Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 70 дан: 30.08.2017

Тошга битилган достон

2010 йил 30 август — мустақиллигимизнинг 19 йиллиги арафасида барпо этилган "Кўҳна ва боқий Бухоро" монументи вилоят аҳли учун тенгсиз туҳфа бўлган эди. 107 гектар кўркам боғ ҳудудини эгаллаган маданий марказ, ундан ўрин олган бу обиданинг ҳар бир детали Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ғояси асосида тайёрлангани билан эътиборга молик.

...Маданий марказнинг тўрт томонидан бошланган йўлаклар баландлиги 18 метр¬лик "Кўҳна ва боқий Бухоро" монументига келиб туташади. Мустақиллик ва истиқлол рамзи саналган, Бухоронинг ўтмиши ва бугуни уйғунлашган обида таниқли ҳайкалтарош, Ўзбекистон санъат арбоби, академик Илҳом Жабборов томонидан оппоқ мармарлардан ишланган.

Монумент пиллапояларидан кўтарилганда, ерда мозаика шаклида ишланган зарҳал тошлар диққатингизни тортади. Қуёш нурларида бу кошинлар олтиндек товланиб, кўзни қамаштиради. Унда Бухоронинг тупроғи олтинга тенг, деган маъно мужассам. Монументда нафақат Бухоронинг олтин замини олдида, балки шаҳарни шариф мартабасига кўтарган унинг фидойи, меҳнаткаш одамлари олдида таъзимда бўлиш керак, деган ғоя ўз ифодасини топган.

Бухоро ўзининг зоти шарифлари билан бутун дунёга танилган. Монументнинг белбоғ панорамасида шаҳар номини боқийликка муҳрлаган 17 нафар бухоролик азиз авлиёю анбиёлари, улуғ алломаю мутафаккирлари номлари зарҳал ҳарф¬ларда уч тилда битилган.

Бухоро қадимдан эзгулик, одамийлик шаҳри, дея улуғланиб келинган. Боиси, бу заминдан улуғ заковат соҳиблари ва буюк донишмандлар етишиб чиққан ҳамда уларнинг барчаси Бухоронинг илм-маърифатига ва маданиятига улкан ҳисса қўшишган.

Белбоғ панораманинг яна бир диққатга сазовор жиҳати, унда Бухоронинг етти иқлимга машҳур, маржон доналаридек ипга тизилган тарихий-меъморий ёдгорликлари бўртма тарзда акс этган.

"Очиқ осмон остидаги музей-шаҳар" қиёфасини акс эттирувчи бу обидалар барчани мўъжизавий шаҳарга чорлайди.

Монумент белбоғининг юқори қисмида ҳикматли сўзлар битилган. Яъни пиримиз Баҳоуддин Нақшбанднинг "Дил ба ёру даст ба кор" сўзлари ҳамда "Илм ўрганмоқ ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарздир" деган ҳадис уч тилда: ўзбек, араб ва инглиз тилларида ёзилган. Бу эзгу ғоялар ёшларни миллий истиқлол мафкурасида ҳамда бош ғоямиз бўлган эркин ва обод, озод ва фаровон ҳаёт барпо этишга ундайди.

Ҳайкалнинг энг тепасида баландлиги 5 метр, вазни 32 тоннадан иборат, айланиб турувчи Eр шари, унинг марказида эса мустақил Ўзбекистон Республикаси харитаси зарҳал рангларда тасвирланган. Бу дунё харитасида янги суверен давлат ташкил топганига ишорадир.

Монументдаги ҳар бир детал пурҳикмат фалсафий маъно-мазмунга эга. Бу обида минг йиллик тарихдан сўзлайди, унда олам-олам эзгу ғоялар яширин. У Бухоронинг тошга битилган достонидир.

Шавкат БОБОЖОНОВ, Бухоро давлат университети Тарих кафедраси ўқитувчиси.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.