Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 66 дан: 16.08.2017

Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!

Байрамолди йўқламасида: Шофиркон тумани

__________________________________________________

Эртанинг порлоқ умиди

Шофиркон тумани вилоятимизнинг ажралмас бир бў¬лаги сифатида унинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маъ¬рифий ривожида муҳим ¬аҳа¬миятга эга. Бу кентнинг меҳнаткаш одамлари халқ хў¬жалигининг барча соҳаларида самарали фаолият кўрсатиб, жонажон юртимиз истиқлолини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Айниқса, мустақиллик йилларининг беқиёс шукуҳи ва таровати туман қиёфаси ва кишилар турмуш тарзини тубдан ўзгартириб юборди. Одамларнинг кундалик ҳаёти яратиш-яшнатиш, ободончилик ва фаровонлик сари дадил қадамлари залворли меҳнат зафарлари билан ўлчанмоқдаки, уларни кўриб кўзингиз, эшитиб дилингиз қувнайди. Туманда деҳқончилик анча тараққий топган. Шофиркон дала аҳли жорий йилнинг дастлабки ҳосили — пилладан 343 тонна, ғалладан 18642 тонна ҳосил олиб, мавсумни яхши натижалар билан бошладилар. Айни кунларда 512 та фермер хўжалигининг 10036 гектар пахта майдонида экилган ғўзаларга меҳр билан ишлов берилмоқда. Миришкорлар 406 гектарлик сабзавот, шунингдек, полиз ҳамда бошқа турдаги экинларнинг парвариши билан ҳам банд. Илғор ғаллачилик мактаби қарор топган туманда кейинги йилларда дон ўриб олинган майдонларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. "Азим-Шофиркон юлдузи", "Отабек-Д", "Беҳруз-Т", "Омад-юлдузлар шодаси" каби кўплаб фермер хўжаликлари аста-секин кўп¬тармоқли ва салмоқли ҳосил кўтарадиган хўжаликларга айланиб бораётир. Бу йил шофирконликлар 31340 тонна "оқ олтин" олишни режалаштиришган.

Барча юртдошларимизнинг ҳаётига бахт-саодат улашган мустақиллик бу воҳа кишилари ҳаётида ҳам ўзининг нурли изларини қолдирди. Қишлоқ ва кўчаларни, хиёбон ва гузарларни кезсангиз, кенг ва равон йўллар, чиройли ва мустаҳкам бинолар, истиқлол рамзига айланган намунавий турар жойлардан кўнглингиз равшан тортади. Шу пайтгача юзлаб янги намунавий уйлар барпо этилди. Йил охиригача кам таъминланган оилалар учун яна 1 та 2 қаватли 16 та хонадондан иборат уй қуриб битказилади.

Мустақилликнинг 26 йиллиги арафасида яна ўнлаб савдо ва маиший хизмат кўрсатадиган, ижтимоий аҳамиятга эга иншоотлар фойдаланишга топширилиши мўлжалланган.

Бугун туманнинг қайси қишлоқ ёки кўчасига борманг, яратиш ва яшнатиш илинжида меҳнат қилаётган меҳридарё инсонларни учратасиз. Уларнинг нигоҳларидан эртанинг порлоқ умиди, шижоат ва ишончини илғаш қийин эмас.

Эндиги йўл экспортга

"Шофиркон экваториал текс" масъулияти чекланган жамияти тумандаги энг йирик саноат корхонаси ҳисобланиб, айни кунларда бу ерда 150 нафардан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти тумандаги коллежларнинг битирувчиларидир. Умида Сатторова ҳам шундай ёшлардан бири. У ўтган йили Шофиркон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини битириб, шу кор¬хонада иш бошлаган эди. Умиданинг сабоқдошлари кўп¬чилиги коллеж ва корхона, шунингдек, ота-оналар ва ҳокимлик ўртасидаги келишув шартномасига мувофиқ доимий иш жойига эга бў¬лишди.

—Ўтган йили 40 нафар, бу йил эса 30 нафар шундай ёшларни ишга қабул қилдик. Негаки, улар замон ва бозор талабларига тезда мослаша оладилар. Ишларида унум юқори. Ишлаб чиқаришни кенгайтиришимизда шундай ёшларнинг улуши салмоқли бў¬лаётгани бу борадаги ишларни тўғри ташкил этга¬нимиздан дарак бериб ту¬рибди,—дейди корхона раҳбари Исомиддин Шомуродов.

50 турдан ортиқ эркаклар ва болалар либоси, шунингдек, махсус кийим-кечаклар тайёрланаётган МЧЖда ўтган йили 12 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўл¬са, жорий йилнинг ярим йиллигида 4 миллиард сўм¬лик ¬буюртмалар ўз эгасига етказилди. Йил охиригача бу кўр¬саткич 10 миллиард сўмга етказилиши мўлжалланган.

Ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, уларга қулай меҳнат шароитлари яратишга жиддий эътибор қаратилган. Туман марказидан унча узоқ бўлмаган Наққош қишлоғида жойлашган мазкур корхонага 4 та автобус орқали чекка ҳудудлардан қатнаб ишлаётганлар ўзларига яратилаётган шароитлардан хурсанд. Бу ерда ишчиларга бир маҳал иссиқ овқат, дам олиш шароитлари ташкил этилган. Мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлар уюштирилмоқда. Буларнинг бари тайёрланаётган маҳсулотларнинг сони ва сифати ошишига омил бўлаё¬тир. Илҳом Жўраев, Фаррух Расулов, Нурулло Жабборов, Зайнаб Ламаева, Мамлакат Тўраева, Сурайё Бозорова сингари илғорлар касбдошларига ўрнак бўлишяпти. Улар кунлик ва ойлик иш режаларини ортиғи билан уддаламоқдалар. Жамият конструктори Шерзод Латиповнинг айтишича, тез орада бир неча турдаги янги маҳсулотлар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилар экан.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, тайёрланаётган маҳсулотнинг барчаси ички бозорга чиқарилаётган бўлса, яқин йилларда уни экс¬порт қилиш чоралари кўрилмоқда. Негаки бу борада тажриба бор. Корхона бир неча йиллар илгари экспортчи сифатида ном қозонган эди. Демак, яқин орада "Шофиркон экваториал текс" масъулияти чекланган жамиятининг пишиқ ва пухта маҳсулотлари хориж бозорларини эгаллашига шуб¬ҳа йўқ.

Суратда: моҳир тикувчи Зебинисо Нуруллаева.

Кашталарда ҳаёт жилваси

Марҳабо эсини таниб-та¬нимай онаси Ҳамро опага эргашди. Онаси туман марказидаги 1-мактабда бош¬лан¬ғич синф ўқитувчиси эди. Оила¬даги 7 нафар фарзанднинг тўртинчиси бўлсада, ундаги ҳамма нарсага қизиқувчанлик ва ўзига хос инжиқлик ота-онасининг эътиборини тортди. Опа-акалари ҳам у билан ҳисоблашар, хуллас оиланинг эркатойи эди. Бола бошдан, дейишгани рост экан. Шундоққина уйлари олдида мактаб бўлишига қарамай онаси ишлайдиган мактабда ўқий бошлади. Мактаб ҳаёти унга аввалдан таниш эмасми, тезда синф¬дошлари билан дўстлашиб кетди. Дарсларни ҳам осон ўзлаштирар, тадбирлар эса унинг жону дили эди. Дарсдан сўнг онасининг иш куни тугашини кутиб, меҳнат фани ўқитувчиси Флора Зокированинг хонасига тиқилиб олар, чевар аёл тикаётган турли ки¬йим-кечакларни болаларга хос қизиқиш билан кузатар, уйга келиб ўзича нималарнидир тикишга уринарди. Эҳ¬тимол, унинг бугунги муваффақияти асоси ўша пайтларда қўйилгандир.

Бугун Марҳабо нафақат қайта тикланаётган Шофиркон каштачилик мактаби, балки қадимий Бухоронинг ўзига хос ҳунармандчилиги жонкуярларидан бири сифатида танилиб улгурди.

— Шундоқ кўз ўнгимда,—деб гап бошлайди Марҳабо Магдиева болалигини эслаб.— Нусха исмли онабувимнинг уйларидаги каш¬таларни соатлаб томоша қилардим. Пастаккина деворнинг очиқ жойи қолмай илдирилган паранжи, сўзана, ёстиққош, жойнамоз каби турли буюмлар менга худди эртаклардагидек манзараларни эслатарди. Хаёлан нақш¬лар ифодасини илғашга интилардим. Бугун қанчалик ҳаракат қилмай, ўзимни улардек мукаммал каштачилик намуналари ярата олмаётгандек ҳис қилавераман. Уларда аллақандай сеҳр ва жозиба бордай.

Мактабни аъло баҳоларда тугатиб, таҳсилни олий ўқув юртида давом эттиришга шайланган Марҳабо икки акаси ўқиётгани, оиланинг моддий таъминотини ўйлаб, орзусини кейинроққа сурди. Аммо ният холис эканки, бир эмас қўш олий маълумотли бўлди. Каштачилик сир-асрорларини қунт билан ўрганиб, маҳоратли каштачи сифатида донг таратди. Бугун унинг машаққатли меҳнати, юрак меҳри билан яратилган ноёб каштачилик ¬намуналари Америка Қўшма Штатлари, Англия, Германия, Япония каби ўндан ортиқ мамлакатлардаги давлат ва шахсий коллекцияларда сақланмоқда. Халқимизнинг бой тарихи, ибратли ҳаёти битмас-туганмас қадриятларини кўз-кўз қилаётир.

Туман марказидаги гилам тўқиш фабрикасида ишлаб юрган ҳунарманд қиз ¬тикувчиликни ҳам тезда ўзлаштирди. Табиатан тиниб-тинчимас эмасми, қизларга хос бошқа бир қатор ҳунарларни ҳам усталик билан ўрганди.

Тошкент педагогика техникумига айнан ҳунари ортидан имтиҳонсиз қабул қилинди. Қизнинг ишларини кўрган қабул комиссияси аъзолари бир овоздан унга аъло баҳо қўйишди. Кейинчалик шу даргоҳдаги устози Муаттар Ас¬қарованинг амалий кўмаги билан юртимизнинг таниқли санъат намояндалари—Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, миниатюрачи рассом Хуршид Назиров, халқ рассомлари Турсунали Қў¬зиев, Ба¬ҳодир Жалолов ва ¬Акмал ¬Нуриддиновлар билан танишиб, уларнинг бой тажриба ва маслаҳатларидан баҳраманд бўл¬ди. Бу ришталар устоз-шогирдлик мақомида ҳамон бардавом.

Унинг ўз устида тинимсиз ишлашини кўрган устозлари тавсияси билан 2009 йилда Мар¬ҳабо Магдиева Ўзбекистон Бадиий академияси аъзолигига қабул қилинди. Шу йилнинг баҳорида Темурийлар тарихи давлат музейида каштадўзнинг "Кашталарда юртим жилоси" деб номланган шахсий кўргазмаси намойиш этилди. Изланувчан каштадўз орадан икки йил ўтиб, пойтахтимиздаги нуфузли халқаро Маданият карвонсаройида яна ўз кўргазмасини мухлисларга ҳавола этди. Ушбу кўргазмада иштирок этиб, ундан катта таассурот олган АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси ходими Ричард Норлан Марҳабони океан ортига таклиф этди. Хорижлик меҳмон каштадўзнинг "Ҳаёт" номли ишига катта қизиқиш билдириб, ундан нусхасини олишни сўради.

—Тарихи жуда қадим-қа¬димларга бориб тақаладиган Шофиркон каштачилик мактабининг бошқа мактаблардан фарқини ёрқин рангларнинг кўпроқ берилишида ва нақш элементларининг аниқ, бир-бирига аралашиб кетмаганлигида кўришимиз мумкин. Мен устозларим кўмаги ва маслаҳатига кўра каштадўзликни миниатюра билан уйғунлаштиришга ҳаракат қил¬япман. Бундай турдаги даст¬лабки ишларим ҳам тайёр бўлди. Афсуски, бу асарларимни отам Эркин Магдиев кўролмадилар,—дейди қаҳ¬рамонимиз.

Моҳир каштадўз, миллий қадриятларимизнинг жонкуяр тарғиботчиси М. Магдие¬ва айни кунларда Шофиркон маи¬ший хизмат коллежи ҳамда 9-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ўз ҳунарини ёшларга қунт билан ўргатмоқда. 150 нафардан ортиқ шогирди бор. Уларнинг бир қисми аллақачон устозлари сингари ўзининг мустақил ишларини бошлаб юборишган. Ўз иши ва касбидан бахт топган қаҳрамонимиз барча ютуқларининг асосида истиқлол берган имконият ётганлигини мамнуният билан таъкидлашдан чарчамайди.

Кичик корхонанинг катта мақсадлари

Искогарелик Ҳайдар Латиповнинг асли касби қурувчи. Узоқ йиллар туман ва вилоят миқёсидаги турли қурилиш ташкилотларида иш бошқарувчи, муҳандис ва бошқа вазифаларда ишлади. Соҳанинг машаққатли меҳнатию унинг роҳати таъмини тотганлардан. Тажрибаси катта. Қурилишда кўзи қотган. Шу сабаб унинг сир-асрорини яхши билади.

Мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳитидан унумли фойдаланиш, қолаверса ўзининг бой тажрибасини ишга солиб, шахсий маблағи ҳисобига "Феруз Фирдавс Файз" номли масъулияти чекланган жамиятни ташкил этди. Гарчи корхона шу йил май ойидан иш бошлаган бўлсада, у ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот—цементли шлакаблоклар анча харидоргир. Хомашё маҳаллий материаллардан олинади. Қум ва майдаланган шағал заҳираси туманимизда етарли.

—Ҳозирча ҳар куни 1200 донадан ортиқ 1 миллион 700 минг сўмлик шундай қурилиш материаллари тайёрланиб, пешма-пеш аҳолига ва турли қурилиш ташкилотларига етказиб берилмоқда,—дейди тадбиркор Ҳайдар Латипов.—Муста¬қиллик байрамигача узумзорлар учун жуда зарур бўлган цемент тўсинлар ишлаб чиқара бошлаймиз. Уларга ҳозирданоқ буюртмалар кўпайиб бормоқда. Мақсадимиз масъулияти чекланган жамиятни аста-секинлик билан бир неча турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган катта корхонага айлантиришдир.

Искогарелик меҳнат фахрийси Рафиқ Маъмуровнинг мамнуният билан айтишича, бундай маҳсулотлар аҳоли учун қулай ва арзон. Саховатли тадбиркорнинг қишлоқдошларига маҳсулотларни арзонлаштирилган нархларда бераётгани эса унинг ҳимматидан дарак. Айни пайтда бу ерда 4 нафар қишлоқ ёшлари доимий иш билан банд. Яқин орада уларнинг сафи яна 3-4 тага кўпайиши кутилмоқда.

Гарчи корхона жамоаси кичик, аъзолари сони камроқ бўлсада, катта мақсадларни мўлжаллаб иш бошлаган. Қурилиш ҳажми кун сайин кенгайиб бораётгани ва "Феруз Фирдавс Файз" да тайёрланаётган маҳсулотнинг аҳоли учун ҳамёнбоплиги ҳамда юқори сифатлилиги корхонанинг изчил ривожланаётганидан далолатдир.

Ишончни албатта оқлайман

,—дейди бадиий гимнастика бўйича беш карра Ўзбекистон чемпиони Сарвиноз Остонова

Сарвинознинг спорт устаси бўлганлиги ҳақидаги хушхабар туманга дарров тарқалди. Субҳон аканинг хонадони бир зумда қариндош ва қишлоқдошлар билан тўлиб кетди. Ҳамма хурсанд. Айниқса онаси Юлдуз опа ўзини қўярга жой топмас, зумда қизига телефон қилиб тезроқ келишга ундарди. Қизининг кўпдан-кўп ютуқларини —чемпионликка эришган дамларини кўрди. Гилам узра нафис машқларни усталик билан бажариб, мухлислари олқишлари остида қолганда ҳам бунчалик қувонмаган эди. Югуриб-елиб меҳмонларга чой ташир, дастурхон тузар, табрикларни қабул қилар, аммо ўй-хаёли бошқа ёқда — қизи қачон келаркану бағрига босиб тўйиб-тўйиб қучаркан...

Сарвиноз жуда ёшлигидан бадиий гимнастика билан шуғулланди. Ундаги тиришқоқлик ва истеъдодни эртароқ сезган тажрибали мураббий Гулбаҳор Юнусова шогирдининг ёши улғайгани сайин уни алоҳида машғулотларга тортди. Эътибор билан қилинган меҳнат тез орада ўз натижасини бера бошлади. Аввал ёшлар ўртасида ўтказилган туман, кейин вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда совриндор бўлди. Тез орада таниқли мутахассислар назарига тушди. Вилоят терма жамоасига таклиф этилди. Биласиз, терма жамоаларда ҳамиша рақобат кучли бўлади. Бу спортчидан тинимсиз машғулот ва ўз устида ишлашни тақозо этади. Сарвинозда эса бу борада имконият етарли. Интилиш ва чидам билан мақсад сари ҳаракат қилишдан қочмади.

Тумандаги 2-мактабнинг 5-синфида ўқиб юрган кезлари юрагига тушган ўт 9-синфни тугатиб, М. Ашрафий номидаги Бухоро санъат коллежида янада қўр олди. Таниқли мураббий Римма Хохлова қўл остида тажрибасини оширди. Кўплаб республика ва халқаро миқёсдаги нуфузли турнирларда иштирок этди.

— Сарвиноз иштирок этган мусобақаларнинг 36 тасида шоҳсупадан ўрин олганлигининг ўзиёқ бу спортчининг ёрқин келажагидан далолат бериб турибди. Мукофотларнинг 21 таси олтин медалдир. У беш карра мамлакат чемпиони, икки бор халқаро турнир ғолиби. Ўз олдига катта мақсад қўя оладиган ва унга астойдил интиладиган спортчидан умидларимиз катта,—дейди ишонч билан жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси туман бў¬лими мутахассиси Баҳодир Неъматов.

Спортнинг нафис ва жозибали тури—бадиий гимнастиканинг республикамиздаги кўзга кўринган вакилларидан бири бўлиб танилган Сарвиноз Остонова Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида режалаштирилаётган бир қатор мусобақаларга жиддий тайёрланмоқда. Шу билан бирга яқиндагина олган спорт усталиги берган имтиёз боис Бухоро давлат университетининг жисмоний тарбия факультетида таҳсилни давом эттириб, назарий билимларини мустаҳкамлаш ния¬тида.

Янги хизмат биноси

Тўйга тўёна билан келиш халқимизга хос одат. Шонли истиқлолнинг қутлуғ тўйи арафасида Шофиркон туман ички ишлар бўлимига қарашли 11-сонли ички ишлар бўлинмасининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Туман умумий ҳудудининг қарийб ярми, аҳолининг учдан бир қисми — 65000 кишининг хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши ўз вақтида кескин чоралар кўришда бир қатор қулайликлар яратиш кўзда тутилган маскан осойишталик посбонларига туҳфа этилди.

—Зарур ҳолатларда туман марказидаги ички ишлар бўлимига бориш ёки у ердан ҳуқуқ-тартибот ходимларининг бу ерга етиб келиши анча қи¬йинчилик туғдирарди. Эндиликда ҳудудда осойишталикни таъминлаш, аҳолининг бевосита ички ишлар ходимлари билан алоқасини мустаҳкамлашда қулай имконият яратилди, — дейди "Ғуломте" маҳалла фуқаролар йиғини раиси И. Шомуродов.

Ҳудуд қўшни Навоий вилояти, Пешкў ва Вобкент туманлари билан чегарадош бўлган 17 та маҳалла фуқаролар йиғини, 80 га яқин қишлоқдан иборат. Туманнинг бу қисми юзлаб километр чўл ҳудудига туташиб кетишини инобатга оладиган бўлсак, бўлинманинг ишга туширилиши муҳим аҳамиятга эга. Янги бинода барча зарурий жиҳоз ва алоқа воситаларига эга бўлган профилактика инс¬пектори ва тезкор жиноят-қидирув ходими, шунингдек, паспорт столи, маънавият ва маърифат, она ва бола хоналари мавжуд. Ходимларнинг дам олишлари ва ўз устида ишлашлари учун ҳам барча шароитлар ҳозирланган. Ходимларнинг бўлим ва аҳоли билан алоқасини самарали йўлга қўйиш учун барча имкониятлар яратилган. Мазкур бинони таъмирлаш ва қайта жиҳозлашда саховатпеша тадбиркор ҳамда фермерларнинг хизмати катта.

Бинонинг очилиш маросимида сўз олган туман ҳокими Ф. Турсунов, туман ИИБ бошлиғи А. Фозилов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Н. Ходжаев, "Талисангобод" фермер хўжалиги раҳбари И. Пиров, меҳнат фахрийлари Ф.Фаттоев ва Б. Солиевлар бўлинманинг ташкил этилиб, янги бинода иш бошлаши мамлакатимизда ички ишлар тизимини фаоллаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси эканлигини қайд этдилар.

Бўлинма бошлиғи Н. Шомуродовнинг маълумот беришича, бўлинма таркибида 11 нафар ҳудудий профилактика инспектори фаолият юритиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг касбий тайёргарлиги ва хизмат сифатини ошириш учун етарли шароит бор. Қувонарлиси эса, шу куннинг ўзида ушбу бино яқинида профилактика инспектори уй-жойи қурилиши бошлаб юборилди.

Ушбу саҳифа "Бухоронома" мухбири Алишер ОБИДОВ томонидан тайёрланди.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.