Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 70 дан: 30.08.2017

Истиқлол ва Ҳаракатлар стратегияси

Бухоро шаҳрида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанадан репортаж

Суратларда: тадбирдан лав¬ҳалар. Сергей ПОЛЕТАЕВ олган суратлар.

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигини юксак кўтаринки руҳда кутиб олаётган халқимиз, жумладан вилоятимиз аҳли давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини мамлакатимизни янада демократлаштириш, аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётини фаровонлаштиришга қаратилган, улкан ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган, кенг қамровли тараққиёт ва янгиланиш модели сифатида қабул қилиб, уни рўёбга чиқариш йўлида астойдил ишламоқда, изланмоқда.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурининг ижроси, амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, бунёдкорлик ишлари, ислоҳотлар жараё¬ни билан танишиш мақсадида жорий йилнинг 10-11 март кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида билдирган фикр-мулоҳазалари, кўрсатмалари ҳудудларимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштиришга, саноат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, транспорт, қурилиш, хизмат кўрсатиш, туризм ва бошқа соҳаларни тараққий эттиришга хизмат қиляпти.

Ушбу ташрифдан сўнг Юртбошимиз кўрсатмалари асосида республика Вазирлар Маҳкамаси воҳамизнинг табиий хом¬ашё, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, ҳудудларнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари барқарорлигини таъминлаш, саноат, хизматлар кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини жадал ривожлантириш орқали туманлар бюджетларининг даромадлар базасини кенгайтириш, субвенция даражасини пасайтириш ҳамда аҳо¬лининг бандлиги, ҳудудларнинг муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий соҳа инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш мақсадида "2017-2018 йилларда Бухоро вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги 237-сонли қарорини қабул қилди. Ушбу қарор вилоятимизда мисли кўрилмаган тараққиёт, бунёдкорликлар, воҳа аҳлининг манфаатларини янада тўлароқ таъминлаш борасида улкан ишларга старт берди.

29 август куни оқшомида вилоятимиз маркази, шунингдек, воҳанинг барча ҳудудлари аҳли вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, бошқарув органлари раҳбарлари, ишлаб чиқариш илғорлари, меҳнат фахрийлари ва ёшлар она-диёримиз истиқлолининг 26 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида республикамиз Биринчи Президенти, мус¬тақиллигимиз меъмори Ислом ¬Каримов ғояси ва раҳнамолигида барпо этилган "Бухоро маданий маркази" мажмуидаги амфитеатрда жамулжам бўлдилар.

Соат 19.30 да мусиқий чорлов садолари янграб, қутлуғ санага бағишланган тантанали тадбир бошланганидан дарак беради. Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев тадбир иштирокчиларига қарата табрик сўзи билан мурожаат этади. У барчани энг улуғ, энг азиз айём билан қутлар экан, кўпгина соҳалардаги шижоатли меҳнатлари, маънавият ва маърифат тарғиботи, ёшларни миллий истиқлол мафкураси ва ўлмас қадриятлар руҳида тарбиялашга қўшган улкан ҳиссалари учун байрам арафасида республикамиз Президенти фармонларига асосан Ватанимизнинг юксак фахрий унвонлари, орден ва медалларига сазовор бўлган вилоятдошларимизни қизғин қутлади.

Вилоят раҳбари "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури доирасида воҳада саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигини тараққий эттириш, ижтимоий соҳа инфратузилмасини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш, олий ва ўрта умумий таълимни ривожлантириш, қишлоқ ва шаҳарларда намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойларни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича тўхталди. Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Бухорои шарифни йирик туристик марказга айлантириш, мавжуд йирик меҳмонхоналарни реконструкция қилиш, янги кўп юлдузли хусусий меҳмонхоналарни қуриш, сайёҳлик хизматлари кўрсатиш турларини кенгайтириш, вилоятдаги қутлуғ қадамжолар—Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақш¬банд, Етти пир меъморий мажмуаларини гўзал ва обод зиёратгоҳларга айлантириш ишлари ҳам бошлаб юборилди.

Пировардида вилоят ҳокими тадбир қатнашчиларини, улар тимсолида бутун воҳа аҳлини истиқлолимизнинг 26 йиллигига уйғун тарз¬да нишонланаётган Қурбон ҳайити билан қизғин табриклади, барчага янги меҳнат ютуқларини, оилавий бахт-саодат, юртимизга тинчлик-хотиржамлик ва тараққиёт тилади.

Майдон узра Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг тантанавор оҳанглари таралади.

Ўзбекистон халқ ҳофизи Соҳибжон Ниёзов куйлаган "Ватан" ҳамда бухоролик хушовоз хонандалар Мадина Идиева ва Хуршид Аҳроров ижросидаги "Мен нечун севаман Ўзбекистонни?" қўшиқлари Мустақиллик кунига бағишланган байрам концертининг ўзига хос муқаддимаси бўлди. Бухоро шаҳар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг "Истиқлол ғунчалари" деб номланган чиқишларида бахтли болалик гашти, юртимизда навқирон авлод вакилларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликлар тараннум этилди.

Китобга ошно қалб доимо эзгулик ва маърифатга талпиниб, бузғунчи ғоялар ва жаҳолатдан ўзини ҳимоя қила олади—Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг бир гуруҳ фаоллари ижросидаги "Болага китоб беринг" композициясида ана шу ғоя илгари сурилган. Бухоро шаҳар ҳарбий гарнизони офицер ва аскарлари "Ватан пос¬бонлари" деб номланган кўргазмали чиқишларида Ўзбе¬кистон ¬Қуролли Кучлари юртимиз¬даги тинчлик ва хотиржамликни, давлатимиз сарҳадлари ва суверенитетини ҳар қандай ҳарбий хуружлардан ҳимоя қилишга қодир қудратли армия эканини намойиш қилдилар. Байрам дастуридан ўрин олган "Ўзбегим спорти" ¬композициясида эса бухоролик ёшларнинг жаҳон ареналаридаги муваффақиятли чиқишларини нав¬қирон авлод вакиллари муносиб давом эттираётганлари, воҳада спортнинг олимпия турлари ривожланиб бораётгани ўғил-қизларнинг турли машқлари воситасида кўрсатилди.

Вилоятимиз хонандалари Бухоро шашмақомининг "Соқиномаи Ироқ" шўъбасини, "Ниҳол" мукофоти лауреати Маржона Қобулова, Нодир Ҳамидов, Хуршид Самадов, Рус¬там Ҳамидов ва бошқалар замонавий қўшиқларни маҳорат билан ижро этиб, дастурнинг мазмун-моҳиятини бойитган бўлсалар, "Бухоро гўзаллари", "Бухорча" ва "Бухоро мавжлари" ансамбллари раққосаларининг чиқишлари ўзига хос нафосат билан ажралиб турди. Пойтахтлик санъаткорлар —Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов, республикада хизмат кўрсатган артистлар Равшан Комилов, Райҳон Ғаниева, Улуғбек Раҳматуллаевлар ўзларининг юксак профессионал ижрочилик маҳоратлари билан бухоролик томошабинларни хурсанд этдилар. Байрам дастури финалида барча санъаткорлар ижросида "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" кўшиғи янграганда ложувард осмонда ранг-баранг мушаклар порлаб, қалбларга чексиз ҳайрат ва сурур бағишлади.

* * *

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган байрам тантаналари вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ана шундай кўтаринки руҳда ва сермазмун ўтди.

Абдужалил ХАЛИЛОВ, "Бухоронома" мухбири.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.