Рукнлар
Иқтисодиёт
Ижтимоий ҳаёт
Деҳқон ва замин
Маънавият ва марифат
Аёл ва жамият
Экология
Ёшлар олами
Адабиёт ва санъат
Фан ва техника
Тиббиёт
Бухоро ва жаҳон
Оила даврасида
Инсон ва конун
Спорт хабарлари
Фонд лойиҳаси
Реклама
Об-ҳаво
Ҳамкорлар



№ 61 дан: 29.07.2017

Бухорои шариф етти пирларидан бири

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий

Биринчи суратда: Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий мақбараси. Иккинчи суратда эса қадамжодаги жоме масжиди тасвирланган. Бу зиёратгоҳдаги бунёдкорлик ишлари истеъдодли меъмор Маҳмуд Ахмедов ло¬йиҳаси асосида амалга оширилган.

Туғилиши: Вобкент тумани, Анжирфағнавий қишлоғи

Вафоти: (Анжирфағнавий, ҳозирги Анжирбоғ), ҳижрий 685/милодий 1286 йил.

Шамоили: Ўрта бўйли, оқ танли, бурни чиройли, кенг оғизли, қора соқолли, кўркам юзли эди. Бошига оқ салла ўрар, кароматлари жуда кўп бўлган.

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳазратлари Бухородан уч фарсах масофа нарида бўлган Фағна қишлоғида туғилди. Муборак насли асли саййидлардан бўлиб, у зот кун кечириш учун дурадгорлик ва тижорат билан шуғулланар эдилар. Вояга етгач, Хожа Ориф Ревгарий ҳазратларига хизмат қилиб, энг комил муридларидан ва энг улуғ халифаларидан бўлган. Ҳазратнинг хилват, тариқат ва ҳақиқатда сирдоши эди. Яъни, муриди мутлақ эди.

Муриди мутлақ нима?

Бир ориф муршид тариқатда муридларни уч тоифага ажратганлар:

1. Муриди мутлақ. Бу шайх¬нинг тарбиясига бутунлай боғланган, яхши ниятли, тоза қалбли, ғайратли, ҳа¬қиқий муриддирки, ихлоси ва қобилияти даражасида тараққий этади ҳамда мақсадга эришади.

2. Муриди мажозий. Бу ҳақиқатда ўз ақлигагина ишонган ва ўз нафсининг орқасидан кетган, фақат зоҳирда шайхга тобе бўлиб кўринган кишидир: иши фақат қуруқ гaп бўлганлиги учун "қол (сўз) дарвеш" ёки мақсади фақат ейиш, ичиш ва манфаат бўлганлигидан "мол дарвеш" деб ҳам номланади, йиллаб ҳужрада кутади, аммо тବриқатда олдинга сил¬жи¬майди, жойида депсиниб тураверади, бинобарин, бу кетиши билан янада кўпроқ зиён ва хусронга учрайди.

3. Муриди муртад. Бу бетайин дарвеш деганидир. Бошида келиб муршидга боғланади, аммо кейинчалик устозидан унга маъқул бўлмаган бирор муносабат кўриши ёки жонига хуш келмаган бир сўз эшитиши билан ёки унга оғир бир топшириқ ё ҳикматини тушуна олмаган бир амр юклатилганда саботсизлик ва вафосизлик қилиб, ҳатто ҳар хил гапларни гапириб, сурбетлик ва беодоблик билан қайтиб кетади. Бундай дарвеш учун бутун маънавият эшиклари ёпилади. Қаерга борса ҳам даргоҳи илоҳийга йўл топа олмайди. Устозни севмай туриб, табиий, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ҳатто севиш зарурийдир, шарт ҳамдир. Менинг устозим бор, бошқа устоз йўқ, деб айтишнинг лузуми йўқ. Бу ҳолатга ҳам, одобга ҳам муносиб эмасдир. Аллоҳ ҳеч бир жойни файзсиз ташлаб қўймаган. Ҳар ерда халқ¬ни иршод этувчи, Аллоҳнинг севгили бандалари, ¬Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг хизматларини давом эттираётган инсонларнинг бўлиши та¬биийдир.

Хожа Маҳмуд ҳазратлари инсоннинг камолотини тасаввуф ва тариқат таълимотида кўрди. Зеро, тасаввуф нафснинг барча истак ва орзуларини тарк этишдан иборат йўлдир. Бу ҳақда Маъруф Кархий ҳазратла¬ри айтадиларки: "Тасаввуф шундайки, бу инсонлар ўз ҳаётларида илм ва фазилатдан бошқа ҳеч нарса топишга интилмайдилар". Абу Сулаймон Дороний айтишича: "Тасаввуф шундай нарсаки, ҳар бир солик ўз феъл-атворида Ҳақдан бошқа нарсани ўйламаслиги, доимо Ҳақни дейишлиги керак". Суфён Саврий ҳазратлари эса тасаввуфни гўзал бир ахлоқ, деб таърифлайди. Абу Амр Исмоил ибн Нужайд тасаввуфни таърифлаб, у ҳар бир ҳолатда ҳам сабр қилишдир, деган. Абу Ҳафс Найсабурий фикрича эса тасаввуф бутунлай одобдур.

Нима бўлганда ҳам Хожа Маҳмуд ҳазратлари ўз даврида тасаввуф ва тариқат илмини кенг ёйган буюк зотлардан бири эди. У якка шахс учун зикри хафийни, жамоат учун зикри жаҳрийни афзал кўрарди. Вобканий (Вобкент) жоме масжидида кўп йиллар халқни иршод қилиш билан машғул бўлди. Хожагон тариқатида жаҳрий зикрни бошлаган зотлардан эди. Замонасининг буюк олимларидан Ҳафизуддин ҳазратлари бир куни Хожа Маҳмуддан сўрайди: "Тариқатингиз зикри хафийга асосланган бўлсада, зикри жаҳ¬¬рия қилишингизнинг сабаби ни¬ма?"¬ Хожа Маҳмуд ҳазратлари: "Ғофилларнинг уйғонишлари, Аллоҳнинг амрини тутишлари ва зикрга рағбат кўрсатишлари учундир. Шу тариқа улар ҳақ йўлига кирадилар, ихлос билан тавба ва интисоб қиладилар, ҳақиқатга эришадилар. Зеро, зикр бутун хайрларнинг ва саодатларнинг боши, шунинг учун зикр очиқ бўлиши, халқ эшитиши ва келиши керак",—деб буюрдилар. Ҳафизуддиннинг: "Тил билан қилинган зикрда ҳақиқий билан сохтасини қандай ажратиш мумкин?" — деган саволига Хожа Маҳмуд: "Жаҳрий зикрни дилни ёлғондан, ғийбатдан, ҳаром луқмадан, қалбни шубҳадан, кўзни хиёнатдан ва ҳаром нарсаларга боқишдан, кўнгилни риё ва манманликдан, ботинни мосиводан тозалаганлар бажара ¬оладилар" — дея жавоб берадилар.

Ҳақиқатдан ҳам Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳазратларидан Саййид Амир Кулол ҳазратларига қадар ўтган хожагон улуғлари баъзан жаҳрия, баъзида хуфя зикр қилганлар. Бироқ жуда кўп ҳолларда жаҳрий зикрни ихтиёр этар эдилар. Ўрни келганда шуни айтиш керакки, Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг талқинлари ва маънавий тавсияларига биноан -Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Саййид Амир Кулолга мурид бўладилар ва хуфя зикрни танлайдилар.

Фағнавий ҳазратларининг фикрича, ошкора ёки хуфя зикр¬дан мақсад бир бўлиб, ҳикмат, маслаҳат ва ҳолат зарурати ҳар икки нав зикрда ҳам мавжуддир. Бироқ сайру сулук махфий зикрга асосланган.

Фахриддин Али Сафийнинг "Рашаҳот айн ул-ҳаёт", Бадриддин Сарҳиндийнинг "Ҳазарот ул-қудс", Муҳам¬мад Толибнинг "Матлаб ут-толибин", Маждуддин Бадахшонийнинг "Жомиъ ус-салосил" асарларида Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийнинг катта бир оқ қуш шаклига кириб учганлиги ва халифаси Али Ромитаний билан суҳбатлашганлиги зикр этилади.

Тариқат муҳитида "Ғибтафармойи сурайё" сифати билан тилга олиниб келган Хожа Маҳмуд ҳазратлари ўзларидан кейин Ҳусайн Амир Хурд Вобканий (вафоти ҳижрий 719/милодий 1319 йил) ва Хожа Али Ромита¬ний ҳазратларига шайхлик ижозати, иршод берганлар. Сарҳалқа силсилани Хожа Али Ромитаний давом эттирдилар.

Сайфидин САЙФУЛЛОҲ.

:: орқага


Нашр ҳақида
Обуна
Мулоқот
Архив






  Copyright © 2007 — 2017 Бухоронома  
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва ахборот агентликлариниқўллаб-қувватлаш  
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди. Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди.