиши керак. Бизнинг Шаҳрам шундай қилди.

Қозоғистонлик спортчи ўз ғалабасига ишониб астойдил курашди. Аммо, Шаҳрам барибир кучли эди.

Финал фақат олтин медаль учунгина курашдан иборат эмас, балки Ватан шаъни, эл-юрт ғурури учун жанг эди. Финалда кубалик Рониель Иглесиасга қарши рингга чиққан Шаҳрам буни ўн чандон кўпроқ ҳис этарди. Гап шундаки, унгача уч нафар жамоадоши олтин медаль учун баҳсларда турли ҳолатлар сабаб мағлуб бўлган эди. Бирининг озгина омади келмади, бошқасининг ҳаракатларини баҳолашда холислик етишмади. Олимпиадада учта олтин медални қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоасининг бори шуми, деган кинояли иддаолар бўлиши мумкинлигини ҳам Шаҳрам яхши сезиб турарди. Бунинг устига, ўзбекистонлик мухлислар ҳам ўз суюклиларининг олтин медаль билан қайтишига ўрганиб қолган бўлса?! Шундай кезларда кимга қийин, сўнгги финалчига-да! Бинобарин, кучли ва тажрибали рақибига қарши руҳий босим остида қолиши, ўзини йўқотиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас.

— Баъзи боксчилар тактик усулни хуш кўради, — дейди Шаҳрамнинг отаси, собиқ ринг устаси Жамшид Ғиёсов. — Улар рақибни бироз ўрганиб, унинг хато қилишини кутиб ҳужумга ўтади. Менимча, ғалабани ўйлаган спортчи рақибини ўз услубига мос жанг қилишга мажбур этиши керак. Биринчи мураббийси Олим Муҳамедов, ҳозирги устози Равшан Хўжаев ва терма жамоа мураббийлари ўгиту кўрсатмаларига амал қилиб келаётган ўғлимга шундай йўл кўп наф келтирган.

Ҳар бир жанг ўзига хос. Кечаги устунлигингни унутган ҳолда қаршингда янада кучли рақиб турганини ҳис этиб ҳаракат қилишинг лозим. Шаҳрам шундай қилди. У мустаҳкам ҳимояни таъминлаган ҳолда рақибини шошириб қўядиган тезкор ва тажовузкор ҳужумга зўр берди. Кутилмаган вазиятларда ортга чекиниб, кетма-кет зарбалар йўллади. Ҳисоб ҳам шунга яраша бўлди – 5:0. Ўзбекистонлик спортчи фойдасига. Рониель ҳам мард экан, ўзбек спортчисини ғалаба билан табриклади. Ҳақиқатан ҳам кучли бўлганларгина ўзларидан зўрга тан беради.

Шаҳрамнинг қариндош-уруғлари, айниқса, 81 ёшли бобоси Бекмурод ота Аҳадов набирасининг ҳақиқий мухлиси.

— Шаҳрамнинг бокс тушганини кўрдингизми, дейсизми, — саволимга савол билан жавоб қайтаради отахон. — Эҳ-ҳе, мен кўрай-да набирамнинг жангларини, нақ телевизорнинг ичига кириб кетаман ўзиям. Кампирим Латофат бибингизни ҳам чақираман. У юрагим чидамайди, дейди. Қўрқади-да кампири тушмагур. Мен ичкарида, у ташқарида дуо қиламиз. Шу кунларга етказганига шукр. Илгари бундай туйғуларни билмаганмиз. Умримизда кўрмаган, билмаган биров рингга тушса ҳам мухлислик қилаверганмиз. Ўзингники барибир бошқача бўлар экан. Шаҳрамжонимизнинг кўксига тилло медаль тақилиб, юртимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганда бошқача бўлиб кетдим. Гўё бутун дунё: "Ана, чемпионнинг бобоси", деб ҳавас қилаётгандек. Хурсандлигимдан йиғладим, кампирим ҳам йиғлади. Табрик қўнғироқлари-ку, тинмаяпти. Сезиб турибман, уларнинг ҳам ўпкаси тўлган. Юрак қурғур қинига сиғмайди шундай пайтларда. Ахир, Ўзбекистон ютди-да, болам! Бунинг бари мустақилликдан.

Боксчилар ўз ғалабаларини турлича нишонлайди. Шаҳрамники ҳам ўзига хос — икки қўлини ёзган куйи сакрайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Ҳаётда кўпчилик машҳурларга ҳавас қилади, айниқса, ёшлар. Бугун Шаҳрам Ғиёсовга ҳавас қилаётган, уни ўзига ибрат деб биладиганлар нафақат юртимизда, балки бутун дунёда кўпчилик. Мамлакатимизда спорт билан шуғулланиш, ўз қобилиятини намойиш этиш учун барча шароит яратилган. Демак, бугунги ютуқларини 2020 йилги Токио Олимпиадаси сари йўл деб биладиган "тил¬ла бола"лар — Шаҳрамнинг издошлари сафи кен¬гаяверади.

Эркин ЁДГОРОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.