Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 66 дан: 16.08.2017

Бухорои шарифнинг етти пирларидан бири

Хожа Али Ромитаний

Халқимиз азал-азалдан хожагон-нақшбандия тариқати пир-муршидлари—азиз авлиёларга эътиқод ва эҳтиром кўрсатиб келади. Улар дониш ва ҳикмат, ирфон ва заковат юлдузларидирларким, замонлар ва давронлар пардаси орқасидан бизларга нур-зиё тарқатиб турибдилар.

Хожа Али Ромитаний ана шундай тоифага мансуб мутафаккир орифлардан, валиюллоҳлардан. Мусулмон оламида Хожаи Азизон номи билан машҳур бу зоти шариф Ромитан туманининг Қўрғон қишлоғида туғилганлар. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Али Сафий, Муҳаммад Боқирнинг асарларида Хожа Али Ромитанийнинг ҳаётлари, кароматлари, ҳикматлари келтирилган. Хожа Али Ромитаний нуроний юзли, ўрта бўйли, барча аъзолари бир-бирига муносиб, хушсурат киши бўлганлар. У кишининг зоҳирий ва ботиний илмда камол топган Хожа Муҳаммад ва Хожа Иброҳим номли ўғиллари бўлган.

Манбаларда келтирилишича, Хожа Али Ромитаний Хизр а.с.дан: "Шу асру айёмда пир деб кимнинг этагини тутса бўлади?", деб сўрайдилар. Хизр а.с.: "Шу асру айёмнинг пири муршиди Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий бўладилар", деб жавоб берадилар. Хизр а.с. тавсия¬лари билан Хожа Али Ромитаний Маҳмуд Анжир Фағнавийга мурид тушиб, у кишидан тариқат сабоғини оладилар. Маҳмуд Анжир Фағнавий вафотлари яқинлашганда халифалик (ўринбосарлик) амрини Ҳазрат Азизонга ҳавола этадилар. Тариқатда камолга етишган Хожа Али Ромитанийга Хоразмга бориш ва у ерда тасаввуф ғояларини тарқатишга ишорат бўлади. У зотнинг муборак қадамлари Хоразм ерини раҳмоний нурга тўлдирди. У кишининг қўл остида юзлаб одамлар тарбияланиб, ислом маърифатидан, илоҳий ирфондан баҳраманд бўлдилар. Муридлари орасидан Хожа Муҳаммад Кулоҳдўз, Хожа Муҳаммад Ҳаллож, Хожа Муҳаммад Бовардий, Хожа Муҳаммад Самосий сингари мусулмон оламига номи кетган валий инсонлар етишиб чиқдилар.

Хожа Али Ромитанийнинг "Рисолаи Азизон" номли китоби ва рубоийларида илоҳий ҳикматлар, комил инсон ахлоқ-одоби қоидалари ўз ифодасини топган.

Хожаи Азизон соҳиб каромат, мақомотлари олий орифлардан эдилар. Шайх Рукнуддин Хожа Али Ромитанийдан: "Сиз ва биз келгувчи ва кетгувчига хизмат қиламиз ва сиз таомда такаллуф(зиқналик) этмассиз ва биз такаллуф этурмиз ва одамлар сиздан озодлик(шодлик) этарлар ва биздан гилада турурлар. Сабаб не турур?", деб сўрайдилар. Ҳазрат Азизон жавобда айтадилар: "Хизмат этиб миннат қилувчилар кўпдир ва хизмат эта туриб миннатдор бўлгувчилар кам турурлар. Жаҳд қилинг-ким, хизмат эта туриб, миннатдор бўлувчидан бўлинг, то ҳар киши сиздан гилада бўлмасин".

Муҳаммад Хоразмий Арзангий Хожа Али Ромитанийнинг "Рисолаи Азизон" асарига шарҳ ёзган. Унда Хожа Али Ромитанийнинг қуйидаги кароматлари нақл қилинади: "Хожа Али Ромитаний кечки пайт мато сотиладиган бозорга бориб, сотилмай қолиб кетган ипакларни харид қилар эканлар. Ўзлари тун бўйи уйнинг бир бурчагида тоат-ибодат билан машғул бўлар, олиб келган ипаклар эса ўз-ўзидан тўқилиб, мато ҳолига келар, бу ишни ғайб эранлари бажарар эканлар. Хожа бу матоларни сотиб, фойдасини ғариб, етим-есир, толиби илм, дарвешларга берарканлар.

Хожаи Азизон дейдилар: "Агар ер юзида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг фарзандларидан бири бўлганда эди, Мансур ҳаргиз дор остига бормас эрди". Бунда хожагон-нақшбандия таълимотининг комил инсон тарбиясидаги аҳамияти ўз ифодасини топган. Яъни Мансури Ҳаллож яшаган вақтларида агар Абдулхолиқ Ғиждувоний шогирдларидан бири бўлсайди, Мансурни тарбиялаб, ул хатарли мақомдан эсон-омон олиб ўтарди ва у дорга осилмасди.

Хожа Али Ромитаний ўз даврида инсонларни илму маърифатга, сахийликка, одамийлик, адолат ва меҳр-муҳаббатга чақирганлар, ҳалол меҳнат қилиб, пок луқма истеъмол қилиш, бировларга юк бўлмаслик, етим-есирларнинг бошини силашни ташвиқ қилганлар. Халқимиз у зоти шарифнинг хоки покларини зиёрат этиб, руҳий-маънавий ибрат олади. Мутасаввиф Юнус Эмро сўзи билан айтганда, орифларнинг асли сувдан, улар маърифат аҳлидандирлар. Сувнинг ўзи тоза ва пок, ҳам покловчидир. Орифлар ҳам сув каби покиза ва покловчидирлар. Улар ҳам ўзларини поклайдилар, ҳам бошқаларни. Мана шундай фазилат соҳиби Хожа Али Ромитанийнинг ҳаёти, ҳикматлари ва эзгу амаллари бугунги кунда биз учун маънавий покловчи сабоқ ва ибратдир.

Хожа Али Ромитаний 130 йил умр кўриб, 1310 (баъзи манбаларда 1321) йилда Кўҳна Урганчда вафот этадилар. Қабрлари Кўҳна Урганчда табаррук зиёратгоҳ. Туғилган жойлари—Қўрғон қишлоғида рамзий қабрлари бор. Истиқлол йилларида бу жой обод зиёратгоҳга айлантирилди. У ерда янги мақбара, масжид, меҳмонхона, ҳовуз бунёд этилди. Юртбошимиз Ш.Мирзиёев кўрсатмалари билан бу зиёратгоҳда айни кунларда қайта ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Самад АЗИМОВ, филология фанлари номзоди. Улуғбек АЗИМОВ, БухДУ қошидаги 4-сон академик лицей ўқитувчиси.

Авлиё ҳақида икки ҳикоят

Хожа Али Ромитанийнинг ўғли Хожа Иброҳим отасидан сўради:

—Мансур Ҳаллож "Анал—ҳақ (Мен—ҳақман)", деди, уни қатл этдилар, Боязид Бастомий "Хир¬қам ичида Аллоҳдан бошқа ҳеч нарса йўқ", деди, унга ҳеч нима демадилар, бунинг ҳикмати нимада?

Хожа Али Ромитаний ҳазратлари жавоб бердилар:

—Мансур "мен"ликни илгари сурди ва сўзини "мен" дея бошлади, шу боис мусибатга йўлиқди. Боязид эса йўқлик—ҳечликни илгари сурди, сўзни "йўқ" билан бошлади, омон қолди.

* * *

Хожа Али Ромитанийнинг мажлисида олимлардан бири уни мақтаб:

—Сиз мағизсиз, биз эса пўстлоқ,—деди.

Шунда Хожа Али Ромитаний ҳазратлари ҳозиржавоблик қилдилар:

—Мағиз пўстлоқнинг ҳи¬моя¬сидадир.

У зотнинг бу сўзини изоҳлаган Муҳаммад Арзангий ёнғоқ пўстлоғининг шариатга, мағзининг эса тариқатга ўхшашини, пўстлоқсиз мағиз чириб кетишини баён этади. Яъни, мағиз пўстлоққа муҳтож бўлганидек, тариқат аҳли шариат олимларига муҳтождир.

Хожа Азизон ҳикматларидан

Банда Ҳаққа ошиқ бўлса, Хизр алайҳиссалом у бандага ошиқ бўлади, унга ёрдам қилади.

* * *

Инсон доимо хайрли ишлар қилиши, лекин "қилмадим" деб ҳисоблаши керак.

* * *

Икки нарсага эҳтиёт бўлинг: овқатланаётганда ва сўзлашаётганда.

* * *

Биродарнинг ҳақига бегуноҳ тил билан дуо қил, рад бўлмайди. Яъни сенинг тилинг унинг ҳақига гуноҳ қилмаган бўлади... Биродарнинг биродарга дуоси шу тарзда бўлиши керак.

* * *

Толиблар бирор Ҳақ дўстининг кўнглидан жой олиш орқали камол топадилар. Маънавий камолотга эри

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.